Ҳиндистон олимлари Венерада яна бир ҳаёт аломатларини аниқлашди
Олимлар Венера атмосферасида ҳаёт аломатлари борлигини исботлашга хизмат қиладиган оддий глицин аминокислотасини аниқлади. Бу ҳақда Миднапур коллежи ва Ҳиндистон космик физика маркази олимлари томонидан эълон қилинган мақолада сўз боради.
«Унинг аниқланиши пребиотик молекулаларининг Венера атмосферасида шаклланиш механизмини тушунишга ёрдам бериши мумкин. Венера атмосферасининг юқори қатламлари Ерда бундан миллиардлаб йиллар олдин амалга оширилган биологик усулдан ўтиши мумкин», — дейилади тадқиқотда.
Мақолада ёзилишича, аминокислоталар ҳаётнинг пайдо бўлишига олиб келадиган асосий бирикма ҳисобланади. Глицин эса ҳайвонлар оқсилида тез-тез учраб туради. У организмларда табиий усулда пайдо бўлади ва бошқа биологик бирикмалар ва оқсилларнинг яратилишига муҳим роль ўйнайди.
Шу билан бирга, олимларнинг таъкидлашича, аниқланган глицин бу — сайёрада ҳаёт мавжудлигининг аниқ исботи эмас ва у Венерада Ердагидан кўра бошқача усулда пайдо бўлиши ҳам мумкин.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ўрталарида Венера атмосферасида фосфиннинг (айрим тирик организмлар томонидан ишлаб чиқариладиган газ) аниқланиши гипотетик жиҳатдан Ердан бошқа сайёраларда ҳаёт борлигини қидириш учун кетган барча даврлар ичида энг муҳим ҳодиса дея эътироф этилганди.