Британиялик шифокорлар D витамини етишмовчилигининг хавфли белгисини маълум қилди
(last modified Sun, 29 Nov 2020 05:53:30 GMT )
ноябр 29, 2020 10:53 Asia/Tashkent
  • Британиялик шифокорлар D витамини етишмовчилигининг хавфли белгисини маълум қилди

Организмда D витаминининг етишмаслигини суякларнинг сезиларли даражада юмшаши ва кечалари оғриқ пайдо бўлиши орқали сезиш мумкин. Бу ҳақда британиялик шифокорларга таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.

Таъкидланишича, танқисликнинг эрта босқичларида у бирор белгисиз намоён бўлади ва уни фақатгина рентген ёки диагностик текширувлар ёрдамида аниқлаш мумкин.

Кечаси ёки суяклар босилганида тос, бел, оёқ, сон ва қовурғалар соҳасида юзага келадиган қаттиқ оғриқ D витамин етишмаслигининг белгиси ҳисобланади.

Мутахассисларнинг қайд этишича, бу каби патология кексалар учун хавфли, чунки у суяк синиши ва остеопорозга олиб келиши мумкин.

Витамин танқислигини ҳар куни D витаминини қабул қилиш орқали бартараф этиш мумкин. Уни тўғри истеъмол қилиш суяклар мустаҳкамлигини таъминлайди.

D витамини организмда кальций ва фосфорнинг алмашинувига ёрдам беради. Шунингдек, суяк тўқимасининг шаклланишига ва ижобий ўсишига таъсир қилади. Бу витамин рахитнинг олдини олиш ва даволашда қўлланилади. Д витамини балиқ мойи, жигар, гўшт маҳсулотлари, тухум сариғида мавжуд.