Коронавирусни даволашда занжабилни дорилар ўрнида қабул қилса бўладими?
(last modified Tue, 06 Oct 2020 06:31:29 GMT )
октябр 06, 2020 11:31 Asia/Tashkent
  • Коронавирусни даволашда занжабилни дорилар ўрнида қабул қилса бўладими?

Занжабил короновирус инфекциясида асосий дори воситалар билан бир қаторда ишлатилиши мумкин, лекин бир ўзи монотерапия сифатида ёрдам бермайди.

АОКАда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова иштирокида брифинг ўтказилди. Унда коронавирус инфекцияси ҳақида аҳоли саволларига жавоб қайтарилди.

Абдусаматова коронавирусни даволашда занжабилни дорилар ўрнида қабул қилса бўладими деган саволга жавоб берди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, занжабил илмий тиббиётда кенг ишлатилади. Занжабилнинг жуда кўп фойдали хусусиятлари бўлганлиги сабабли нафақат маза бериш, балки даволовчи озиқа сифатида ҳам ишлатилади. 

Занжабил илдизи таркибида кўплаб: С, В1, В2 гуруҳ витаминлар, минерал моддалар:  алюминий, калий, кальций, темир, марганец, фосфор, каприл, никотин ва линол кислоталари мавжуд.  Унинг таъсир қилувчи моддалари шогаол ва гингерол ҳисобланади. 

Бу моддалар антиоксидант, яллиғланишга қарши, ўсмаларга қарши, антимутаген ва бошқа хусусиятларга эга.

Таъкидланишича, изланишлар занжабил илдизининг спиртли экстракти пневмония ва бошқа юқори нафас аъзоларининг яллиғланиш касалликларида фойда беришини кўрсатган. Лекин уни ҳам меъёрида истеъмол қилиш зарур, чунки у болаларда, ҳомиладорларда аллергияни келтириб чиқариши мумкин. 

“Занжабил короновирус инфекциясида асосий дори воситалар билан бир қаторда ишлатилиши мумкин, лекин бир ўзи монотерапия сифатида  ёрдам бермайди”, - деди мутахассис.