Такфирий жараёнлар
фалон дорининг фойдаси тегди
Аллоҳ таоло номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони билан хизматингиздамиз. Бизни тинглаб боринг.
Олдинги эшиттиришларимизда таъкидлаб ўтганимиздек, (ваҳҳобийларнинг ва енгил йўл билан мол-мулкка эришиш илинжида улар орасига аралашиб кетган текинхўр ваҳшийларнинг Тоиф, Макка, Мадина ва бошқа жойлардаги мусулмонларга қилган зулму исканжалари, хотин-халаж, бола-чақаларни аёвсиз ўлдирганлари Аҳмад бин Зайни Даҳлоннинг "Хулосат-ул-калом" китобида, Айюб Сабрий бошонинг 1879 йилда нашр қилинган "Тарихи ваҳҳобиён" ва "Миръот-ул-Ҳарамайн" китобларида батафсил тасвирланган. Юраги дош бера оладиганлар ўша манбалардан маълумот олишлари мумкин. Бу бузғунчиларнинг Усмоний давлати томонидан қандай жазоланганликлари ва биринчи Жаҳон Урушидан кейин яна инглизларнинг катта молиявий ҳамда қурол-аслаҳа ёрдамлари туфайли қандай қилиб бошқатдан давлат қурганликлари ҳам бафуржа баён қилинган.)
Абдулваҳҳоб ўғлининг мана шу нотўғри таълимотларни ёйишдан мақсади гўёки Аллоҳга тавҳидда холис бўлиш ва мусулмонларни ширкдан қутқариш учун эмиш. Унинг фикрича мусулмонлар ширкка ғарқ бўлган эмиш. Яъни ундан бошқа барча мусулмонлар бутларга ибодат қиладиган кофир эмиш. Ўзи эса, мусулмонларнинг динини ўша "ширклардан" тозалаш учун, реформалаш учун енг шимариб майдонга чиққан эмиш. Бошқа моддаларда унинг бузуқ фикрларини ва мусулмонларнинг қарши жавобларини тафсилоти билан ёзамиз. Бу ерда ўша бобга муқаддима тариқасида баъзиларини келтирамиз.
Ваҳҳобийликнинг отаси бўлган бу бидъатчи, нотўғри талимотларига ҳаммани ишонтириш учун Аҳкоф сурасининг 5-ояти каримасини, Юнус сурасининг 106-ояти каримасини ва Раъд сурасининг 14-ояти каримасини далил сифатида илгари сурган. Аслида уларга ўхшаган яна анчагина ояти карималар бор ва барчасининг бутпараст кофирларни, мушрикларни таърифлаш, таҳқирлаш учун нозил бўлганини тафсир олимлари иттифоқ билан баён қилишган.
Абдулваҳҳоб ўғлининг тушунчаларига кўра бир мусулмон Расулуллоҳдан, бошқа пайғамбарлардан, авлиёлардан, солиҳлардан бирининг қабри ёнида ёки узоқда бундан (истиғоса қилса) бирон дардидан, ғам-ташвишидан қутилиш учун ёрдам сўраса ёки у зотнинг исмини айтиб шафоатини сўраса, қабрини зиёрат қилиш учун борса, бу мусулмон мушрик бўлармиш. Аллоҳу таоло Зумар сураси учинчи оятида бутга сиғинган кофирларни таърифламоқда. Улар эса, пайғамбарларни ва авлиёни восита қилиб дуога қўл очган мусулмонни кофирликда айблай олиш учун айнан мана шу ояти каримани далил кўрсатишмоқда. Мушриклар ҳам бутларнинг яратишга қодир эмаслигига, ҳамма нарсани Аллоҳнинг яратганига ишонишарди дейишмоқда. Ҳатто Анкобут сурасининг 61 ва Зуҳруф сурасининг 87-ояти карималарида маолан “Буларни ким яратганини улардан сўрасанг, албатта, Аллоҳ яратди дейдилар” деб Аллоҳнинг каломи билан нотўғри фикрларини тасдиқлашга уринишмоқда. Кофирлар мана шу эътиқодда бўлганлари учун эмас, балки Зумар сурасининг 3-оятида билдирилган “Аллоҳдан бошқаларини дўст қилиб олганлар, улар шафоат қилиб, Аллоҳу таолога бизни яқинлаштирадилар дейдилар” маоли шарифини айтганлари учун мушрик ва кофир бўлади дейишмоқда. Яъни пайғамбарларнинг, авлиёнинг қабрларидан шафоат, ёрдам сўраётган мусулмонлар ҳам шундай гаплари туфайли мушрик бўлармиш.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда "Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com / uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.
Абдулваҳҳоб ўғлининг бу ояти каримани далил сифатида кўрсатиб, мусулмонларни кофирларга, мушрикларга қиёс қилиши жуда жирканч аҳмоқона ва ботил бир иш. Чунки кофирлар шафоат қилиши учун бутларга ибодат қилишарди.
Аллоҳу таолони қўйиб, истакларини фақат бутлардан исташарди. Аллоҳу таолонинг оламларга раҳмат қилиб юборган Муҳаммад алайҳиссаломга ва келтирган ислом динига ишонишмасди. Биз мусулмонлар эса, Аллоҳга ва Расулига имон этиб, келтирган ислом динига эътиқод қиламиз. Зотан буларга имон келтирганимиз учун мусулмон бўлганмиз. Имон келтирганлар билан бутга сиғинувчи мушрикларни ҳеч ҳам бир-бирига қиёслаб бўладими? Бу икки зид тоифа ҳеч ҳам бир-бирига ўхшатиладими? Устига устак бу мушриклар Пайғамбарни инкор этганлари етмагандек, Расулуллоҳга ва имон келтирган мусулмонларга турли азиятлар бериб, уларга қарши қанча маротаба жанг ҳам қилишганди. Биз Пайғамбарларга, авлиёларга асло ибодат қилмаймиз, ҳамма нарсани фақат Аллоҳдан кутамиз. Авлиё ва набийларнинг эса, дуо ва тилакларимизнинг ижобат бўлишида восита, васила бўлишинигина сўраймиз. Оламларга раҳмат қилиб юборилган энг севгили қул, энг улуғ Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг шафоат қилишларини истаймиз.
Кофирлар бутларининг хоҳлаганча шафоат қилишларига, ҳар истаганларини Аллоҳга қилдиришга қодир эканликларига ишонишарди. Биз мусулмонлар эса Аллоҳу таолонинг севган қулларига шафоат қилишга изн беришини, севганларининг шафоат ва дуоларини қабул қилишини Қуръони каримда хабар бергани учун мана шу суюнчиларга ишонганимиз туфайли Аллоҳу таолонинг севгилиси бўлган улуғ Пайғамбаримиздан, севгили қуллари бўлган авлиёлардан шафоат ва ёрдам сўрамоқдамиз.
Кофирларнинг бутга сиғинишлари билан мусулмонларнинг авлиёдан ёрдам сўрашларини битта тарозига қўйиб бўлмайди. Мусулмон билан кофир, иккаласи ҳам ташқи кўринишдан инсондир. Мана шу жиҳатдан бир-бирига ўхшайди. Лекин мусулмон Аллоҳу таолонинг дўсти, у абадий жаннатда қолади. Кофир эса Аллоҳу таолонинг душмани бўлиб, абадиян жаҳаннамда қолади. Кўринишда бир-бирига ўхшашлари уларнинг ҳамиша бирдай бўлиб қолишларига далил бўла олмайди.
Қадрли тингловчилар, “Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.