декабр 13, 2022 12:36 Asia/Tashkent
  • Нур томон йўл (971)

Муборак Қамар сурасининг 1-8-ояти карималарининг шархи.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.

Олдинги дастурда муборак  Нажм сураси тугаши билан бу дастурда Қамар сураси оятларини осон ва равон тафсир қилишни бошлаймиз. Бу сура ҳам Маккада нозил қилинган бўлиб, мушриклар ва мухолифлар учун огоҳлантиришдир. Ўжарлик билан илоҳий элчиларнинг даъватига қарши бош кўтарган ўтмишдаги қавмлар тақдирининг ифодаси мушрикларнинг Ислом пайғамбарига қарши чиқишни тўхтатиб, ҳақга таслим бўлишлари учундир.

Аввал муборак Қамар сурасининг 1-3-ояти карималари қироатига қулоқ тутумиз:

بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـنِ الرَّحِیمِ

«اقْتَرَبَتِ السَّاعَةُ وَانْشَقَّ الْقَمَرُ»، «وَإِنْ یَرَوْا آیَةً یُعْرِضُوا وَیَقُولُوا سِحْرٌ مُسْتَمِرٌّ»، «وَکَذَّبُوا وَاتَّبَعُوا أَهْوَاءَهُمْ وَکُلُّ أَمْرٍ مُسْتَقِرٌّ»

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Соат (қиёмат) яқинлашди ва ой бўлинди. Агар бир оят-мўъжизани кўрсалар, юз ўгирарлар, бу ўткинчи сеҳр, дерлар. Ва ёлғонга чиқардилар ҳамда ҳавойи нафсларига эргашдилар. Ҳолбуки, ҳар бир иш ўз ўрнини топувчидир

Муборак Қамар сурасининг бош оятларида Ислом пайғамбарининг улуғ мўжизаларидан бирига ишора қилинади. Маккалик мушриклар Пайғамбарнинг даъватини қабул қилмаслик учун ундан Пайғамбар ҳеч қачон қила олмайди деб ўйлаган нарсани сўрадилар. Расулуллоҳга, агар рост гапираётган бўлсанг ва Аллоҳнинг пайғамбари бўлсанг, биз учун ойни иккига бўл! дейишди. Улар сеҳрнинг ердаги нарсаларга таъсири бор, лекин осмонга таъсири йўқ, агар ой ёрилиб кетса, Муҳаммад (с.а.в.)нинг иши сеҳр эмаслиги аниқ бўлади, деб ишонишган.

Айнан шу ерда Пайғамбаримиз Аллоҳдан улар сўраган нарсаларини беришини сўрадилар. Аллоҳнинг изни билан ҳилол тўла бўлган кечада Пайғамбарнинг кўрсатмаси билан ой иккига бўлинди, Макка аҳли буни кўргач, ой аввалги ҳолига қайтарилди.

Бироқ, буни ҳеч қачон кутмаган мухолифлар буни ўзига хос сеҳр деб аташди ва айтишдики,  аслида ой икки бўлинмади, лекин сен бизнинг кўзимизни сеҳргарлар каби шундай тутдингки, ой иккига бўлингандай кўринди

  Мушрикларнинг иддаоларидан фарқли ўлароқ, бу воқеа ҳақиқатда содир бўлди. Шом ва Яман карвонларининг йўловчилари йўлда бу ҳайратланарли воқеани кўрганларидек, ҳатто Ҳиндистон халқи ҳам ойнинг ёрилишини кўрган эди.

Қуръони каримда айтилади: Бу инкорларнинг илдизи нафснинг такаббурлиги бўлиб, у инсоннинг ҳақиқатга бўйсунишига йўл қўймайди ва доимо ўз хоҳишига кўра ҳаракат қилишни яхши кўради, лекин охир-оқибат ҳақиқат ошкор бўлади ва куфр ва  ширк эса ҳалокат ва нобудликдан бошқа охири бўлмайди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Қиёматнинг келиши яқин ва аниқ, бу эса қиёмат куни ва унинг ҳисоб-китоблари ва саволларидан бехабар кимсалар учун жиддий огоҳлантиришдир. Охирги пайғамбарнинг юборилиши ҳам охират яқинлашиб қолганига ишора қилувчи аломатлардан биридир.

2. Ислом пайғамбарининг азалий мўъжизаси бўлган Қуръондан ташқари, у зотнинг бошқа мўъжизалари ҳам бор бўлиб, улардан ойнинг иккига бўлиниши энг муҳимларидан бири эди.

3. Ўжар одамлар мўжизаларни ўз кўзлари билан кўрсалар-да, буни сеҳр деб аташади ва Пайғамбарни инкор этадилар. Нафсоний истакларга эргашиш мухолифатнинг пайғамбарларнинг ҳақлигини қабул қилмасликларининг энг муҳим сабабларидан биридир. 

Энди муборак Қамар сурасининг 4 ва 5-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

«وَلَقَدْ جَاءَهُمْ مِنَ الْأَنْبَاءِ مَا فِیهِ مُزْدَجَرٌ»، «حِکْمَةٌ بَالِغَةٌ فَمَا تُغْنِ النُّذُرُ»

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

 Ва, дарҳақиқат, уларга зажри бор хабарлардан келган эди. (Бу Қуръон) етук ҳикматдир. Бас, огоҳлантирувчилар фойда бермас.

Олдинги оятларнинг давомида шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъватларига мухолифларнинг итоасизликлари жоҳилликдан эмас; Улар ўтган қабилаларнинг тақдирини, туғён ва итоасизлик туфайли қандай ҳалок бўлганини биладилар.

Улар ўтгандан кейин қиёмат бўлишини, жаннат ва дўзах борлигини ўтмишдаги дин вакилларидан эшитган бўлса-да, ҳалигача ўз ёмон ишларини тўхтатмайдилар.

Шубҳасиз, Аллоҳ таоло ва пайғамбарларнинг қилиши керак бўлган нарса, бу огоҳликларга кўпчилик эътибор бермаса ҳам, наф келтирмаса ҳам, ҳақиқат ва ҳикматли сўзлар одамларнинг қулоғига етиб бориши учун ҳужжатни тамом қилишдир.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Ўтмиш тарихини ўрганиш инсонга ўтмишдаги халқлар ва сивилизацияларнинг ҳалокат сабабларини тушунишга ёрдам беради ва уни куфр, гуноҳ ва исёндан сақлайди.

2. Қуръон хабарлари ҳикмат ва мантиққа асосланган бўлиб, оддий одамлар томонидан тушунилиши ва қабул қилиниши мумкин.

3. Пайғамбарлар ўз бурчини адо этиб, ҳақ каломни етказиш билан инсониятга далилни етказадилар, лекин зўрлаб, мажбурлаш нияти биалн эмас, одамлар ўз ихтиёрлари билан ҳақиқатни қабул қилишлари керак. 

сўнгда муборак Қамар сурасининг 6-8-оятлари қироатини тинглаймиз:

«فَتَوَلَّ عَنْهُمْ یَوْمَ یَدْعُ الدَّاعِ إِلَى شَیْءٍ نُکُرٍ»، «خُشَّعًا أَبْصَارُهُمْ یَخْرُجُونَ مِنَ الْأَجْدَاثِ کَأَنَّهُمْ جَرَادٌ مُنْتَشِرٌ»، «مُهْطِعِینَ إِلَى الدَّاعِ یَقُولُ الْکَافِرُونَ هَذَا یَوْمٌ عَسِرٌ» 

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

 Бас, улардан юз ўгир! Чақирувчи мункар нарсага чақирган кунда. Улар қабрлардан, кўзлари қўрқинчга тўлган ҳолда, худди ёйилган чигирткага ўхшаб чиқиб келурлар. Чақирувчига қараб бўйинларини чўзиб, шошилиб борурлар. Кофирлар, бу қийин кун-ку, дерлар

Бу оят ёлғончи ва кофирларнинг ҳаддан ташқари ўжарлигини ифодалагандан сўнг, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мурожаат қилиб: “Уларни тинч қўйинг ва ҳақни қабул қилишга тайёр бўлганларнинг ҳузурига боринг”, дейди. Бу одамлар қиёматни ўз кўзлари билан кўрганларида, ўликлар бирин-кетин ер бағридан чиқиб, қўрқув ва хавотирдан ҳар ерга кетаётганларида уйғонадилар.

Қиёматнинг ҳолати бу одамларга номаълум ва улар янгилик топиш ва ҳаловатга эришиш учун ҳар бир товуш ортидан шошадилар. Аммо улар олдинга силжишлари билан уларнинг даҳшатлари кучаяди ва улар бу дунёда уларга айтилган, лекин рад этишган кун эканлигини тушунишади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Рақибларга қарши баҳсларни тугатгандан сўнг, уларнинг иймон келтиришларига муҳтожмиз ва бу учун илтимос қиламиз деб ўйламасликлари учун баъзан уларни ёлғиз қолдириш керак.

2. Кофирлар ва фосиқлар учун қиёмат манзаралари оғир, кутилмаган ва қўрқинчли бўлиб, улар бундай манзараларга дуч келишни умуман кутмайдилар.

3. Қиёмат жисмоний нарсадир ва одамлар тирилишда нафақат уларнинг руҳлари йиғилади, балки эрнинг қалбиданжасадлари ҳам кўтарилиб қиёматда ҳозир бўлади. 

Ушбу дастурни якунлаш билан сиз азизларни улуғ Тангрига ҳавола қиламиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр.

Ёрлиқ