Нур томон йўл (977)
Муборак Раҳмон сурасининг 10-18-ояти карималарининг шархи.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.
Аввал муборак Раҳмон сурасининг 10-13-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:
وَالْأَرْضَ وَضَعَهَا لِلْأَنَامِ، فِیهَا فَاکِهَةٌ وَالنَّخْلُ ذَاتُ الْأَکْمَامِ، وَالْحَبُّ ذُو الْعَصْفِ وَالرَّیْحَانُ، فَبِأَیِّ آلَاءِ رَبِّکُمَا تُکَذِّبَانِ
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Ва ерни ҳалойиқ учун қўйди. У(ер)да мевалар ва гулкосали хурмолар бор. Ва сомонли донлар ҳамда райҳон бор. Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Аллоҳнинг инсонга берган неъматларидан бири унинг ҳаёти ва яшаши учун ер билан таъминлашдир. Биологик далилларга кўра, авлодлари йўқ бўлиб кетган ёки йўқ бўлиб кетиш арафасида турган кўплаб организмлар бўлган, лекин инсон зоти доимо ўсиб борган ва ер юзида унинг яшаши учун барча зарур воситалар таъминланган.
Инсониятнинг омон қолиши сабабларидан бири инсон озиқланишининг асосий манбаи бўлган ер юзида турли хил ва кўп маҳсулотга эга бўлган ҳар хил турдаги ўсимликлар ва дарахтларнинг ўсишидир. Бу ўсимликлар инсон танасининг барча эҳтиёжларини таъминлайди ва унинг овқат ҳазм қилиш тизимининг тузилишига мос келади. Одамлар учун гўшт вазифасини ўтувчи ҳайвонлар ҳам бу ўсимликлар билан озиқланади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Аллоҳнинг неъматларини билиш Аллоҳнинг илми, қудрати ва раҳматини билишнинг воситаси бўлиб, Унинг ҳузурида тавозега сабаб бўлади.
2. Мева инсон озиқланишида муҳим рол ўйнайди ва, албатта, мевалар орасида хурмо ўзига хос озуқавий қийматга эга, шунинг учун у алоҳида қайд этилган.
3. Хушбўй ўсимликлар ва улардан ҳидланадиган ёқимли ҳид яна бир илоҳий неъматдир.
Энди муборак Раҳмон сурасининг 14-16-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:
خَلَقَ الْإِنْسَانَ مِنْ صَلْصَالٍ کَالْفَخَّارِ، وَخَلَقَ الْجَانَّ مِنْ مَارِجٍ مِنْ نَارٍ، فَبِأَیِّ آلَاءِ رَبِّکُمَا تُکَذِّبَانِ
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Инсонни сополга ўхшаш қуриган лойдан яратди. Ва жинларни алангадан яратди. Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз.
Бу оятлар инсон ва жинларнинг ер юзида ақлли мавжудот сифатида яратилишига ишора қилади. Айтилади: Бу дунёнинг байроғи бўлган инсон энг қадрсиз нарса бўлган тупроқдан яратилган бўлиб, у сувга аралашгандан сўнг лой, кулолчилик ва ғиштларнинг бирламчи материалига айланади. Бинобарин, инсоннинг қадри лойдан қуриган танасида эмас, Аллоҳ таоло унга пуфлаган руҳидадир.
Жин ҳам Аллоҳ таолонинг яратганларидан бири бўлиб, унинг борлиги Қуръони каримнинг кўп оятларида зикр қилинган ва Қуръон сураларидан бири жин номи билан аталган. Бу ояти каримага кўра, жин оловдан, жиндан бўлган шайтон эса шундан келиб чиқиб, ўзини ердан яратилган Одам Атодан устун деб билган. Оловнинг ер ва сувдан устунлиги учун ҳеч қандай сабаб йўқ.
Бундан ташқари, бу иккаласининг ҳеч бири ўзларининг келиб чиқишида рол ўйнамаган. Дарҳақиқат, жин ва инсон ўзларини яратган ва ҳар хил неъматларни ато этган яратувчисига шукр қилишлари керак; Аммо, афсуски, иккала гуруҳнинг катта қисми ношукурдир.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Сувда, тупроқда, оловда ҳаёт йўқ, лекин Аллоҳ таоло ана шу жонсиз моддалардан ақл ва онг эга тирик мавжудотларни яратган ва бу ҳам Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан биридир.
2. Жинлар ҳам, инсонлар ҳам ердаги мавжудотлар ва моддий элементлардан яратилган.
3. Биз кўрмайдиган ва сезгиларимиздан яширин нарсаларни инкор этмаслигимиз керак. Жин кўринмас мавжудотни англатади ва биз уни кўра олмаймиз, шу билан бирга у Аллоҳнинг яратганларидан биридир ва уни инкор этиб бўлмайди.
4. Неьматга ношукурлик қилиш мазамматланган ишдир, инсон ҳам, жин ҳам бу нохуш масалага илинади.
Сўгда муборак Раҳмон сурасининг 17 ва 18-ояти кармалари қироатига қулоқ тутамиз:
رَبُّ الْمَشْرِقَیْنِ وَرَبُّ الْمَغْرِبَیْنِ، فَبِأَیِّ آلَاءِ رَبِّکُمَا تُکَذِّبَانِ
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
У икки машриқ ва икки мағрибнинг Роббисидир. (Икки машриқ деганда, қуёшнинг ёздаги ва қишдаги чиқиш жойларини ҳамда икки мағриб деганда, ёздаги ва қишдаги ботиш жойларини тушуниш керак.) Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?
Бу ояти карималар яна бир бор инсоннинг диққатини ернинг орбитасига қаратади ва шундай дейилади: Ер ва қуёшни яратган Аллоҳ шундай режа қилганки, йил давомида қуёшнинг ерга порлаши бир хил эмас, балки ўзгаради.
Ёзнинг бошида қуёш осмоннинг энг баланд нуқтасида бўлиб, энг кўп нурланиш ва иссиқликка эга, қишнинг бошида эса қуёш осмоннинг энг паст нуқтасида бўлиб, ерга энг кам иссиқликни беради. Бу тўрт фаслнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Бу икки нуқта аслида қуёшнинг максимал ва минимал чиқиши ва қуёш ботишидир ва бошқа қуёш чиқиши ва ботиши йил давомида улар орасида жойлашган. Шуни таъкидлаш керакки, қуёш йилнинг ҳар куни бир нуқтадан чиқиб, бошқа нуқтада ботади ва шу тариқа, йил давомида қанча кун бўлса, шунча кун шарқ ва ғарбга эга бўлади. Демак, “Меърож” сурасининг 40-оятида йилнинг ҳар бир кунида қуёшнинг турли шарқ ва ғарбий томонларини кўрсатувчи шарқ ва ғарб ҳақида айтилган. Лекин таъкидланганидек, бу оят йил давомидаги икки хил шарқ ва ғарбга, улар орасида бошқа шарқ ва ғарбларга ишора қилади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Қуръон инсониятни осмон ва юлдузларни билишга чақиради. Аллоҳ таолонинг осмондаги неъматлари, жумладан қуёш, ой, юлдузлар ва уларнинг орбиталарини билиш Қуръоннинг диққат марказидадир.
2. Кунларнинг қисқариши ва узайиши, ҳавонинг йил давомида исиши ва совиши тасодифий эмас, балки илоҳий режалаштириш ва ердаги мавжудотларнинг ҳаёт айланиши эҳтиёжларига асосланган.
Ушбу дастурни якунлаш билан сиз азизларни улуғ Тангрига ҳавола қиламиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр. Саломат бўлинг.