октябр 06, 2016 15:10 Asia/Tashkent

701қисм."Қасас" муборак сурасининг 76-78-ояти карималари тафсири

Суҳбатимиз ибтидосида  “Қасас” муборак сураси  76-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

«إِنَّ قَارُونَ کَانَ مِن قَوْمِ مُوسَى فَبَغَى عَلَیْهِمْ وَآتَیْنَاهُ مِنَ الْکُنُوزِ مَا إِنَّ مَفَاتِحَهُ لَتَنُوءُ بِالْعُصْبَةِ أُولِی الْقُوَّةِ إِذْ قَالَ لَهُ قَوْمُهُ لَا تَفْرَحْ إِنَّ اللَّـهَ لَا یُحِبُّ الْفَرِحِینَ»

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Албатта, Қорун Мусо қавмидан бўлиб, уларга такаббурлик қилди. Биз унга калитлари бир гуруҳ қувватлиларга ҳам оғирлик қиладиган хазиналарни берган эдик. Ўшанда қавми унга: «Ҳовлиқма, албатта, Аллоҳ ҳовлиққанларни суймас. (Демак, Қорун Мусо алайҳиссаломнинг, яъни, Бани Исроил қавмидан бўлиб, қавмига такаббурлик қилган. Қорун катта бойликка учиб, қавмига такаббурлик қилди. Молу мулки шу даражада кўп эдики, хазиналарининг калитларини кўтариш бир тўда кучли одамларга ҳам оғирлик қилар эди. Ўша вақтда шунчалик молга эгалик уни ҳовлиқтириб юборади. Шу сабабли, ўз қавмига такаббурлик қилади.) (76) 

Бу муборак суранинг айрим оятларида ҳазрат Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн можароларига ишора қилинган эди. Бу ояти карималарда эса ҳазрат Мусо замонида яшаган сарватманд кишилардан бири Қоруннинг саргузаштига ишора қилинади. Тарихий китобларда келтирилишича Қорун ҳазрат Мусонинг яқинларидан бӯлиб, дастлаб унга иймон келтирган эди. Кейинчалик мол-дунёси кӯплиги сабабли кибр-ғурурга берилиб, ҳазрат Мусога қарши чиқди.

Фиръавн халойиққа жабр-зулмни раво кӯриб, Ҳақ ва ҳақиқатни тан олмайдиган туғёнкор қудратлар тимсолидир. Қорун   одамларга менсимаслик, кибр-ғурур ҳисси билан боқиб, Ҳақ таълимотига бӯйин сунмайдиган бой-бадавлат кишиларнинг тимсолидир. Сомиро эса одамларни ҳақ йӯлдан чалғитиб, ширк ва гумроҳлик сари етаклайдиган ҳунармандлар тимсолидир.

Ояти кариманинг давомида Қорун саркашлигининг илдизи унинг ғурур, ғафлат ва такаббурлиги эканлиги айтилади.  Бойлиги қанчалик ошса, у Худо ва унинг халқидан шунчалик узоқлашиб, ғафлатга шӯнғиб кетаверади. Ваҳоланки, мол-дунё халққа хизмат қилиш ва жамият иқтисодий ғилдиракларининг айланиши йӯлида сарфланиши керак.

Бу ояти карима бизга қуйидагиларни таълим беради:

  1. Бойликка эга бӯлиш ва уни янада кӯпайтиришга ҳаракат қилишнинг ёмон жойи йӯқ.Аммомол-дунёга мағрур бӯлиб, Аллоҳ, пайғамбар ва халқни менсимасликпасткашликдир.
  2. Мастлик фақат шароб истеъмол қилиш натижаси эмас, балки айрим енгилтак одамлар кӯплабпул ва бойликка эга бӯлгач, шунчалик маст ва мағрур бӯлишадиким, ҳеч кимни менсимай қолишади. Бундай одамлар қудрат, пул ва моллари воситасида бошқаларнинг ҳуқуқларини поймол қилиб, бу ғайриинсоний қилмишларидан роҳатланадилар.

Энди “Қасас” муборак сураси  77-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

«وَابْتَغِ فِیمَا آتَاکَ اللَّـهُ الدَّارَ الْآخِرَةَ وَلَا تَنسَ نَصِیبَکَ مِنَ الدُّنْیَا وَأَحْسِن کَمَا أَحْسَنَ اللَّـهُ إِلَیْکَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِی الْأَرْضِ إِنَّ اللَّـهَ لَا یُحِبُّ الْمُفْسِدِینَ»

Бу ояти  карима  қуйидагича таржима қилинган:

Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас», дедилар. (Аллоҳ таоло берган молу дунёга қандай муносабатда бўлиш кераклиги ушбу ояти каримада ўз аксини топган. Мусулмон банда қўлига молу дунё тушганда ўзини худди шу оятга мос тутмоғи лозим. Мусулмон одам, аввало, Аллоҳ берган молу дунё билан охиратни излашга интилади. Яъни, молу мулкини шариатда кўрсатилган, охиратда фойда берадиган жойларга сарфлайди. Ҳаром-хариш, гуноҳ, фисқу фужур ва беҳуда ишларга сарф этмайди. Чунки беҳуда ишларга сарфланган молу дунё бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фойда бермайди. Аксинча, икки дунёда ҳам зиён келтиради. Лекин мусулмон одам охиратни ўйлаб, бу дунёсини тарк қилиб-унутиб ҳам юбормайди.)(77)

 

Бундан олдинги ояти каримада ҳазрат Мусонинг издошларидан заковат аҳли бӯлган бир гуруҳ одамлар  Қорунга мол-дунёнгга мағрурланиб, ӯзингдан кетма, ҳаддингни бил,  акс ҳолда Аллоҳнинг назаридан тушасан, одамлар ҳам кибр-ғурурга ғарқ бӯлган мол-дунё эгаларини хуш кӯришмайди, дея насиҳат қилишди.

Олдинги ояти кариманинг давоми сифатида бу оятда ӯша муъмин кишиларнинг Қорунга қилган насиҳатларидан тӯрттаси келтирилади.Бу насиҳатларнинг энг муҳими : “Дунё охиратнинг экин майдонидир. Дунёда ҳеч нарса экмасанг, охират куни ҳеч қандай ҳосил ололмайсан. Мол-дунё уруғ мисолидир,  ҳосил бериши учун ерга экилиши керак. Уруғлик ғалла омборда сақланса, гарчи у жуда кӯп бӯлсада, аммо бир бошоқ ҳам ҳосил бермайди”—деган насиҳат эди.

Иккинчи насиҳат: Дунё молидан охиратинг учун фойдалан, дегани бу дунё ҳаётингни унутиб, барча молингни Худонинг йӯлида сарфла, дегани эмас. Балки бу мол-дунёдан ӯзинг ва оила аъзоларингнинг осойишталиги йӯлида фойдалан. Дунё ва охират наздингда қанчалик қадрли бӯлса, ӯшанга қараб улар учун молингни сарфла”.

Учинчи насиҳат: Қӯлингдаги мол-дунёнинг барчаси ӯзингга тааллуқли деб ӯйлама. Буларнинг барчаси сенга эҳсон этилган Аллоҳнинг мулкидир. Ӯзингни бу мол дунёнинг мутлақ эгаси эмас, балки омонатдор деб бил. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам бу мол-мулкни бошқаларга эҳсон қил.

Тӯртинчи насиҳат: Бу насиҳатларга амал қилмасанг, мол дунёнг ӯзинг ва жамиятнинг фисқ-фасодга булғаниш воситасига айланади. Мол-мулкинг жамиятни ислоҳ қилишга хизмат қилиш ӯрнига  жамиятнинг табақаланиши ва   сенга нисбатан халқнинг гина-адовати  жӯш уришига сабаб бӯлади.

Бугунги сармоядорлик жамиятлари худди шу  ҳолга юз бурган. Бундай жамиятларда банклар ва ижтимоий сармоянинг кӯп қисми оз сонли кишилар ихтиёрида бӯлиб, одамларнинг аксарияти бойларнинг янада бойиб кетиши учун қулларча меҳнат қилишга мажбур.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Барча иқтисодий фаолиятлардан кӯзланган мақсад Аллоҳнинг ризолигини қӯлга киритиш  бӯлиши керак.
  2. Ӯзимизнинг ухровий ҳаётимизга ҳам таважжуҳ қаратишимиз, шу билан бирга дунё ҳаётидан ҳам баҳраманд бӯлишимиз лозим.
  3. Эзгу ишлар ва Худонинг халқига кӯмаклашиш йӯлида сарфланган мол-дунё инсоннинг абадий саодатини таъминлайдиган замина бӯлиши мумкин.

Энди “Қасас” муборак сураси  78-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

«قَالَ إِنَّمَا أُوتِیتُهُ عَلَى عِلْمٍ عِندِی أَوَلَمْ یَعْلَمْ أَنَّ اللَّـهَ قَدْ أَهْلَکَ مِن قَبْلِهِ مِنَ الْقُرُونِ مَنْ هُوَ أَشَدُّ مِنْهُ قُوَّةً وَأَکْثَرُ جَمْعًا وَلَا یُسْأَلُ عَن ذُنُوبِهِمُ الْمُجْرِمُونَ»

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

У: «Менга у фақат ўзимдаги илм туфайлигина берилгандир», деди. У, албатта, Аллоҳ ундан олдинги асрларда ундан кўра қувватлироқ, ундан кўра кўпроқ (мол) тўплаганларни ҳалок этганини билмасмиди?! Гуноҳкорлардан гуноҳлари ҳақида сўраб ўтирилмас. (78)

Бу ояти каримада Қоруннинг иймон аҳли насиҳатларини қабул қилиш ӯрнига кибр-ғурур юзасидан  берган жавоблари қуйидагича келтирилган: Бу мол-мулк ӯзимнинг билим, фаҳм-фаросат ва сай-ҳаракатимнинг маҳсулидир. Унинг ихтиёри ҳам сизларга эмас, балки менга тегишли. Бойликларимни қаерга сарфлаш ва қаерда сақлашни ӯзим яхши биламан. Худо   билим ва сай-ҳаракатимни кӯриб бу мол-дунёни менга лойиқ кӯрган.

Қуръони карим бадавлат кишиларнинг кибр-ғурурга қоришиқ бу манманликларига жавобан буюради: У тарихни ӯқимаганми, билмайдими, унданда бой-бадавлат бӯлган кишилар Ҳаққа қарши туғён қилган чоғи шу дунёдаёқ ӯзлари ҳам, мол-дунёлари ҳам ҳалокатга  юз тутди.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Мол-дунё инсон билими ва сай-ҳаракати маҳсули бӯлсада, кибр-ғурур ва ғафлатга берилмай унинг Аллоҳ эҳсони эканлигини тан олиш керак.
  2. Билим, ақл-заковат, қудрат ва мол-дунёга мағрурланиш инсоннинг ҳалокатига сабаб бӯлади..