Эрта қаришга сабаб бўладиган бошқа маҳсулотлар
(last modified Tue, 05 Jan 2021 06:56:43 GMT )
Январ 05, 2021 11:56 Asia/Tashkent
  • Эрта қаришга сабаб бўладиган бошқа маҳсулотлар

Организмнинг эрта қаришига бир қанча омиллар, шунингдек, истеъмол маҳсулотлари ҳам таъсир кўрсатади. Зарарли бўлган маҳсулотларни рациондан чиқариш орқали нафақат ёш, балки соғлом кўриниш, ўзингизни яхши ҳис қилишингиз мумкин.

Маргарин

Ушбу маҳсулот сурункали касалликларнинг пайдо бўлишига сабаб бўладиган зарарли трансёғларнинг кони. Ёғнинг ушбу тури организмдаги сув балансининг бузилишига ҳам фаол таъсир қилади. Сурункали сувсизланиш ажин пайдо бўлиши ва тана аъзоларининг эрта қаришига олиб келади.

Яримтайёр маҳсулотлар

Истеъмолдан аввал микротўлқинли печда иситишнинг ўзи кифоя қилгани билан вақтни тежашга ёрдам берадигандек туюладиган ушбу маҳсулотлар таркибида туз кўп бўлади ва сизга ишларингизга улгуришга кўмак бераётгандек туюлгани билан саломатликка жиддий зарар етказади. Уларни ҳаддан ортиқ истеъмол қилиш шишлар ва тери аҳволининг ёмонлашишига олиб келади.

Энергетик ичимликлар

Тонгда сизга энергия етишмаслиги уйқунинг етарли бўлмаслиги ва кеч ухлаш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Энергетиклар таркибида шакар, кофеин, натрий ва кислоталар миқдори жуда ҳам кўп экани ҳисобига тиш эмали (тишнинг табиий қопламаси), ҳазм тизимида муаммолар кузатилади, пешоб ҳайдашни тезлаштиргани сабаб, организм сувсизланади. Ўн йил ичида ёки эрта қаришни истамасангиз, бу каби ичимликлардан тийилишга ҳаракат қилинг.

Ширинликлар

Шакар эрта қаришга олиб келадиган биринчи рақамли душман ҳисобланади. Шу сабабдан ҳам ундан буткул воз кечилмаган тақдирда ҳам истеъмол қилиш миқдорини камайтириш керак. Чунки глюкозанинг кўпи сурункали касалликлар ва қандли диабет келиб чиқиши хавфини кўпайтирибгина қолмай, саратон ҳужайралари учун ҳам яхшигина озиқа саналади.

Гликемик кўрсаткичи юқори бўлган маҳсулотлар

Оқ ундан тайёрланадиган нон, паста ва бошқа маҳсулотлар таркибида қондаги қанд миқдорини ошишига ҳисса қўшадиган тез ҳазм бўладиган углеводлар кўп бўлади. Гликемик кўрсаткичи юқори бўлган маҳсулотлар ва эрта қариш ўртасида боғлиқлик борлиги олимлар томонидан аниқланган. Агар юзингизда ҳуснбузар ва тери билан боғлиқ муаммолар кузатиладиган бўлса, рационингизни ўзгартиришга ҳаракат қилинг.

Спиртли ичимликлар

Спиртли ичимликларни истеъмол қилиш организмда радикал ўзгаришлар, хусусан, ҳужайралар янгиланишига жавоб берадиган А витамини етишмаслигига олиб келади.

Колбаса ва бошқа гўшт маҳсулотлари

Яқинда ўтказилган тадқиқотларда, колбаса ва шунга ўхшаш маҳсулотлар таркибидаги нитрат ва нитритлар онкологик касаллик келиб чиқиши хавфини ошириши аниқланган. Мазкур моддалар организмда ҳужайралар оксидланиши ва уларнинг ДНК ўзгаришига олиб келади. Юз териси учун эса ушбу жараён ўта хавфли ҳисобланади. Шу сабабдан ҳам рационга табиий гўшт оқсилга бой маҳсулотларни киритиш, колбаса, сосиска каби маҳсулотлардан эса воз кечиш тавсия қилинади.

Ёрлиқ