декабр 21, 2022 12:09 Asia/Tashkent
  • Нур томон йўл (976)

Муборак Раҳмон сурасининг 1-9-ояти карималарининг шархи.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.

 Олдинги дастурда муборак Қамар сураси тугаши билан бу дастурда Раҳмон сураси ояти карималарини осон ва равон тафсир қилишни бошлаймиз.

Бу сура Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларидан бири бўлган “Раҳмон” калимаси билан бошланиб, Аллоҳ таолонинг яратилиш тизимидаги улкан раҳматини ифодалайди. Бу сурада Аллоҳ таолонинг дунё ва охиратдаги барча турдаги моддий ва маънавий неъматлари зикр қилинади ва ҳар бир неъмат зикр қилингандан кейин бандалардан сўралади, сизлар Роббингизнинг қайси неъматларини инкор қиласизлар?

Аввал муборак Раҳмон сурасининг 1-4 ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـنِ الرَّحِیمِ

الرَّحْمَنُ، عَلَّمَ الْقُرْآنَ، خَلَقَ الْإِنْسَانَ، عَلَّمَهُ الْبَیَانَ

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

 Роҳман. Қуръони ўргатди. Инсонни яратди. Унга баённи ўргатди.

Аллоҳнинг Қуръондаги исми Аллоҳдир, Раҳмон эса Унинг сифатларидандир. Лекин Аллоҳ таолонинг улкан раҳматини ифодаловчи бу сифат Аллоҳ учун шунчалик кўп қўлланилганки, у ҳам Аллоҳ лафзи каби Аллоҳнинг исмига айланган ва бу сурада ўз ўрнини эгаллаган.

Қуръоннинг нозил бўлиши ва унинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ва у орқали барча инсон ва жинларга ўргатилгани шу қадар қимматлидирки, бу сурада инсоннинг яратилиш тамойили биринчи ўринда туради. Ҳа! Дарҳақиқат, инсоннинг қадри илоҳий ҳидоят йўлида ҳаракат қилиши ва тўғри йўлдан боришидадир.

Бу ояти карималарда инсонга хос хусусиятлар қаторида инсонни бошқа ҳайвонлардан ажратиб турадиган нутқ ва сўзлаш қудратига ишора қилинади, чунки уларнинг ҳам одамлар каби кўзлари ва қулоқлари бор, лекин бундай нутқ ва суҳбат тури инсоннинг алоҳида имтиёзларидан биридир.

Таъкидлаш жоизки, кенг маънода қўл ёзувини ҳам ўз ичига олган ибора инсоният ҳаётининг тараққиёти ва ривожида, сивилизацияларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишида муҳим ўрин тутади. Агар инсонда сўз қобилияти бўлмаганида, у ҳеч қачон ўз билим ва тажрибаларини авлоддан-авлодга ўтказа олмас эди, натижада фан ва техника тараққиёти учун зарур замин яратилмас эди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Аллоҳ таолонинг барча мавжудотларни қамраб олган, яратилиш тизими ва қонунчилигининг манбайи бўлган энг умумий сифати раҳматдир. Аллоҳ иш бошида “Бисмиллаҳир Роҳманир Раҳим” деб ўзисми ёнида раҳматини ҳам доимо тилга олишни истайди.

2. Таълим бериш Аллоҳнинг ишларидан биридир. Дарҳақиқат, инсониятнинг биринчи устози Аллоҳдир, албатта, устознинг зарурати раҳмат сифатидир.

3. Инсоннинг ўрганиш хусусиятига эга бўлиши ҳам Аллоҳ таолонинг раҳматининг бир кўриниши бўлганидек, Қуръоннинг инсониятни ҳидоятга ўргатиш таълимоти ҳам унинг кўринишидир.

4. Илм ва инсоний тажрибаларни етказиш воситаси бўлган ифода кучи Аллоҳ таолонинг раҳматининг намоёнидир.

Энди муборак Раҳмон сурасининг 5 ва 6-ояти кармалари қироатига қулоқ тутамиз:

الشَّمْسُ وَالْقَمَرُ بِحُسْبَانٍ، وَالنَّجْمُ وَالشَّجَرُ یَسْجُدَانِ 

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Қуёш ва ой ҳисобдадир. Ўт-ўлан ҳам, дарахтлар ҳам сажда қилурлар.

Бу оятларда инсоннинг бошқа махлуқотларга нисбатан имтиёзларидан бири бўлган Қуръон нозил бўлган неъматлар ва сўз қудрати зикр қилинганидан кейин аввал осмонга, сўнгра ерга назар ташлаб: Қуёш ва ой аниқ ва маълум бир тартиб ва ​​ҳисоб бўйича ҳаракат қилади . Уларнинг вазни ва массасининг миқдори, ердан ва бир-биридан узоқлиги маълум масштабда бўлади, шунинг учун, масалан, ердан қуёшгача бўлган масофа ортиб ёки камайса, ердаги барча одамлар ва тирик мавжудотлар қаттиқ совуқдан азият чекади ёки улар иссиқлик билан йўқ қилинади.

Кеча ва кундузни келтириб чиқарадиган ернинг ўз атрофида айланиши, шунингдек, йилнинг турли ой ва фаслларини юзага келтирадиган қуёш атрофида мунтазам айланиши, шунингдек, ойнинг маълум бир орбита бўйлаб ер атрофида айланиши; Буларнинг барчаси дунёдаги  тартибнинг аниқ мисоллари ва аниқ ҳисоб кўринишларидир.

Олимлар нуқтаи назаридан, ой ва қуёшнинг ўз орбитасидаги ҳаракати шу қадар аниқ ва мунтазамки, улар ой ва қуёш тутилишининг аниқ вақтини бир неча ўн йиллар олдин башорат қилишлари мумкин.

Яна бир жиҳат шундаки, қуёшнинг, бу иссиқ ва оловли шарнинг мавжудлиги инсоният учун энг катта неъматлардан биридир, чунки унинг нури ва иссиқлигисиз ердаги мавжудотларнинг ҳаёти мумкин эмас.

Инсоннинг озиқланиши учун зарур бўлган ўсимлик ва материалларнинг ўсиши ва ривожланиши, ёмғир ва шамолнинг барчаси шу илоҳий неъмат туфайлидир.

Ой ҳам инсон ҳаётида муҳим рол ўйнайди. Ой қоронғу тунларда чироқ каби ёруғлик беради. Денгизларда ҳаётнинг сақланиб қолиши ва ернинг ўзаро таъсирида денгиз тўлқинларининг манбаи бўлган унинг тортишиш кучи катта рол ўйнайди.

ер юзида барча турдаги ўсимликлар ва дарахтлар одамлар ва бошқа мавжудотлар учун озиқ-овқат манбаи ҳисобланади. Уларнинг барчаси Аллоҳ ўзлари учун белгилаб қўйган табиий қонунларга амал қиладилар ва уларни бузмайдилар.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Осмонлар ва ер аниқ ва муайян бир тизимга кўра бошқарилади ва уларнинг ҳеч бири Аллоҳ улар учун белгилаб қўйган йўлни бузмайди.

2. Коинот инсониятга хизмат қилишда ҳеч нарсадан тап тортмапйди, лекин инсоният ўзини гўё табиат ва атроф-муҳитни бузишга интилётгандек тутади.

3. Бутун дунё Аллоҳ томонидан олдиндан белгилаб қўйилган тартиб ва ​​режага бўйсунади

Сўнгда биз муборак Раҳмон сурасининг 7-9-оятлари қироатига қулоқ тутамиз:

وَالسَّمَاءَ رَفَعَهَا وَوَضَعَ الْمِیزَانَ، أَلَّا تَطْغَوْا فِی الْمِیزَانِ، وَأَقِیمُوا الْوَزْنَ بِالْقِسْطِ وَلَا تُخْسِرُوا الْمِیزَانَ 

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Осмонни баланд кўтарди ва тарозуни ўрнатди. ортишда ҳаддан ошмаслигингиз учун. (Агар ушбу тарозуни Ислом дини, Қуръон китоби, Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбари орқали ўрнатмаганида, адолат мезони бузиларди, ҳақдан ботил устун келарди. Ер юзини фисқу фасод босарди.) Адолат ила ўлчанг ва тарозудан уриб қолманг.

Аввалги оятларнинг давоми сифатида бу оят миллиардлаб юлдуз ва сайёраларни ўз ичига олган улкан галактикаларнинг яратилишига ишора қилиб, Аллоҳ таоло улар учун маълум бир тизим ва орбита белгилаб қўйганлиги ҳақида гапириб, шундай дейди: Бу улкан осмонни яратган Аллоҳ ҳуқуқий тизим учун ўлчов ва мизон яратган, токи сиз унга асосланиб ҳақ ва адолатни билишингиз ва ботилдан сақланишингиз учун учун.

Молиявий ва иқтисодий масалаларда, шахсий ва ижтимоий ҳуқуқларда тўғри ва нотўғрини ўлчанг ва бошқаларнинг ҳуқуқларини оз ёки кўп бўлишидан сақланинг; Бошқалар билан муносабатларингизда доимо ҳалол ва адолатли бўлинг.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Мавжудлик тизими тасодифий ва олдинги режасиз яратилган эмас, балки аниқ ўлчов ва тартибга асосланади.

2. Яратилиш олами ўлчовга асосланган бўлганидек, ваҳий ва шариат ҳам инсонлар ўз амалларида ақл ва ваҳий ўлчови билан ҳақиқат ва адолатга риоя қилишлари учундир.

Ушбу дастурни якунлаш билан сиз азизларни буюк Аллоҳга ҳавола қиламиз ва сизларнинг фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр. Саломат бўлинг.

Ёрлиқ