Деменция - асаб тизими касаллигига қарши курашувчи 7 маҳсулот
Шовқин-суронли шаҳарда истиқомат қиладиган, наслида ҳам кузатилган ва депрессияга мойиллиги бўлган аёлларда ёш ўтгани сайин деменция — бош миянинг зарарланиши оқибатида юзага келадиган ва ақлий қобилиятнинг сезиларли даражада пасайиши билан намоён бўладиган асаб тизими касаллиги пайдо бўлиш эҳтимоли юқори бўлади.
Унинг ривожланишига асосан Альцгеймер, шунингдек, Паркинсон, Пик, томир касалликлари (инсульт, инфаркт ва бошқалар) сабаб бўлиши мумкин. Тиниқиб ухлаш, ҳафтасига 150 дақиқа спорт, мияни ишлатадиган машғулотлар билан шуғулланиш, хусусан, тил ўрганиш касалликни олдини олиши мумкин. Истеъмол маҳсулотлари ҳам ижобий таъсир қилиб, касалликка қарши курашишга ёрдам беради.
Ёғли балиқ
Балиқ саломатлик учун фойдали ҳисобланган омега-3 ёғ кислоталари ҳамда деярли барча тана аъзоларидаги яллиғланишни камайтириш хусусиятига эга бўлган бирикмаларни ўз ичига олади. Уни мунтазам равишда (ҳафтасига 1 порциядан кам бўлмаган миқдорда) истеъмол қилиш Альцгеймер касаллигига чалиниш хавфини 60 фоизга камайтиради.
Ёнғоқ ва писталар
Ушбу маҳсулотларда ҳам омега-3 кислоталари, шунингдек, мия фаолияти учун муҳим саналган селен (кимёвий элемент), E витамини ва Альцгеймер касаллиги ривожланишини олдини олувчи антиоксидантларнинг кони ҳисобланади.
Чой
1 финжон чой, яшил, кўк бўлишидан қатъи назар антиоксидантлар манбаси ҳисобланади, қон-томирлар шикастланишида ёрдам берадиган катехинга бой саналади. Кўк чой таркибида эса Альцгеймер касаллигининг келиб чиқишини олдини олиши мумкин бўлган антиоксидантлар мўл бўлади.
Қаҳва
Тонгни бир финжон қаҳва билан қарши олиш, Альцгеймер касаллигининг пайдо бўлишига қарши курашиш демакдир. Каламушларда ўтказилган тадқиқотда, қаҳва таркибидаги кимёвий бирикма Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилиши маълум бўлган. Бундан ташқари, қаҳва хотирани мустаҳкамлашда ҳам самарали ҳисобланиб, уни истеъмол қилгандан кейин янги ахборотни эслаб қолиш осон бўлади.
Қора шоколад
Таркибида какао миқдори кўп бўлган қора шоколаднинг бир неча бўлаги, кундалик меъёр ҳисобланади. Какао дуккакларидаги флавоноид деб номланувчи антиоксидантлар мияни ёшартиради, миянинг хотира учун жавоб берадиган қисмида қон айланишини яхшиланишига ҳисса қўшади.
Кўкатлар
Салат барги, исмалоқ, райҳон, петрушка ва бошқа кўкатлар мияни ёшартириш хусусиятига эга. Бунга таркибидаги лютеин сабаб бўлади ва айнан у миянинг хотира қисмига ижобий таъсир қилади.
Мевалар
Ҳафтасига бир неча порция барра ёки музлатилган мевалар истеъмол қилиш, мия фаолиятини сусайтирадиган оксидланиш жараёнига қарши таъсир кўрсатадиган антиоксидантларга бой саналади. Ҳар куни бир стакан миқдорида черника ёки қулупнай истеъмол қилиш мияни 2 йилга ёшартириши мумкин.