апрел 21, 2019 11:49 Asia/Tashkent
  • Саратон иммунотерапияси: Касаллик билан курашманг, иммунитет устида ишланг

Америкалик Жеймс Аллисон ва япониялик Тасуку Хондзё тиббиёт бўйича Нобель мукофоти эга бўлди. Бу мукофот уларга Т-ҳужайралари ёрдамида саратоннинг иммунотерапиясида янги усул яратгани учун берилган.

«Ушбу икки лауреатнинг асрга татигулик кашфиётлари саратон касаллигига қарши курашимизда кескин бурилиш ясади,» – дейилади Нобель қўмитаси қарорида.

Аллисон ва Хондзё ишлаб чиққан даволаш усуллари саратон касаллиги билан оғрийдиган беморларнинг баъзи гуруҳлари учун «касалликнинг натижасини тубдан ўзгартирган».

Саратонни ҳийла билан енгинг

Бизнинг иммунитетимиз одатда танамизда зарарланган ҳужайраларни излайди ва уларни кўпайишига йўл қўймай, дарҳол йўқ қилади. Лекин саратон ҳужайралари бу табиий ҳимоячимизни четга суриш йўлини топади.

Саратоннинг кўп турлари иммунитет ҳужайраларини «тинчлантириб қўядиган» ёки «тормоз берадиган» механизмни фаоллаштириб олади. Шундан сўнг иммунитетимиз саратон ҳужайраларини сезмай ўтиб кетади.

Аллисон ва Хондзё саратон ҳужайраларини «аҳмоқ» қилиб, иммунитетни блоклашни олдини олишни ўрганган. Бу терапиядаги ҳақиқий инқилобни келтириб чиқарган ва бутунлай янги дорилар синфини ташкил қилган.

Ҳозиргача бу дориларнинг зарарли таъсирлари оз эмас, аммо онкология билан курашда уларнинг самарали эканлиги исботланган. Баъзан ҳатто саратон касаллигининг сўнгги босқичида даволашнинг иложи йўқ бўлган беморларни ҳам даволаш мумкин бўлган.

«Тормозни тузатиш»

Саратон касаллигига қарши курашиш учун беморларнинг иммунитетидан фойдаланиш ҳақида олимлар 100 йил олдин ўйлаганлар. Бироқ 1990 йилларга келибгина бу соҳада ҳақиқий ютуққа эришилган.

Америкалик Жеймс Аллисон Иммун назорат нуқталари (ИНН) деган термини фанга киритган. Бу бизнинг иммунитетимизни тормозлантирувчи, бегона ва зарарланган ҳужайраларни аниқлаш ва йўқ қилиш учун жавобгар бўлган Т-лимфоцитларни «тинчлантириш»нинг табиий механизми.

Агар бу механизм ишламаса, тана ўзини вайрон қила бошлайди, соғлом тўқималарни йўқ қилиб юборади. Шунинг натижасида аутоиммун касалликлар пайдо бўлади.

Бир нечта олимлар бу нуқтайи назардан қуйидаги фикрга келган: «тормозни тузатиш» (яъни, оддий ИНН фаолиятини ўрнатиш) I турдаги диабет, ревматоид артрит, склероз ва бошқа кўп касалликларни даволайди.

Бироқ Аллисон худди шунинг аксини қилган. У саратон билан касалланган сичқонларда ушбу тормоз механизмини ўчиришга ҳаракат қилган. Натижа эса ажабланарли. Ўсимта ҳужайралари ортиқ иммунитетдан яширина олмаган, организм эса саратон касаллигига қарши самарали курашган.

1992 йилда Тасуку Хондзё бошқа турдаги ИННни кашф этган. У ҳам худди шу принципда ишлайди, бироқ бошқача тарзда. Ўз кашфиёти асосида япон профессори иммунотерапия усулларини ҳам ишлаб чиққан.

ИНН блокловчи дори-дармонлар ўпка саратони, буйрак саратони, лимфома ва меланомаларга қарши самарали эканлиги тасдиқланган.

Гольф ўйнашни яхши кўрадиган Хондзёнинг олдига бир куни гольф клубида ўпка саратонини бошидан кечирган бир киши келиб, ҳозир тузалганини айтган. «У яна гольф ўйнай бошлагани учун менга миннатдорчилик билдирди,» – дейди япон профессори, — «Мана буни ҳақиқий бахт деса бўлади. Мен учун бундай миннатдорчилик ҳар қандай мукофотдан кўра муҳимроқдир.»

«Асрга татигулик иш»

Жеймс Аллисон ҳозирда Техас университети қошидаги саратонга қарши курашиш марказида иммунология бўлимига раҳбарлик қилади. Тасуку Хондзё Кёто университетида иммунология профессори.

Таклиф этилган усуллар асосида ишлаб чиқилган препаратлар аллақачон саратон касалликларини даволашда муваффақият қозоняпти. Яна анча дорилар ҳозирда клиник синовларда ўтяпти. Келгуси йилларда улар ҳам фойдаланиш учун топширилади.

«10 йил муқаддам метастатик меланома деярли давосиз касаллик эди. Энди Аллисон ва Хондзёнинг кашфиёти туфайли беморларда умид пайдо бўлди. Беморларнинг учдан бир қисми иммунотерапия туфайли узоқ муддат ўзини яхши ҳис қиляпти, баъзилари ҳатто бутунлай даволанди,» — дейди Буюк Британиянинг саратон касаллигига қарши курашиш ташкилоти бош шифокори, профессор Чарьли Суонтон.

«Жим ва Хондзёнинг кашфиёти асрга татигулик иш бўлди. Энди улар қачон Нобель мукофоти билан тақдирланишини ҳамма кутяпти,» — дейди Аллисоннинг собиқ ҳамкасби Серхио Кесада.

«Бу терапия ҳаммага ҳам ёрдам бермайди, лекин кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Ва энг муҳими, у қандай қилиб саратонни енгиш ҳақида тушунчамизни ўзгартирди. Яъни, саратон ва бошқа касалликларга қарши курашиш учун иммунитет тизимини фаоллаштириш кераклигини ўргатди,» — дейди Манчестер университети профессори Ден Дейвис.

«Менимча, бу фақат бошланиши. Ушбу принцип асосида ишлайдиган ҳали кўплаб дориларни кашф қилишимиз керак,» — дейди у ишонч билан.

Ёрлиқ