Тайинланган антибиотикларнинг 25 фоизи аслида керак эмас
(last modified Tue, 22 Jan 2019 14:08:25 GMT )
Январ 22, 2019 19:08 Asia/Tashkent
  • Тайинланган антибиотикларнинг 25 фоизи аслида керак эмас

Нега одамлар антибиотиклар билан даволанишни яхши кўради? Бундан қанчалик фойда бор? Тиббиёт талабаси Сарвар Ғаниев бу ҳақда ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашади.

Тан олишимиз керак, ҳар биримизнинг уйимизда ҳеч бўлмаганда бир пачка антибиотик бор. Аммо қишда шамоллашдан азият чекаётганингизда «Даволанишнинг биринчи йўли — антибиотиклар қабул қилиш» деб ўйлаш хато фикр.

Сўнги йилларда микроорганизмларнинг антибиотикларга чидамлилигинг пайдо бўлганлиги резистент штаммлар билан касалланган беморларнинг ўлимига олиб келаётгани аянчли ҳолат.

Антибиотикларга резистентлик — бу микроорганизм штаммларининг битта ёки бир нечта антибиотикларга нисбатан чидамлилиги. Ушбу феномен бактерияларда ўз-ўзидан ёки антибиотиклар таъсирида юз берадиган тасодифий мутациялар натижаси ҳисобланади. Бактерия антибиотик ҳақидаги маълумотни ген даражасида эслаб қолади ва ўзининг авлодларига мерос қилиб ўтказиб беради.

Шундан сўнг бактерия штаммлари антибиотикни нофаол ҳолатга ўтказувчи ферментлар ишлаб чиқаради, антибиотик таъсир қиладиган нишон органеллани ўзгартиради, ҳужайрада антибиотик бузиши керак бўлган метаболизм реакциялари йўналишларини ўзгартиради, ҳужайра қобиғи орқали кирадиган антибиотик ҳужайрада тўпланишини камайтиради. Натижада антибиотикларнингнинг даволовчи таъсири бир неча баробар тушиб кетади ёки бактерияга қарши ҳеч қандай эффект бермайди. Оқибатда даволашнинг иложи бўлмаган инфекция туфайли бемор нобуд бўлади.

Британия тиббиёт журналида эълон қилинган янги тадқиқотда олимлар врачлар томонидан тайинланган антибиотикларнинг самарадорлигини текшириб чиқди.

Антибиотикларнинг қўлланилишига қараб касалликлар уч гуруҳга бўлинди:

1. ҳар доим антибиотиклар қўлланишилишини талаб қиладиган касалликлар;

2. баъзан антибиотиклар қўлланишилишини талаб қиладиган касалликлар;

3. ҳеч қачон антибиотиклар қўлланилмайдиган кассалликлар.

Мутахассисларнинг фикрича, стрептококкли тонзиллит, бактериал пневмония ёки ўпка абсцесси каби касалликлар антибиотикотерапия курсини талаб қилади, шу боис улар биринчи гуруҳдан жой олди.

Иккинчи гуруҳга эса бурун бўшлиғининг яллиғланиши, эмфизема ва пастки нафас йўллари инфекциялари киритилди.

Ниҳоят, антибиотиклар умуман қўлланилиши керак бўлмаган касалликлар категориясига юқори нафас йўллари инфекциялари, астма, аллергик риниткаби касалликлар киритилди.

Энг қўрқинчли тарафи шундаки, 28,5 фоиз ҳолатда тайинланган антибиотиклар ҳеч қандай асосга эга эмас.

Врачлар нима учун ҳаддан ташқари кўп антибиотикларни тайинлаётгани биз ўйлагандан кўра каттароқ муаммо ҳисобланади.

Чет эл тиббиёти бизникидан кўра ривожланганлигини ва врачлар малакаси ўртасидаги фарқни ва халқимиз ўзини ўзи антибиотиклар билан даволашни яхши кўришини ҳисобга оладиган бўлсак, юқорида келтирилган статистика маълумотлари бизда анчагина қўрқинчли тусга киришини тахмин қилишимиз мумкин.

Шундай экан, фарзандларингиз ва яқинларингизга асоссиз антибиотиклар берманг. Нотўғри тартибда ва дозада қабул қилинган антибиотиклар микроорганизмларнинг уларга бўлган чидамлилигини вужудга келтиради. Ўйламасдан қилган бу ҳаракатингиз келажакда яқинингиз ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлиши мумкин.