Нур томон йӯл-704
704 қисм"Қасас" муборак сурасининг 86-88- ояти карималари.
Суҳбатимиз ибтидосида “Қасас” муборак сураси 86-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.
«وَمَا کُنتَ تَرْجُوا أَن یُلْقَى إِلَیْکَ الْکِتَابُ إِلَّا رَحْمَةً مِّن رَّبِّکَ فَلَا تَکُونَنَّ ظَهِیرًا لِّلْکَافِرِینَ»
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Сен ўзингга китоб туширилишидан умидвор ҳам эмас эдинг. Илло, Роббинг раҳмати бўлиб (тушди). Бас, ҳаргиз кофирларга ёрдамчи бўлма. (86)
Ӯтган суҳбатимизда шарҳлаган оятларда Аллоҳ таъоло ӯз пайғамбарига Мадинага ҳижрат қилганидан сӯнг яна Маккага қайтариш ва кофирлар устидан ғалаба қилишини таъминлаш ваъдасини берган эди, деб айтдик. Бу ояти кариманинг эса мазмуни қуйидагича: яна Макка шаҳрига қудрат ва иззат ила қайтишга умидинг йӯқ эди, аммо Аллоҳ шундай ирода қилди ва уни амалга оширди. Рисолат учун танланишинг ва сенга самовий китобнинг нозил бӯлиши хаёлингга ҳам келмаган эди. Аммо Аллоҳ ӯз ҳикмати асосида сени ӯзининг махсус раҳмати ила сийлади ва пайғамбарликка танлади. Шундай экан ҳеч қачон мушрик ва кофирларнинг ноӯрин истакларига таслим бӯлма, Зеро, бундай қилиш уларнинг ишига кӯмаклашиш ҳисобланади. Қатъий равишда улардан узоқлаш ва бу нарсани одамларга эълон қил.
Ушбу муборак суранинг олдинги оятларида ҳазрат Мусонинг ӯзи ва оила аъзоларини совуқдан асраш мақсадида олов келтириш учун Тур тоғига кетгани ва у ерда пайғамбарликка танлангани ҳақида ӯқиган эдик. Ислом пайғамбари ҳақида ҳам тарихий ривоятларда келтиришича ул ҳазрат ибодат қилиш учун Нур тоғидаги Ҳиро ғорига борганларида Жаброил алайҳиссалом нозил бӯлиб, икки олам сарварига Илоҳий рисолат ҳақида башорат берди, дея ёзилган.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Кофирларнинг баҳоналаридан бири “Нега ваҳий бизнинг ӯзимизга нозил бӯлмайди?” деган бемаъни саволдир. Қуръони карим буюради: Ботиний ва руҳий покликда ҳаёт кечириб юрган пайғамбарлар ҳам Аллоҳдан бу нарсани кутишмасди, сиз кофирларга йӯл бӯлсин?!
- Пайғамбарлар таълимотида кофирлар ва золимларни қӯллаб-қувватлашга қаратилган ҳар қандай амал тақиқланади.
Энди “Қасас” муборак сураси 87-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.
«وَلَا یَصُدُّنَّکَ عَنْ آیَاتِ اللَّـهِ بَعْدَ إِذْ أُنزِلَتْ إِلَیْکَ وَادْعُ إِلَى رَبِّکَ وَلَا تَکُونَنَّ مِنَ الْمُشْرِکِینَ»
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Ва сени улар ҳаргиз сенга туширилган Аллоҳнинг оятларидан тўсмасинлар. Роббингга даъват қил. Асло мушриклардан бўлма. (87)
Бу ояти карима “Кофирларга ёндашма. Зеро Илоҳий оятлар таблиғини тарк этиш ва одамларни тавҳидга даъват қилишда сусткашлик куфр ва ширкнинг қувват олишига сабаб бӯлади”-дея буюрган олдинги оятнинг давомидир. Тарихда келтирилишича, пайғамбар (С) Қуръони карим оятларини одамлар учун ӯқиган, уларни Илоҳий каломни тинглашга даъват этган чоғи мушриклар ва мухолифлар ул ҳазратни шоир, фолбин ва хурофот тарғиботчиси дея туҳмат қилишарди. Бу ояти каримада буюрилади: Эй, пайғамбар, душманларнинг туҳмат ва ҳақоратларидан хавфсираб масъулиятларингни бажаришда сустлик қилма. Агар шундай қиладиган бӯлсанг, Аллоҳ наздида мушриклардан фарқинг қолмагай.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Дин душманлари ҳатто Илоҳий пайғамбарларни бадном қилиш учун ҳам дастурлар ишлаб чиқишган. Улар ширк ва куфрни кенгроқ ёйиш ишида сусткашлик қилишмайди.
Биз мусулмонлар ӯз динимизни ҳимоя қилишда қатъиятли ва бошқаларни исломга даъват этишда фаол бӯлишимиз лозим.
- Илоҳий пайғамбарларни Аллоҳ тарбия қилади. Аллоҳ таъоло уларни Илоҳий рисолатни қусурсиз бажаришлари учун баъзи ишлардан қайтариб, баъзи ишларга буюриш дастурини беради.
- Пайғамбарлар одамларни ӯзларига эмас, балки Аллоҳга даъват этишади. Куфр ва ширкка қарши кураш эса уларнинг дастурлари сарлавҳасидир.
Энди “Қасас” муборак сураси 88-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.
«وَلَا تَدْعُ مَعَ اللَّـهِ إِلَـهًا آخَرَ لَا إِلَـهَ إِلَّا هُوَ کُلُّ شَیْءٍ هَالِکٌ إِلَّا وَجْهَهُ لَهُ الْحُکْمُ وَإِلَیْهِ تُرْجَعُونَ»
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳга илтижо қилма. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Ундан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлгувчидир. Ҳукм Унинг Ўзигагинадир ва фақат Унгагина қайтарилурсиз. (Сен уларнинг гап-сўзларига, хоҳиш-истакларига қараб ўтирма. Аллоҳнинг оятларига амал қилишда давом этавер.) (88)
Бундан олдинги ояти каримада Аллоҳ таъоло ӯз пайғамбарини одамларни динга даъват қилиш ва Ҳақ каломини таблиғ қилиш ишида қатъиятли бӯлишга даъват этди, деб айтдик. Бу ояти каримада буюрилади: Аллоҳни танийдиган инсон бошқаларни Аллоҳга шерик деб билмайди. Зеро у Аллоҳдан ӯзга барча нарсаларнинг фоний ва йӯқ бӯлувчи эканлигини, фақат Худо ва Худо йӯлида қилинган холис амал боқий қолажагини, борлиқ оламга мутлақ ҳокимлик қилиш фақат Аллоҳга хос эканлигини, ундан ӯзгага сиғиниш бемаънилик эканлигини яхши билади.
Бу ояти каримада эртами- кеч, барибир барҳам топиш ёхуд вафот этишга маҳкум этилганлиги сабабли оламдаги бутун мавжудотнинг фоний, яъни ӯткинчи эканлиги таъкидланяпти. Оламда ҳозирнинг ӯзида мавжуд бӯлганларнинг ҳам вужудлари ӯзларига тегишли эмас, зеро агар бир лаҳза Илоҳий файз ва раҳматдан узилиб қолишса, нобуд бӯлишади.
Қайд қилиш жоизким, ваҳҳобийлар пайғамбар (с) ва Аллоҳнинг Авлиёларига тавассул қилишни ширк деб билишади, аммо исломдаги бошқа равияларга кӯра бу улуғ зотларга тавассул қилиш ширк эмас. Зеро, ҳеч ким пайғамбар (с), ҳазрат Али ёхуд Аллоҳнинг бошқа авлиёларини Худога муқобил мустақил қудрат дея тасаввур қилмайди, балки уларни яктопарастлик динини нашр қилиш йӯлида фидокорлик кӯрсатган улуғ инсонлар сифатида эҳтиром қилишади.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Ҳақиқий яктопараст киши Аллоҳдан ӯзга барча маъбудлардан озод бӯлиб, тоғутлар ва ӯзларини ер юзининг ҳокимлари деб билган, ер куррасининг бутун аҳолисини бошқариш даъвосида бӯлган ёвуз қудратларга қарши курашади.
- Дунё ва унда мавжуд нарсалар фонийдир. Аллоҳ ва Аллоҳ учун қилинган холис амалларгина боқийдир.
- Ӯлим йӯқлик ва ҳалокат эмас, балки аслиятга қайтишдир.