ноябр 03, 2016 12:50 Asia/Tashkent

Шаҳид Чамрон номидаги Аҳвоз университети-1

Азизлар, бугун Эрон  жанубий-ғарбида  жойлашган  улкан университетлардан бири шахид Чамрон  номидаги  олий ӯқув юрти ҳақида суҳбатлашамиз.Шаҳид Чамрон   номидаги университет Эрон ислом жумҳуриятининг энг улкан ва энг муҳим илм масканларидан бири бӯлиб, у Хузистон вилоятининг маркази  Аҳвоз шаҳрида жойлашган. Тарихий далилларнинг гувоҳлик беришича Хузистон эрамиздан саккиз минг йил аввал инсониятнинг қадимий маданият марказларидан бири бӯлган. Вилоятнинг Ийзеҳ, Масжиди Сулаймон, Шуш, Шуштар, Ҳафт теппа, Беҳбаҳон ва Аҳвоз шаҳарларидан топилган Ийломийлар,  Аҳмонийлар, Ашконийлар ва Сосонийлар даврига хос бӯлган тарихий ёдгорликлар бу вилоятнинг нақадар қадимий ва бой тарихга эга эканлигининг далолатидир. Ҳафт теппа яқинидаги Чуғоз Набил ибодатхонаси,  Шуш шаҳридаги Оподоно қасри ва Дониёл алайҳиссаломнинг марқади, Ийзеҳ да Фараҳ кӯли каби тарихий обидалар саёҳатчиларни мафтун айлаган жозибали масканлардир.

Қатор пӯлат эритиш заводлари, нефт саноати корхоналари,  Имом порти, Ободондаги нефтни қайта ишлаш маркази каби иқтидорли ишлаб-чиқариш корхоналарига эга бӯлган Хузистон бугунги кунда Эрон ислом жумҳуриятининг саноат марказларидан бири ҳисобланади.

Кӯп миқдордаги нефт ва газ манбалари, халқаро сув йӯлларининг мавжудлиги, сув ва иссиқлик электр энергияси ишлаб чиқарадиган стансиялар бу вилоятни бошқа минтақалардан ажратиб турувчи афзалликлардир.

Хххххххххххххххххх

Маълумки, Эрон инсоният маданиятининг асосий бешикларидан бири ҳисобланади. Бу афсонавий мамлакатда қадим-қадимдан илм-фан ривожига юксак эътибор қаратилган. Эроннинг қадимий илм масканларидан бири Гунди Шопур ёхуд Жунди Шопур шаҳрида бунёд этилган дорилфунундир. Бу илм масканида тиббиёт, фалсафа, илоҳиёт, мусиқа,  бошқарув илми ва қишлоқ хӯжалиги каби турли фанлар шогирдларга таълим берилган.Тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, Жунди Шопур академияси дунёнинг тиббиёт фанлари ӯқитилган энг қадимги илм масканларидан биридир. Бу академия ва унинг қошидаги шифохонада эронлик шифокорлар билан биргаликда Ҳиндистон ва Юнонистондан келган олим, тадқиқотчи ва табиблар тадқиқот ишлари олиб бориш билан биргаликда беморларни даволашган.

Жунди Шопур  академияси 400 йил давомида  математика, фалсафа, коинотшунослик ва медитсина фанлари бӯйича дунёнинг энг нуфузли илм маркази ҳисобланган. Унда илм-фаннинг турли соҳалари, айниқса табобат бӯйича Эрон, Ҳиндистон, Юнон, Искандария  ва сурёний тилда сӯзлашувчи олимларнинг тажрибаларидан фойдаланиларди. Натижада ислом тарихчиларининг зикр қилишича, Эрон  медитсинаси Юнонистондаги табобат илмидан кӯра анча   ривожланган эди.

Хузистон ва унинг шаҳарларидан бири ҳисобланган Гунди Шопур  ӯз даврининг жуда обод иқтисодий марказларидан ҳисобланарди. Бу минтақада ҳарир тӯқиш саноати ҳамда қанд ва шакар ишлаб чиқариш кенг йӯлга қӯйилган эди. Жунди Шопур, Шуш ва Шуштар шаҳарлари ӯз замонасининг маҳсулот ишлаб чиқарувчи йирик  марказлари сифатида донг таратган эди. Қимматбаҳо гиламлар, олтин-кумушдан ясалган нафис заргарлик буюмлари, шунингдек Эроннинг муҳим импорт ва экспорт маркази бӯлган Жунди Шопур шаҳри эса Хузистон шаҳарлари орасида махсус мавқеъга эга бӯлган. Археологик қазиш ишлари натижасида аниқланган кӯплаб каналларнинг қолдиқлари бу минтақада сунъий суғориш ишлари яхши йӯлга қӯйилиб,  қишлоқ хӯжалиги гуркирраб ривожланганидан далолат беради.

Бу минтақада иш қуроллари ва ишлаб-чиқариш  воситаларининг такомиллашуви, илм-фаннинг юксак даражадаги  ривожининг маҳсули ҳисобланади.

Кейинчалик Аббосийлар давлати замонида  халифалар Жунди Шопур дорилфунуни олимларини хилофатнинг маркази Бағдод шаҳрига даъват қила бошлашди. Энг машҳур донишмандларнинг кетиб қолгани сабабли аста-секин Жунди шопур академиясининг нуфузи пасая борди.

Хххххххххххххххххххххх

 

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда  “Эрон олий ўқув юртлари билан танишамиз”   эшиттиришининг янги  сонини  тинглаяпсиз.   Радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/ uz орқали хоҳлаган пайтда эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига эгасиз.    Радиомизнинг электрон манзили ҳам [email protected] ўрнига [email protected]га ўзгарди.

Хххххххххххххххххххх

Жунди Шопур академиясидан  сӯнг асрлар ӯтиб  1955 йили Аҳвоз шаҳрида шу ном билан янги илм масканига асос солинди. Бу университетнинг илк факултети  қишлоқ хӯжалиги институти эди. Деҳқончилик илмини ӯрганишга бағишланган бу олий ӯқув юрти 40 нафар талаба билан ӯз фаолиятини бошлади. Орадан бир йил ӯтгач тиббиёт институти, шу тартибда йилдан-йилга бошқа институтларнинг дарвозалари  ҳам  илм толибларига  очила бошлади.

Мамлакатда исломий инқилоб ғалабасидан сӯнг хорижий кучлар Эрон ислом жумҳуриятини уруш оловига тортишди. Муқаддас мудофаа йиллари Аҳвоз университети Ватан учун фидоий кучларнинг асосий марказларидан бирига айланди.  Муқаддас мудофаа  жангларида мислсиз жасоратлар кӯрсатган  шаҳид, доктор Мустафо Чамрон жанговар гуруҳининг штаби бӯлган  Аҳвоздаги Жунди Шопур университети  бу довюрак ватанпарвар қаҳрамон шаҳодатидан сӯнг унга юксак эҳтиром рамзи сифатида  шаҳид Чамрон номи билан аталадиган бӯлди.