октябр 08, 2016 15:29 Asia/Tashkent

Бедил ва Афғонистон адабиёти

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги суҳбатимизда  ҳам буюк шоир ва файласуф  Мирзо Абдулқодир Бедилнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида сўз юритамиз.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришларимизда таъкидлаб ўтганимиздек,

Бедил юксак даражага кўтарган "сабкий ҳиндий" мактаби "Фиғоний, Жомий, Навоий ва бошқаларнинг ижоди орқали бошлаб берилган бўлиб, Коҳий Кобулий, Ғаззолий Машҳадий, Файзий (ёки Фаёзий) Даканий, Урфий Шерозий, Толиб Омулий, Зуҳурий Туршизий, Сойиб Табризий, Муҳаммадқули Салим Теҳроний, Калим Кошоний, Назирий Нишопурий, Ғани Кашмирий, Носирали Сарҳиндий, Мирзо Жалол Асир, Шавкат Бухорий, Мазҳар Жони Жонон, Неъматхон Олий, Зебуннисо, Мирзо Абдулқодир Бедил ва унинг издошлари, хусусан, Мирзо Асадуллоҳ Ғолиб ва ҳатто Аллома Иқбол Лоҳурий ижоди орқали, шунингдек, Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган темурийлар сулоласига мансуб бўлган ҳукмдорлар ҳамда ушбу заминда яшаб ўтган илм ва маданият, адабиёт ва санъатга алоҳида ғамхўрлик қилган  бошқа давлат арбобларининг қўллаб қувватлашлари, ёрдамлари ва эътиборлари туфайли ўзининг камолига етган.

Бедил ўз ижоди билан "сабки ҳиндий" услубини янги поғонага кўтаришга эришди, кўплаб издошлар ва мухлисларга эга бўлди.Унинг ижоди нафақат Ҳиндистон ва Марказий Осиёда, шунингдек, Афғонистонда ҳам кенг тарқалди. Натижада охирги юз  йил давомида Афғонистон бедилшуносликнинг йирик марказларидан бирига айланди. Афғонистонлик машҳур бедилшунослардан Сардор Меҳрдилхон Машриқий ҳамда мамлакат подшоси Амир Ҳабибуллохон давридаги салтанат нойиби Сардор Насруллохонларни  эслатиб ўтиш лозим. Сардор Насруллохон  даврида Бедил асарлари куллиёти ушбу китобнинг Ҳиндистонда босмадан чиққан нашри асосида биринчи бор Кобулдаги давлат босмахонасида босиб чиқариш учун топширилади. Бироқ у Амир Омонуллохон томонидан  давлат ишларидан четлатилганидан кейин Бедил девонини босиб чиқариш билан боғлиқ ишлар ҳам тўхтатилади. Ахийри Афғонистоннинг собиқ подшоси Муҳаммад Зоҳиршоҳ  замонида мамлакатнинг етук шоири, олими  ва тарихнависи бўлмиш Халилуллоҳ Халилий ҳамда Мавлавий Хон Муҳаммад Хастанинг саъй ҳаракатлари натижасида Бедилнинг барча асарлари беш жилддан иборат бўлган бир ҳолда Аллома Салоҳиддин Салжуқийнинг  адабий танқид шаклида ёзилган  алоҳида сўзбошиси билан ўша замондаги Маориф вазирлигининг босмахонасида босиб чиқарилади.

Шуни қайд этиб ўтиш лозимки, ўтган асрларда яшаган афғонистонлик бедилшуносларнинг кўпчилиги Бухоро мадрасаларида, шунингдек, Ҳиндистондаги Девбанд мадрасасида таҳсил кўрган ёки Бедил шеъриятига бўлган катта қизиқишлари туфайли ўзлари мустақил тарзда ўрганган кишилардан ҳисобланган.

Ўзбек халқининг таниқли шоири  Ғафур Ғулом "Шарқдан бораётирман"  номли шеърлар тўпламида ёзади:

Тонг отар чоғида жуда соғиниб,

Бедилни ўқирдим, чиқди офтоб.

Лойқа хаёлотлар чашмадай тинди,

Пок покиза юрак бир қатра симоб.

Мирзо Бедил инсонпарварликни тарғиб этади, инсоний фазилатларни улуғлаб, ёмон хислатлар ва нуқсонларни  мазаммат этади. У инсоний миллий  ва диний фарқлар нуқтаи назаридан   эмас, балки умумбашарий инсон наслидан эканлиги тушунчасидан  келиб чиққан ҳолда юксакликка кўтаради ва айнан  шунинг учун ҳам инсонни ҳурмат  ва эҳтиромга лойиқ деб ҳисоблайди.

Ҳозир эса Шарқ ва Ғарб адабиётидаги алоқалар бобида   бобида таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг қилган сўҳбатини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Энди эса буюк Бедилнинг  гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.

Ики кўз гавҳарингдан ком олурман,

Ики дунёга жуфт бодом олурман.

Гадодирман ғаразсиз, шафқатингдан

Ялинмасдан тилиб, инъом олурман.

Сенинг базмингда ухлабман, бу ҳам бахт,

Оёқ қўй бошима, илҳом олурман.

Бўлиб мажнун машрабларга улфат,

Урарман тошга шиша, жом олурман.

Мусаффолик ҳар қатра терингдан

Саҳар шабнам каби андом олурман.

Айиқ нафсимни боғлаб, овлаб анқо,

Охир мен хомхаёл деб ном олурман.

Садоқат ва меҳр майдони ичра

Шаҳид бўлдим, абад... ором олурман.

Аёнсан, ҳеч қиё боқмайди олам,

Хавотир бундан ҳар айём олурман.

Солиб, Бедил, ўзимни билмаганга,

Ҳама васл истаса, пайғом олурман.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.