Такфирий жараёнлар
Ваҳҳобийлар ва хаворижларнинг ўхшашлари
Аллоҳ таоло номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони билан хизматингиздамиз. Бизни тинглаб боринг.
Азизлар, олдинги эшиттиришларимизда таъкидлаб ўтганимиздек, милодий 1932 йилда Абдулазиз Британиянинг кўплаб ёрдамлари натижасида ярим орол минтақасида ўз қудратини мустаҳкам этади ва ўзининг ҳукмронлигини комил этиш учун ушбу юртга хусусий мулк сифатида Саудия Арабистони номини беради.
Дастлаб ваҳҳобийлар Ислом оламида бирон мавқега эга эмас эдилар ва ўз ҳаётларини сақлаб қолиш учун Англияга қарам бўлишга мажбур бўлган эдилар.
Иккинчидан, Ислом динидан ваҳҳобийларнинг тақдим этган қироатлари исломий таълимотлардан фарқ қиларди ва шунинг ўзи мусулмонлар ўртасида низо ва ихтилофларни яратарди. Англия Оли Сауд ва ваҳҳобийлик учун шариф ҳарамлар устидан истило этиш заминасини яратган бўлсада, аммо ўз нуфузларини ошириш учун мусулмонларга қарши ваҳҳобийларнинг ҳаддан зиёд ваҳшилик ва зулмларини ҳеч вақт унутмаслик лозим. Ваҳҳобийликни бошқа мазҳаблардан фарқ этадиган нарса уни кенгроқ ёйиш учун ушбу фирқанинг даъват этиш йўлларидир. Агар исломий мазҳаблар тарихига назар ташласак, улар далил ва илмий усуллар билан олдинга боришга ҳаракат қилишган. Бирон мазҳаб мусулмонларнинг жонини, молини ва номусини ихтилофлар сабабли олишни мубоҳ ҳисобламаган. Ҳатто салафийлик мактабига асос солган ҳамда зўравонлик қилиш ва такфирий руҳияга эга бўлган Ибн Таймия ҳам тавассул, шафоат каби масалаларга эътиқод этилгани баҳонасида мусулмонларни ўлдириш ҳукмини бермаган.
Шу сабабдан ваҳҳобийларни хаворижларга ўхшатишади.
Маълумки, “Хаворижлар” Ислом тарихида биринчи пайдо бўлган оқимлардан саналади. Уларнинг келиб чиқиши Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик давридаги воқеалар билан чамбарчас боғлиқ. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу тоифа ҳақида олдиндан огоҳлантириб кетганлар. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиб айтади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Ҳунайн ғазотидан тушган ўлжаларни тақсимлаётган вақтларида Бану Тамим қавмидан Зул Хувайсира деган кимса келиб: “Ё Расулуллоҳ, адолат қилинг”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шўринг қурисин, мен адолат қилмасам, ким адолат қилади”, дедилар. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ, рухсат беринг, мен уни ўлдирай”, деб айтди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Йўқ, бунинг издошлари одамлар ихтилоф қилган вақтда хуруж қилади. Қуръон ўқийдилар, аммо ҳалқумларидан нарига ўтмайди. Улар худди камондан ўқ чиққандай диндан чиқади. Уларнинг белгилари шуки, ораларида бир кишининг қўли аёлнинг кўкрагидек дўппайган бўлади”, дедилар. Абу Саид (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бу гапларни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Ҳунайн кунида ўз қулоғим билан эшитганман. Али (розияллоҳу анҳу) уларни қандай ўлдирганини ўз кўзларим билан кўрганман”» (Имом Аҳмад).
Хаворижлар наздида ҳеч кимнинг ҳурмати ва ҳеч нарсанинг қадри йўқ. Ҳатто Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дек зотга бетга чопарлик қилган кимсадан яна қандай мурувват кутиш мумкин.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда "Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com / uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.
Имом Насоий “Ас-сунанул кубро” асарида “Али (розияллоҳу анҳу)нинг фазилатлари” бўлимида бу ривоятни келтиради: «Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Хаворижлардан олти минг киши Ҳарурийядаги бир ерга тўпланди. Мен Али (розияллоҳу анҳу)га: “Эй мўминларнинг амири, пешин намозини бир оз салқин тушгунча кечиктириб туринг, эҳтимол мен ана у қавмнинг олдига бориб улар билан гаплашиб кўрарман”, дедим. Али (розияллоҳу анҳу): “Сендан хавотирдаман”, деди. “Хавотир олманг”, дедим-да, кийиниб, улар томон кетдим. Тўпланиб ўтиришган жойга кирганимда, улар: “Эй Ибн Аббос, хуш келдинг. Ташрифингга нима сабаб?” дейишди. “Сизнинг олдингизга Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг муҳожир ва ансор саҳобалари, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амакиваччаси ҳамда куёви, ҳақларида Қуръони карим нозил бўлган ва унинг таъвилини сиздан кўра яхшироқ биладиганлар ҳузуридан келдим. Орангизда эса ундай зотлардан бирорта ҳам йўқ. Ҳузурингизга уларнинг гапларини етказиш ва сизнинг гапингизни уларга етказиш учун келдим”, деб айтдим. Шунда улардан бир қанча нафари мен томонга ўтди. Мен: “Қани Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобалари, биринчилардан бўлиб у зот (алайҳиссалом)га имон келтирган амакиваччаси ва куёвига қарши норозилик даъволарингизни айтинг”, дедим. Улар: “Уч нарсада даъвоимиз бор”, дейишди. “Сўзланг”, дедим. Улар: “Биринчиси, у Аллоҳнинг динида кишиларни ҳакам қилди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: “Ҳукм Аллоҳдан ўзганики эмас”, деган (Анъом, 57), дейишди. Мен: “Бу биттаси”, дедим. Улар: “Иккинчиси, у жанг қилди-ю, аммо ғанимларининг аёлларини чўриликка олмади. Мол-мулкини ўлжа қилмади. Агар улар кофир бўлганида аёллари ҳам, мол-мулклари ҳам бизга ҳалол бўлган бўларди. Аксинча, мўмин бўлганларида қонларини тўкишимиз ҳаром эди”, деб айтишди. Мен: “Бу иккинчиси”, дедим. Улар: “Учинчиси шуки, у ўзини “мўминларнинг амири”, деб номланишидан воз кечди. Агар, у мўминларнинг амири бўлмаса, демак, кофирларнинг амири экан-да”, дейишди. Уларга: “Бундан бошқа даъвоингиз йўқми?” дедим. Улар: “Шунинг ўзи етарли”, дейишди. Улардан: “Агар мен сизнинг ушбу даъволарингизга Аллоҳнинг китоби ва расулининг суннатидан раддия келтирсам, қайтасизларми?” деб сўрадим. “Аллоҳга қасам, албатта қайтамиз”, дейишди. Шунда мен: “Аллоҳнинг динида кишиларни ҳакам қилди”, деган даъволарингизга раддия сифатида айтаманки, Аллоҳ таоло қиймати чорак дирҳам турадиган қуён ҳақида ҳукм чиқаришни кишиларга топширган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Эй имон келтирганлар! Эҳромда бўла туриб, овни ўлдирмангиз! Сизлардан кимки уни қасддан ўлдирса, (жазоси) худди (хонаки) ҳайвон ўлдириш билан баробар жазодир: у (ҳам бўлса) Каъбага (юриб) бора оладиган қурбонлик бўлиб, унга ўзларингиздан икки адолатли киши ҳакамлик қилур…”, деган (Моида, 95).
Шунингдек, эр ва хотин ўртасида ҳам ҳакамлик қилишни кишиларга топширган. Бу ҳақда: “Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз...”, деган (Нисо, 35).
Қадрли тингловчилар, “Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.