ноябр 05, 2016 13:46 Asia/Tashkent

705-қисм."Анкабут" муборак сурасининг 1-7 - ояти карималари.

 

Суҳбатимиз ибтидосида  “Анкабут” муборак сураси  1-3-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

الم ﴿١﴾ أَحَسِبَ النَّاسُ أَن يُتْرَكُوا أَن يَقُولُوا آمَنَّا وَهُمْ لَا يُفْتَنُونَ ﴿٢﴾ وَلَقَدْ فَتَنَّا الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ ۖ فَلَيَعْلَمَنَّ اللَّـهُ الَّذِينَ صَدَقُوا وَلَيَعْلَمَنَّ الْكَاذِبِينَ ﴿٣﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Алиф. Лом. Мийм. (1) Одамлар »иймон келтирдик« дейишлари ила имтиҳон қилинмай, тарк этилишларини ўйладиларми? (Иймон калимасини оғизда айтиш осон. Ҳар ким ҳам, иймон келтирдим, деб айтавериши мумкин. Аммо тил билан айтилган калима дилдан чиққанми ёки йўқми, буни аниқлаш учун банда синов-имтиҳондан ўтиши керак.) (2) Ва, батаҳқиқ, Биз улардан олдингиларни ҳам имтиҳондан ўтказганмиз. Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак. (3)

Бу муборак суранинг номи Қуръони каримнинг бошқа бир қатор суралари каби ҳайвонот номидан олинган. Суранинг 41- ояти каримасида ширкнинг асослари ӯргимчак уясидек заиф ва ӯткинчи, дея айтилган.

Қуръони каримнинг 29 та сураси муқаттаъот ҳарфлар билан бошланади. Бу муборак сура ҳам шундай ҳарфлар билан бошланган. Олдинги суҳбатларимизда муқаттаъот ҳарфлар рамзли ҳарфлар эканлигини айтган эдик. Умуман олганда бу рамзли ҳарфлар Қуръони карим алифбонинг мана шу оддий ҳарфларидан ташкил топган Илоҳий муъжизадир, қӯлингиздан келса, сиз ҳам мана шу оддий ҳарфлардан Қуръон каби муъжизали китоб тузиб, олам аҳлига тақдим этинг, деган маънони билдиради.

Муборак суранинг дастлабки ояти карималарида тарих давомида яшаб ӯтган бутун инсониятни ӯз ичига олган, инсонларнинг ботиний ниятларини  ошкор этадиган, ҳақиқий ихлосмандларни ёлғон даъвогарлардан ажратадиган  Илоҳий бир синов суннати тилга олинади.

Айрим кишилар ӯзларини ҳақиқий мӯмин деб билиб, Худонинг асл бандасиман, дея тасаввур қилишади, аммо иймон йӯлида қийинчиликларга дуч келгач, иймонларидан бемалол воз кечишади.

Мунофиқлар эса қалбида иймони бӯлмасада,  исломий жамиятда яшагани сабабли ӯткинчи манфаатлари учун ӯзларини иймон аҳли қилиб  кӯрсатишга ҳаракат қилишади. Бу тоифа кишилар ҳам озгина қийинчиликка юзлангач, асл башаралари намоён бӯлади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Иймонлиман, дея даъво қилиш, шиор ташлаш ҳали иймонлиликнинг нишонаси эмас. Бу мураккаб йӯлнинг ӯзига хос синовлари ҳам бор. Инсон ӯз иймонини ҳимоя қилиш учун фидоийликларга тайёр эканлигини исботлаши лозим.
  2. Бандасини имтиҳон қилиш Аллоҳнинг тарих давомидаги доимий суннатидир. Бойлар бойлиги билан, камбағал камбағаллиги, қудрат соҳиблари қудрати билан, кучсиз бечоралар эса бечоралиги билан имтиҳон қилинади.

Энди “Анкабут” муборак сураси  4--5-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

أَمْ حَسِبَ الَّذِينَ يَعْمَلُونَ السَّيِّئَاتِ أَن يَسْبِقُونَا ۚ سَاءَ مَا يَحْكُمُونَ ﴿٤﴾ مَن كَانَ يَرْجُو لِقَاءَ اللَّـهِ فَإِنَّ أَجَلَ اللَّـهِ لَآتٍ ۚ وَهُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ ﴿٥﴾

Бу ояти  карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Ёки ёмонликларни қиладиганлар Биздан қочиб қутулишни ўйлайдиларми? Қилган ҳукмлари қандай ҳам ёмон-а?! (4) Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, албатта, Аллоҳ белгилаган вақт келгувчидир. У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчидир. (5)

Аллоҳнинг имтиҳонини баён этган олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти карималарда икки гуруҳ:  мӯминлар ва кофирларга мурожаат қилиниб, кофирларга таҳдид сифатида буюрилади: улар Илоҳий қудрат устидан ғалаба қиламиз ва Илоҳий жазони четлаб ӯтамиз, деб ӯйлашмасин. Уларнинг Аллоҳга итоатсизлиги ва мӯминларга озор-азият етказишлари номаи аъмолларига ёзилган ва бу нарса Илоҳий адолат маҳкамасида сарҳисоб қилиниб, жазога тортилади.

Иймон аҳли ҳам имкони борича Аллоҳнинг тоат-ибодатига сай-ҳаракат қилишсин, душманларнинг босими ҳамда йӯлларига тӯсқинлик қиладиган муаммоларга дуч келгач, иймонларидан воз кечишмасин, зеро, Аллоҳ қиёматни ваъда қилган ва бу ваъда қатъийдир. Сарҳисоб куни моддий пардалар сидириб ташлангач, ҳақиқатлар ошкора бӯлади. 

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1. Гуноҳ қилишга одатланиш кишининг дунёқарашига манфий таъсир кӯрсатади. Унинг Аллоҳ ва яратилиш тизими ҳақидаги тасаввурларини чалғитади.

2. Ёмонликни касб этган кишилар Аллоҳ берган муҳлатдан суиистифода қилмасинлар, зеро ҳар қандай муддат  охир-оқибат ниҳоясига етади ва қиёмат қоим бӯлади.

Эзгулик тарафдорлари ҳам сабр-тоқатга риоя қилишсин, зеро, Аллоҳнинг ваъдаси қатъийдир.

Энди “Анкабут” муборак сураси  6-7-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَمَن جَاهَدَ فَإِنَّمَا يُجَاهِدُ لِنَفْسِهِ ۚ إِنَّ اللَّـهَ لَغَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ ﴿٦﴾ وَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَنُكَفِّرَنَّ عَنْهُمْ سَيِّئَاتِهِمْ وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَحْسَنَ الَّذِي كَانُوا يَعْمَلُونَ ﴿٧﴾

Бу ояти  карималар   қуйидагича таржима қилинган:

Ким жиҳод қилса, бас, албатта, ўз фойдаси учун жиҳод қилур. Албатта, Аллоҳ барча оламлардан беҳожатдир. (6)Иймон келтириб, яхши амаллар қилганларнинг ёмонликларини, албатта, ўчирурмиз ва уларни қилган амалларининг энг яхшиси ила мукофотлармиз. (7)

Иймонли киши фаол ва ҳаракатдаги инсондир. У ислом ва мусулмонларнинг ривож-равнақи учун сай-ҳаракат қилмоғи, зарур бӯлганда ислом душманларига қарши курашмоғи, жиҳод қилмоғи  лозим. Табиийки, Аллоҳ таъоло иймон аҳлининг динни ҳимоя қилишига муҳтож эмас, улар бажарадиган ишларнинг фойдаси ӯзларигадир.

Аллоҳ эзгулик қилувчи кишилар унинг лутфу марҳаматидан баҳраманд бӯлиши ҳақида ваъда берган. Худо уларнинг хато ва камчиликларини кечиради, эзгуликларига кӯпайтириб савоб ато қилади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Бу ояти карималарда жиҳод дейилганда фақатгина қилич ва қалқон билан душманга қарши курашиш эмас, балки барча сай-ҳаракатлар кӯзда тутилган. Ӯзлигини англашга ҳаракат, нафсга қарши кураш, сиёсат, иқтисод ва маданиятжабҳасида душманларнинг ҳийла-найрангини чипакка чиқариш... буларнинг барчаси мусулмонлар манфаатини кӯзлаган жиҳодий ҳаракатлардир.
  2. Худо  йӯлида сай-ҳаракат қилсак, Аллоҳ таъоло бизнинг хато ва камчиликларимизни кечириб, эзгу амалларимизга бир неча баравар савоб ато айлайди. Худо  йӯлида сай-ҳаракат қилсак, Аллоҳ таъоло бизнинг хато ва камчиликларимизни кечириб, эзгу амалларимизга бир неча баравар савоб ато айлайди.