октябр 15, 2016 15:44 Asia/Tashkent

Бедилшунослик фанида амалга оширилган илмий ишлар

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги суҳбатимизда  ҳам буюк шоир ва файласуф  Мирзо Абдулқодир Бедилнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида сўз юритамиз.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек,  ўтган асрларда яшаган афғонистонлик бедилшуносларнинг кўпчилиги Бухоро мадрасаларида, шунингдек, Ҳиндистондаги Девбанд мадрасасида таҳсил кўрган ёки Бедил шеъриятига бўлган катта қизиқишлари туфайли ўзлари мустақил тарзда ўрганган кишилардан ҳисобланган.

Ўзбек халқининг таниқли шоири  Ғафур Ғулом "Шарқдан бораётирман"  номли шеърлар тўпламида ёзади:

Тонг отар чоғида жуда соғиниб,

Бедилни ўқирдим, чиқди офтоб.

Лойқа хаёлотлар чашмадай тинди,

Пок покиза юрак бир қатра симоб.

Мирзо Бедил инсонпарварликни тарғиб этади, инсоний фазилатларни улуғлаб, ёмон хислатлар ва нуқсонларни  мазаммат этади. У инсоний миллий  ва диний фарқлар нуқтаи назаридан   эмас, балки умумбашарий инсон наслидан эканлиги тушунчасидан  келиб чиққан ҳолда юксакликка кўтаради ва айнан  шунинг учун ҳам инсонни ҳурмат  ва эҳтиромга лойиқ деб ҳисоблайди.

Бедил ўзининг инсониятга бўлган энг пок  ва мусаффо ҳис туйғу ва муҳаббатини гўзал сатрларда ифодалади. Шу билан бирга, у ватанни ва ватанпарварликни улуғлади, чунки  у ўз ватани Ҳиндистонни севарди.

Башардўст шоир инсонни биринчи ўринга қўйганлиги боис унинг табиатидаги ёлғончилик, ишёқмаслик, очкўзлик ва хиёнат каби ёмон иллатларни гўзал адабий бадиий усуллар билан  танқид қилади, аксинча, ундаги камтарлик, сахийлик, ҳақгўйлик, донишмандлик, вафодорлик ва меҳнатсеварлик каби яхши фазилатларни таъриф ва тавсиф этади.

Бедил меҳнаткашларнинг жамиятдаги ролини, текинтомоқларнинг ким эканлигини ажойиб тамсил ва ташбеҳлар воситасида равшан ва тиниқ ифодалайди. Ҳар бир касбнинг  афзалликларини, ўзига хос хусусиятларини айтиб, уларни эгаллашга ундайди. Файласуф шоир қўл ишини тил, тил ишини қўл бажара олмаслигини, шунинг учун ҳар бир киши ўз касби билан шуғулланишини талмеҳ санъати воситасида қуйидагича ифодалайди:

Аз шубоний чи ор дошт  Калим,

В аз иморат чи рехт Иброҳим.

З ин чаман ҳар гуле баҳоре дошт,

Ҳар киро даст буд, коре дошт.

Таржимаси:

Чўпонликдан ор қилдими Мусо,

Бинокорликдан нима йўқотди Иброҳими расо.

Бу чаманда ҳар гулнинг ўз баҳори бор,

Ҳар қўли бор кишининг бирон кори бор.

Нима бўлганда ҳам , файласуф шоир Шарқнинг илғор мутафаккирлари сингари халқ бахт саодати, эл юрт фаровонлиги йўлида тинмай ижод қилди. Бедил ижодининг Марказий Осиёда оммавийлашиб, шеърлари кенг тарқалишининг сабаби ҳам, унга эргашувчи шоирларнинг кўпайиши сабаби ҳам ана шунда.

Мирзо Абдулқодир Бедил улуғ аждодларимиз Ҳиндистон заминида яратган энг гўзал ва энг қимматли маданий қадриятлар ва маънавиятнинг қонуний меросхўри бўлган халқимизнинг диний. Фалсафий ва ижтимоий фикрлари хазинасини ҳинд фалсафий  тафаккури билан  уйғунлаштира  олган буюк мутафаккир сифатида жаҳон адабиёти ва фалсафаси тарихида ўчмас  из қолдирди. Италиялик  шарқшунос олим , Неапол университети профессори Александро Бауза таъкидлаганидек, "Бедилга ўхшаш тарихий шахслар фақат бир ўлкага тааллуқли бўлмай, балки улар жаҳоннинг барча халқларига мансубдир ва уларнинг меҳр муҳаббати барча инсонларнинг ҳароратли бағридан жой олгандир."

Ҳозир эса Шарқ адабиётига оид амалга оширилган тадқиқотлар   бобида таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг қилган сўҳбатини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Энди эса буюк Бедилнинг  гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.

Фахр этарлар сажда айлаб шундайин остонага

Бош қўйиб манглай терин чин аҳли инсон тўксалар.

Йўқлик ҳамёнидан ҳеч тушмас умр нақди, далил —

Йитмагай, уйдан нени элтиб биёбон, тўксалар.

Чок-чок Бедилнинг ҳар чокин қилиб минг чок, не тонг,

Гулфурушлар субҳидам хандон-хандон тўксалар.

Ҳақ дебон дил макрин эл боринча имкон тўксалар,

Томчидек гавҳар учун, майлига, уммон тўксалар.

Жилвагар тўрт фасл гулшан, агар булбуллари

Тинмай ҳар чаҳ-чаҳда бир-бир қатрадан қон тўксалар.

Тўлдириб ташлар тиканга интизорлик боғини

Ёш этиб киприкларинг гар аҳли ҳижрон тўксалар.

Лолалар қотил бўлиб туҳматга қолмай дейдилар,

Ҳар баҳорда сачратиб қонимни ҳар ён тўксалар.

Нега ишқ меъморлари таъмир этар дил қасрини,

Ўзлари қурган заҳот вайрон-вайрон тўксалар.

Аҳли ишқ бўлғай мусаффо ишқ ўти-ла, чўғларин

Гар этакларга ҳайиқмасдан-ки бир он тўксалар.

Айб бўлар айб этсангиз андишаси йўқларни гар

Ўзлари обрўсин айлаб абри найсон, тўксалар.

Саждагоҳдир ҳиммати аҳли фанонинг, бош қўйинг,

Ерга тупроқ айлаб ўзни, ҳар маҳал жон тўксалар.

Шабнамин бермас текин ушбу чаманда кўзларим,

Сарф бўлар минглаб нигоҳ, бир дурри ғалтон тўксалар.

Дард қушинг учди вужуддан, бош-оёқ ёнғин кўриб

Ўт қўйиб мисли қамишзорларга гирён тўксалар.

Қалтирар қўл тийғ тутишга қатл учун, бергай мадад

Қонларимни пирпираб ҳар битта мужгон, тўксалар.

Фахр этиш-чун қайда лойиқ бош, қўйиб остонига,

Ўтганида терларин гул юзли жонон тўксалар.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.