ноябр 12, 2016 06:34 Asia/Tashkent

Тингловчилар сўҳбати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Биз ва тингловчи" номланган ҳафталик эшиттиришнинг янги сони  яна эфирда. Бизни тинглаб  борасиз деган умиддамиз.

Маълумки, 1972 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Стокгольм шаҳрида ўтказилган конференцияси қарорига мувофиқ, 5 июнь “Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни” деб эълон қилинган эди.

Дунёнинг кўплаб мамлакатлари мутахассислари иштирокида бўлиб ўтган мазкур анжуманда шундай хулосага келиниши бежиз эмас. Чунки ўша даврдаёқ бу ҳаётий муҳим масала мамлакатлар, мутахассислар, умуман, жамоатчилик олдидаги долзарб вазифалардан бирига айланганди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 2009 йилнинг 1 майидаги 63-сессиясида қабул қилинган резолюцияда Ер ва унинг экотизими инсониятнинг уйи экани, биз сайёрамизни авайлаб-асрашимиз лозимлиги белгилаб қўйилган. Чунки, ҳозирги ва келгуси авлодларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳамда экологик эҳтиёжлари орасидаги адолатли мутаносибликка эришиш мақсадида она замин уйғунлигини сақлаб қолиш ҳар доимгидан кўра ХХI асрда долзарб муаммога айланиб бораяпти. Аслини олганда эса, Ер юзида жойлашган барча мамлакатлар ва уларда яшайдиган инсонлар ҳамда жонзотларнинг Ер билан боғлиқ манфаатлари муштарак.

Албатта, кишилик жамияти тараққиётининг барча босқичларида сайёрамиз табиий бойликлари, ҳайвонот ва наботот олами инсоннинг ҳаётий фаолияти учун зарурий эҳтиёжлар манбаи бўлиб келган. Таассуфки, техника ва технология жадал ривожлангани сари инсон ўзи ҳам мана шу табиатнинг ажралмас бир бўлаги эканлигини унутиб қўйди. Таъбир жоиз бўлса, уни едириб-ичирган, қорнини тўйғазган, уст-бошини бутлаган ва яна қанчадан-қанча эҳтиёжларини қондирган Ерни ўз измига буйсундиришни даъво қила бошлади. Шу мақсад йўлида табиий бойликлардан аёвсиз фойдаланиш атроф-муҳитга мисли кўрилмаган даражада зарар етказди.

Мазкур мавзунинг муҳимлигини назарга олиб, Эрон халқаро радиосининг ўзбек хизмати “Атроф-муҳитни асраб-авайлайлик” рукни остидаги туркум эшиттиришларни эфирга узатмоқда. Ушбу эшиттиришларнинг режиссёри Умид Сафоиниё бўлиб, унинг таржимони ва бошловчиси хоним Рахшонадир.

Бу борада кўпроқ маълумот бериш учун биз ҳамкоримиз Рахшонани сўҳбатга чорладик.

Самимий сўҳбатлари учун хоним Рахшонага миннатдорчилик изҳор этамиз.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда

"Биз ва тингловчи"  рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  тинглаяпсиз. Эслатиб ўтамиз,  сиз ушбу эшиттиришлар орқали фикр- мулоҳаза ҳамда таклиф ва танқидларингизни  радиомизнинг янги интернет сайти  ParsToday.com / uz ва  электрон манзилимиз uzbeki@ ParsToday.com  ҳамда мобайл апликешн орқали   бизга юборишингиз мумкин.

Қўнғироқларингизни кутиб қоламиз.

Эшиттиришимиз давом этади.

Инсон томонидан табиатнинг ўзлаштирилиши, табиат учун хос бўлган қонуният ва жараёнларнинг бузилиши нафақат атроф-муҳит экологиясига салбий таъсир кўрсатмоқда, балки одамларнинг соғлиғига ҳам жиддий хавф туғдира бошлади. Табиий ресурслардан ҳаддан зиёд фойдаланиш, атроф-муҳитга ва табиий бойликларга антропоген таъсирларнинг ортиши, ўз навбатида атмосферада, йирик сув ҳавзаларида, тупроқ, ўрмон ва бошқа тизимлардаги ўзгаришлар муайян иқлим шароитига мослашган экотизимга таҳдидни юзага келтирмоқда.

Ҳозирги кунда дунё бўйича йилига қарийб олти миллион гектар ер чўлланишга учраётгани, олтмиш мингга яқин ўсимлик, етти мингдан ортиқ ҳайвон турлари йўқолиб кетиш арафасида тургани, қолаверса, аҳолининг кўпайиши ҳамда янги ерларнинг ўзлаштирилиши ҳисобига чучук сувга бўлган эҳтиёжнинг тобора ортиб бораётгани атроф-муҳитни ҳимоялаш мавзуси нақадар долзарблигидан далолатдир. Маълумотларга кўра, сайёрамизда 1 миллиард аҳоли айни чоғда санитария меъёрларига тўғри келмайдиган ичимлик сувидан фойдаланаётган бўлса, 2025 йилга бориб сув танқислигидан 2 миллиард киши азият чекиши эҳтимоли бор. 2050 йилга келиб, ҳайвонот турларининг 25 фоизи йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолиши мумкин: ҳар тўрттадан битта сут эмизувчи, ҳар саккизтадан битта қуш, ҳар учтадан битта қуруқлик ва сувда яшовчи ҳайвон турлари демакдир бу.

Ҳозир эса тошкентлик мухлисларимиздан бири қилган сўҳбатни биргаликда тинглаймиз.

Муҳтарам тингловчимиз Сатторнинг суҳбати эди ва унинг талабига мувофиқ дилрабо бир таронани сизга тақдим этдик.

 Азиз  мухлислар, "Биз ва тингловчи" рукни остидаги туркум эшиттириш билан ҳамкорликни янада фаоллаштирасиз деган умиддамиз. Бундан кейин ҳам  Эрон радиоси орқали эфирга узатилаётган эшиттиришлар борасида қимматли маслаҳатларингизни бизга дариғ тутманг.  Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.