октябр 22, 2016 15:30 Asia/Tashkent

Бедил ҳаёти ва ижодиёти

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугун  буюк шоир ва файласуф  Мирзо Абдулқодир Бедилнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасидаги охирги сўҳбатимизни ҳукмингизга ҳавола этмоқчимиз.   Бизни тинглаб боринг.

Шарқнинг улкан ва забардаст шоирлари сирасидан муносиб ўрин эгаллаган Мирзо Абдулқодир  Бедил форс-тожик адабиётида мумтоз адиб, жамиятшунос ва табиатшунос, файласуф олим сифатида шуҳрат қозонган мутафаккирдир. Мирзо Бедил ўзининг серқирра поэтик ижоди билан Ҳиндистон, Афғонистон ва Ўрта Осиё халқлари ижтимоий-сиёсий ва бадиий тафаккури тарихида муҳим роль ўйнаган. У ҳаётлигидаёқ Ҳиндистоннинг фозил ва донишмандлари, шеършунос ва тазкиранавислари диққатини ўзига жалб этган файласуф шоирдир.

Ўрта асрлар давомида яратилган форс тилидаги улкан бадиий адабиёт ҳам, фалсафий асарлар ҳам, луғатлар ҳам, ахлоқ-одобга оид кўпгина рисолалар ҳам мана шу давлатлар халқларининг мероси саналса, унинг Мирзо Абдулқодир Бедил каби забардаст вакили тожик, афғон, ўзбек халқлари маънавий ҳаётида чуқур из қолдирди, унинг ижоди Ўрта Осиё мактабларида Ҳофиз, Навоий, Фузулий девонлари қаторида ўрганилди.

Мирзо Абдулқодир Бедил ўтмишнинг забардаст мутафаккирларидан бўлиб, Ўрта Осиё халқлари орасида кенг шуҳрат қозонган. Унинг кўп қиррали ижодида Мовароуннаҳр ва Ҳиндистон халқлари ўртасидаги иқтисодий, маданий алоқаларнинг ифодаси бор: бу халқларнинг бир-бирларига самарали таъсири, инъикоси мавжуд.

Мирзо Абдулқодир Бедил форс-тожик адабиётида мумтоз адиб, ажойиб новатор, файласуф олим сифатида шуҳрат қозонди. Мирзо  Абдулқодир Бедил қунтли, тиришқоқ, меҳнатсевар, қобилиятли ва истеъдодли бўлганидан ёшлигиданоқ араб тилида машҳур “Қофия” китобини яхши ўзлаштириб олган ва форс-тожик адабий тилини мукаммал билган. У зийрак ва тийрак бола ёшлигиданоқ илму фанга катта қизиқиш зоҳир этади, у беш ярим ёшида мактабга боради ва етти ёшидаёқ савод чиқаради. Унинг ота-боболари Ўрта Осиёлик бўлиб, Шаҳрисабз ўзбекларидан эдилар.

Абдулқодир отадан бир ярим ёшида етим қолиб, ўз меҳрибон онаси ва амакилари Мирзо Қаландар ва Мирзо Зариф тарбиясида мустақил равишда ўз устида ишлайди, билимини кенгайтириб, ўстириб, юксалтириб, бойитиб боради. У ёшлигидан турли фанларга қизиққан. Шайх Камол, шоҳ Фозил ва Мирзо Абулқосим каби олимлардан таълим олган.

Ҳиндистон бўйлаб кўп саёҳат қилган, 1685 йилдан умрининг охиригача Деҳлида яшаган. Форс тилида ижод қилган. Араб, форс, ҳинд, урду тилларини мукаммал билган, шарқ халқлари адабиётини, тасаввуф ва юнон фалсафасини, айниқса Аристотель фалсафасини атрофлича ўрганган. 10 ёшидан бадиий ижод билан шуғулланган. Мураккаб ижтимоий-иқтисодий шароитда яшаб-ижод қилган шоир ўз даврига бефарқ қарамаган, ҳиндлар ва мусулмонларнинг тинч-тотув яшашни, юртни обод, халқни тинч-осойишта, фароғатда, ҳамжиҳатликда кўришни орзу қилган. Инсон эркинлиги, тафаккури ҳақида фалсафий фикрлар баён этган. Унинг фалсафий- ахлоқий қарашлари тасаввуф ақидалари таъсирида шаклланган.

Мирзо Абдулқодир Бедил дунёқараши тасаввуфнинг ваҳдат ул-вужуд таълимотига асосланади, яъни оламни Аллоҳнинг кўзгуси, инсон қалбини шу кўзгунинг маркази деб билади.

Қалб қанчалик сайқал топса, у шунча Аллоҳ нурини акс эттиради. Шу боис инсон буюк ва қудратлидир. Аммо буни унинг ўзи англаши лозим дейди.

Мавзуни таҳлилчи Нурхон Ҳакимова давом эттиради.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Энди эса буюк Бедилнинг  гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.

Чин камолот ихтиёр қилмоқчиман,

Яъни йўқлик ошкор қилмоқчиман.

Кўп чигал борлиқўриш-арқоқлари,

Мен нафас-ла тор-тор қилмоқчиман.

Ҳам олиб қанча сифр йўқликдан, оҳ,

Бир ўзимни, чун, ҳазор қилмоқчиман.

Ҳеч киши бермас жавоб, сўрсам савол,

Тоғ аро фарёди зор қилмоқчиман.

Дард доғидан баҳор бўлғайму деб

Лолазорга эътибор қилмоқчиман.

Ўтса ўтсин, майлига, гул фасли, ёр,

Бир қадаҳдан минг баҳор қилмоқчиман.

Топмагунча дилда муштоқлик камол,

Мен висолни интизор қилмоқчиман.

Фарқи йўқ, дўзахми-жаннат манзилим,

Ёд Сизни, гулъузор, қилмоқчиман.

Бир гуноҳим афв этишга арзимас,

Арзитай деб, қайта бор қилмоқчиман.

Ўтди юз қат осмондан орзу,

Унга ўзни мен дучор қилмоқчиман.

Бўлмаса ибрат далили даврамиз,

Шаъм ёқиб, сайри мозор қилмоқчиман.

Ўз таним тупроғини йўқяикка хат

Битгали мен бир ғубор қилмоқчиман.

Васл йўқ, чун, икки оламдан кечиб,

Энди узлатни қарор қилмоқчиман.

Осмон бир юзтубан бечорадир,

Мен не чОра; мен не кор қилмоқчиман.

Етди вақт, Бедил, ўзимдан мен қочиб,

Суҳбатимдан энди ор қилмоқчиман.

Буюк Бедилнинг ҳаёти ва ижодига оид қилган сўҳбатимизнинг охирида  яна италиялик  шарқшунос олим , Неапол университети профессори Александро Баузанинг сўзларини эслатмоқчимиз: "Бедилга ўхшаш тарихий шахслар фақат бир ўлкага тааллуқли бўлмай, балки улар жаҳоннинг барча халқларига мансубдир ва уларнинг меҳр муҳаббати барча инсонларнинг ҳароратли бағридан жой олгандир."

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.