Россияда яна бир COVID-19 га қарши вакцина синовига рухсат берилди
Россияда коронавирусга қарши учинчи вакцинанинг клиник синовларига рухсат берилди. У Чумаков номидаги Илмий марказ томонидан яратилган.
Спутник ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги Чумаков номидаги Илмий марказ томонидан яратилган коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовларига рухсатнома берди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, вакцина синовларида уч мингдан зиёд кўнгилли иштирок этади ва бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабларига мувофиқ келади.
Вакцинанинг клиник синовлари яқин кунларда Киров, Санкт-Петербург ва Новосибирскда бошланади. Кўнгиллилар эмлангандан сўнг 16 кун стационарда бўлади.
Вакцинанинг клиник синовлари жорий йилнинг ноябрь ойида якунланиши кутилмоқда.
Россия дунёдаги биринчи коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасини август ойида рўйхатга олди. У Гамалея номидаги марказ томонидан яратилган ва Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилмоқда.
Шунингдек, Россияда “Вектор” маркази томонидан яратилган вакцина клиник синовдан ўтмоқда. Куни кеча Ўзбекистон айнан “Вектор” маркази томонидан яратилган коронавирусга қарши вакцина синовларида иштирок этишга қизиқиш билдиргани маълум бўлган эди.