Озмоқчи бўлганлар учун истеъмол қилиши мумкин бўлган 5 та фойдали ширинлик
(last modified Wed, 16 Dec 2020 06:12:36 GMT )
декабр 16, 2020 11:12 Asia/Tashkent
  • Озмоқчи бўлганлар учун истеъмол қилиши мумкин бўлган 5 та фойдали ширинлик

Шакар организм ва қомат учун зарарли ҳисобланади, юрак қон-томир тизимига таъсир қилади, терининг қаришини тезлаштиради ва вазн тўплашга сабаб бўлади. Аммо бу шакарнинг исталган кўринишидан воз кечиш кераклигини билдирмайди. Шунчаки меъёрни билиш ва уни фойдали маҳсулотлар орқали истеъмол қилиш керак.

Ҳолва

Ёнғоқ ва писталар қўшиб тайёрланадиган ҳолвада ҳазм тизимига ижобий таъсир кўрсатиш хусусиятига эга бўлган клетчатка ва фойдали ёғлар миқдори кўп бўлади. Аммо ёнғоқ ҳам ҳолва ҳам калорияга бой бўлишини ёддан чиқармаслик ва озмоқчи бўлганларга меъёридан ортиқ истеъмол қилиб юбормаслик тавсия қилинади.

Мевалар

Таркибида шакар кўп бўлгани билан мевалар десерт ва тортлардан кўра организм учун фойдалироқ. Таркибида қоринни тез тўйдирадиган клетчатка мўл экани сабаб ҳам ортиқча овқатланиб юбормасликни таъминлайди. Манго, банан ва узумда, айниқса, шакар кўп бўлгани сабаб ҳам озмоқчи бўлган ва қандли диабети борларга ушбу мевалардан тийилиш тавсия қилинади.

Қуритилган мевалар

Сархил мевалардан фарқли равишда қуритилган мевалар таркибида сув бўлмайди ва айнан шу сабаб ҳам витаминлар концентрацияси, шунингдек, шакар миқдори ҳам кўпроқ бўлади. Етарлича калорияга эга экани сабаб эса меъёрда ейишга амал қилиш керак. Ширин тамадди учун эса қуритилган мевалардан яхшиси бўлмайди.

Қора шоколад

Оқидан фарқли равишда қора шоколад организм учун фойдали. Сифатли шоколадда организмни политўйинган кислоталар билан тўйинтирадиган, қондаги қанд миқдорини тушириш хусусиятига эга бўлган какао ёғи бўлади. Хариддан аввал таркибида какао 70 фоиздан кам бўлмаслигига эътибор қаратинг.

Араб хурмоси

Таркибида В1, В2, А, С, В6 витаминлари, темир ва магний минераллари мавжуд бўлган араб хурмоси иммунитетни мустаҳкамлайди, ошқозон-ичак фаолиятини яхшилайди ва қон босимини меъёрлаштиради. Аммо унинг 100 граммида 200 калория бўлгани сабаб ортиқча истеъмол қилиб юбормаслик тавсия қилинади.