Кўз нурини равшанлаштирувчи маҳсулотлар ҳақида
Инсон ҳамиша ўзининг саломатлиги ҳақида қайғуриши керак.
Айниқса кўзини жуда эҳтиёт қилиши шарт ва зарур! Чунки бу ёруғ оламдаги жамики пок нарсаларга мана шу икки инжудек ёрқин кўзларимиз билан боқамиз. Ушбу мақоламизда кўз учун фойдали бўлган бир қанча маслаҳатлар бериб ўтамиз.
Масалан, сабзавот шарбатини ҳар куни истеъмол қилиш кўздаги майда қон томирларини яхшилаб, кўз нурини тиниқлаштиради. Шунингдек, танага қувват бағишлайди. Сабзавотлар таркибида клетчатка, минерал, антиоксидантлар ва бир қанча касалликларни олдини олувчи дармондорилар мавжуд.
Истеъмол маҳсулотлари таркибида А ва Д дармондориси бўлиши шарт. Жумладан, лавлаги, помидор шарбати, хурмо, сут маҳсулотлари, қизил сабзи, сельдер ва петрушкадан имкон қадар кўпроқ тановвул қилиш ниҳоятда фойдалидир. Ялпиз шарбати ҳам бундан мустасно эмас, албатта!
А дармондориси кўриш қобилиятини меъёрда ушлаб турувчи омилдир. Агарда у етарли миқдорда бўлмаса, танада салбий ўзгаришлар, кўз касалликлари юзага келади. Сабзи, помидор, картошка, писта, петрушка, сабзавот барглари ва шу билан бирга денгиз маҳсулотлари ушбу дармондорига бойдир. Кўзларга ҳаёт бағишловчи яна бир дармондори бу - калий. Ушбу дармондорини ўрик, олма сиркаси ва асалда етарлича учратишингиз мумкин.
Кўзга машқлар қилиш ҳам кўздаги чарчоқни олади. Қон таркибида етарли миқдорда дармондорилар бўлмаса ҳам кўз касалликлари юзага келади. Шу сабабли, азизлар, саломатлигингиз учун вақтингизни ҳеч қачон аяманг!