Хитой янги коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовларини апрель охирида бошлаши мумкин
Хитойлик олимлар янги турдаги COVID-19 коронавирусига қарши улар томонидан яратилаётган вакцинани клиник синовларга икки ойдан кейингина тайёрлай олиши мумкин. Бу ҳақда Хитой фан ва техника вазири ўринбосари Сюй Наньпин маълум қилди.
«Комплекс тадқиқотлар ва дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, вакцинани апрель ойининг охирги декадасидан аввалроқ клиник синовларга тақдим этишнинг имкони йўқ», — дея Хитой Фан ва техника вазирлиги раҳбари ўринбосарининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда «Коммерсантъ».
Коронавируснинг тарқалиши 2019 йил декабрида бошланган эди, ҳозиргача ушбу вирус оқибатида 2,2 мингдан ортиқ одам вафот этди, 75 мингдан ортиқ одам касалланган.
Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитой коронавирусига қарши вакцина ярим йилдан сўнг пайдо бўлишини хабар қилганди. Қайд этиш жоиз, февраль ўрталарида Хитойда коронавирусга қарши курашда самарали бўлиши мумкин бўлган дори воситасини ишлаб чиқариш бошлангани маълум бўлган эди.