Нур томон йўл (945)
Фатҳ муборак сураси 26-29 - ояти карималарининг шарҳи
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.
Аввал муборак Фатҳ сурасининг 26-ояти каримаси қироатига қулоқ тутамиз:
«إِذْ جَعَلَ الَّذِینَ کَفَرُوا فِی قُلُوبِهِمُ الْحَمِیَّةَ حَمِیَّةَ الْجاهِلِیَّةِ فَأَنْزَلَ اللَّهُ سَکِینَتَهُ عَلى رَسُولِهِ وَ عَلَى الْمُؤْمِنِینَ وَ أَلْزَمَهُمْ کَلِمَةَ التَّقْوى وَ کانُوا أَحَقَّ بِها وَ أَهْلَها وَ کانَ اللَّهُ بِکُلِّ شَیْءٍ عَلِیماً»
Ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Эсла! Куфр келтирганлар қалбларида қизиққонликни жоҳилият қизиққонлигини жойлаганларида, Аллоҳ Ўз сокинлигини Пайғамбарига ва мўминларга туширди ва уларга тақво калимасини лозим кўрди, улар ушбуга ҳақли ва аҳл эдилар. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир.
Аввалги дастурларда Макка яқинидаги ҳудудда Пайғамбаримиз билан Макканинг бутпараст етакчилари ўртасида тузилган Ҳудайбия сулҳи ҳақида сўз борди. Бу оят куфр сабабларидан бирига, яъни нотўғри таассуротга ишора қилиб, шундай дейилади: “Жоҳил таассурот ва такаббурлик мушрикларга Пайғамбар алайҳиссалом ва мусулмонларни умра ва қурбонлик қилиш учун Маккага киришларига имкон бермади.
Улар: “Бадр ва Уҳуд жангларида ота-боболаримизни, биродарларимизни ўлдиришди, биз уларни шаҳримизга кириб, соғ-саломат қайтишларига қандай рухсат берамиз?” дедилар. Улар Байтуллоҳни зиёрат қилиш ҳамма учун ҳалол, Макка юрти эса хавфсиз жой эканини билган ҳолда, кимдир ўша юртда ҳаж ва умра вақтида отасининг қотилини кўрса ҳам, уни безовта қилмасди.
Аксинча, Аллоҳ таоло пайғамбарга ва мўминларга шундай тинчлик ва осойишталикни нозил қилдики, улар Аллоҳнинг хавфсиз ҳаромгоҳида қон тўкилмасин деб вақтинча ўзларидан воз кечиб, кейинги йилларда Аллоҳнинг уйини зиёрат қилиш учун йўл очиб бердилар. Агар улар ҳам ўша нодон таассурот ҳукмида бўлсалар эди, ўша муқаддас заминда уруш олови алангаланарди.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Фикрий ва амалий масалаларда жаҳолат маданиятидан келиб чиқадиган, тўғри мантиқ ва мулоҳазаларга эга бўлмаган ҳар қандай хурофот рад қилинади.
2. Шахсий ва ижтимоий ишларда иймон ва тақво, хотиржамликни сақлаш ва оқилона муомала қилиш, ғазаб ва жаҳлдан узоқлашиш керак.
Энди муборак Фатҳ сурасининг 27-ояти каримаси қироатига қулоқ тутамиз:
«لَقَدْ صَدَقَ اللَّهُ رَسُولَهُ الرُّؤْیا بِالْحَقِّ لَتَدْخُلُنَّ الْمَسْجِدَ الْحَرامَ إِنْ شاءَ اللَّهُ آمِنِینَ مُحَلِّقِینَ رُؤُسَکُمْ وَ مُقَصِّرِینَ لا تَخافُونَ فَعَلِمَ ما لَمْ تَعْلَمُوا فَجَعَلَ مِنْ دُونِ ذلِکَ فَتْحاً قَرِیبا»
Ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Батаҳқиқ, Аллоҳ Расулининг тушини ҳақ ила тасдиқлади, албатта, Масжидул Ҳаромга, иншоаллоҳ, омонликда, сочларингиз олинган, қисқартирилган ҳолда қўрқмасдан кирасизлар. Бас, У сиз билмаган нарсани биладир ва сизларга бундан бошқа яқин фатҳни қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар Маккага жўнаб кетишларидан олдин тушларида саҳобалари билан Умра амалларини бажариш учун Масжидул Ҳаромга киришларини кўрдилар ва бу тушни саҳобаларига тушунтирдилар. Мусулмонлар бу орзуси ўша йили амалга ошади, деб ўйлашган. Шунинг учун, мушриклар Маккага йўлни тўсиб қўйганларида, баъзи мусулмонлар наҳотки Пайғамбарнинг тушлари амалга ошмаслиги мумкин ?! деб ўйлашди.
Бу тушнинг тўғри эканлиги ва албатта барчангиз охир-оқибат Масжидул Ҳаромга эсон-омон кирасиз, деган оят шу ерда нозил бўлди. Ҳудайбия тинчлик шартномасига кўра, кейинги йили мушриклар Маккани уч кунга бўшатиб, мусулмонлар умрани дабдаба билан адо этишди. Албатта, маълум вақт ўтгач, мушриклар аҳдномани буздилар ва мусулмонлар ҳижрий саккизинчи йили Маккани урушсиз, қон тўкмасдан фатҳ қилдилар.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Илоҳий ваъдалар албатта амалга ошади, гарчи Аллоҳнинг илми ва ҳикматига асосланган бўлса-да, унинг бажарилиши кечиктирилиши мумкин, аммо бу кечикиш бизни шубҳада қолдирмаслиги керак.
2. Агар тинчликни қабул қилиш душмандан қўрқиш эмас, балки жамият манфаатларидан келиб чиққан ҳолда бўлса, эҳтимол, бундай тинчликнинг таъсири ва баракаси кўпроқ бўлиб, душман устидан ғалаба қозониш дебочаси бўлиши мумкин.
Муборак Фатҳ сурасининг 28-ояти каримаси қироатига қулоқ тутамиз:
«هُوَ الَّذِی أَرْسَلَ رَسُولَهُ بِالْهُدى وَ دِینِ الْحَقِّ لِیُظْهِرَهُ عَلَى الدِّینِ کُلِّهِ وَ کَفى بِاللَّهِ شَهِیداً»
Ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
У Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан, у(дин)ни барча динлардан устун қилиш учун юборган зотдир.
Мусулмонларнинг Макка мушриклари устидан ғалаба қозонишини ваъда қилган аввалги оятни давом эттириб, бу оят шундай дейилади: Бу ғалаба давом этади ва вақт келадики, Ислом бутун дунё ва барча динлар ва мазҳаблар устидан ғалаба қозонади, чунки Аллоҳнинг каломи рост ва инсонларни саодатга етаклайди.
Барча мусулмонлар ҳамфикр бўлган кетма-кет ривоятларга кўра, охирзамонда бу илоҳий ваъда Ислом пайғамбарининг авлодларидан бўлган “Маҳдий” исмли шахс томонидан амалга ошади. Дунёнинг мазлумлари ёрдамида золим ҳукмдорларга қарши бош кўтаради. Имом Маҳдий илоҳий ёрдам билан золимларни енгиб, адолат ва хавфсизлик олиб келиб, бутун дунёни бошқаради.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Аллоҳнинг иродаси билан дин бутун оламнинг ҳақиқатини қамраб олади ва дунёни Аллоҳнинг динига ҳидоят қилиш учун воситаларни беради.
2. Ўтган динлар маълум бир даврга хос бўлган, аммо ислом таълимотлари маълум бир даврга хос эмас. Демак, келажак ислом динидир ва бу дин умумбашарий бўлади. Шундай экан, мусулмонлар ўз бурчларини яхши адо этишлари, исломнинг асл қиёфасини дунёга танитишлари керак.
Сўнгда муборак Фатҳ сурасининг 29-ояти каримаси қироатига қулоқ тутамиз:
«مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللَّهِ وَ الَّذِینَ مَعَهُ أَشِدَّاءُ عَلَى الْکُفَّارِ رُحَماءُ بَیْنَهُمْ تَراهُمْ رُکَّعاً سُجَّداً یَبْتَغُونَ فَضْلًا مِنَ اللَّهِ وَ رِضْواناً سِیماهُمْ فِی وُجُوهِهِمْ مِنْ أَثَرِ السُّجُودِ ذلِکَ مَثَلُهُمْ فِی التَّوْراةِ وَ مَثَلُهُمْ فِی الْإِنْجِیلِ کَزَرْعٍ أَخْرَجَ شَطْأَهُ فَآزَرَهُ فَاسْتَغْلَظَ فَاسْتَوى عَلى سُوقِهِ یُعْجِبُ الزُّرَّاعَ لِیَغِیظَ بِهِمُ الْکُفَّارَ وَعَدَ اللَّهُ الَّذِینَ آمَنُوا وَ عَمِلُوا الصَّالِحاتِ مِنْهُمْ مَغْفِرَةً وَ أَجْراً عَظِیما»
Ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳимдилдирлар. Уларни Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб, рукуъ ва сажда қилган ҳолларини кўрурсан. Уларнинг сиймоси сажда асаридан юзларида (балқийдир). Ана ўша, уларнинг Таврот ва Инжилдаги мисолларидир. Бу худди уруғини ёриб чиқариб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшайдир. Кофирларнинг ғазабини қўзиш учун. Аллоҳ улардан иймон келтириб ва солиҳ амалларни қилганларга мағфират ва улуғ ажрни ваъда қилди.
Фатҳ сурасининг охири бўлган бу оят аввалги оятдаги илоҳий ваъданинг амалга ошиши учун зарур шарт-шароитларни баён қилиб, шундай дейди: Ислом динининг бошқа динлар устидан ғалаба қозониши учун мусулмонлар ўзларининг шахсий ва ижтимоий муносабатларини шу асосда тартибга солишлари керак. бу тўртта хусусият:
А) Душманларга қарши: қаттиқлик, қатъият, салобат ва шиддат
Б) диндошлар ва имонлиларга: меҳрибонлик, раҳм-шафқат ва мурувват
Д) Аллоҳ таолога нисбатан: бандалик ва қуллик
Г) Ўзига нисбатан: ўсиш ва ривожланиш ва иқтисодий ва сиёсий мустақиллик учун ҳаракат.
Мусулмонлар шу нарсаларни ўзларига устувор вазифа қилиб қўйсалар, бу дунёда нафақат душманларини енгадилар, балки охиратда ҳам илоҳий раҳмат ва мағфиратга дучор бўладилар.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Ислом кенг қамровли дин бўлиб, инсон ҳаётининг барча жабҳалари ва жиҳатлари учун дастурга эга.
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилмасдан, ҳалол ва собит тарафдорларга эга бўлмасдан туриб, Исломнинг глобаллашуви мумкин эмас.
3. Таврот ва Инжилда ҳам Ислом пайғамбарининг саҳобалари сиймоси тасвирланган.
4. Мусулмонларнинг миқдорий ва сифат жиҳатидан ўсиши душманларни ғазаблантиради.
Ушбу дастуримиз якунида сиз азизларни Аллоҳ таолога топширамиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр.