Уйқусизликда самарали кўмак берадиган 10- та тавсия
Яхши уйқу – соғлом, тетик, хотиржам ҳаётимизнинг муҳим қисмидир.
Уйқу таъсирида:
Мия иш фаолияти яхшиланади.
Даниялик олима Майкен Недергаард томонидан 2012 йилда мияда глимфатик каналлар борлиги аниқланди, бу каналлар орқали мия ҳужайраларида тўпланган заҳарли моддалар чиқиб кетади ва улардаги метаболик ўзгаришлар тикланади. Эътиборлиси шундаки, бу каналлар уйқумизда, уйғоқлигимизга қараганда 10 баравар кўпроқ ишлайди. Мия кун давомида олган информацияни уйқуда саралайди, керакмас ўткинчи информацияни йўқотади, кераклисини мустаҳкамлайди. Мия «тозаланади».
- Тана бўшашади, мушаклардаги чарчоқ кетади;
- Ички аъзолар иш фаолияти тикланади;
- Иммунитет мустаҳкамланади (тунда ухлаганимизда эпифиз мелатонин гармонини ишлаб чиқаради. Мелатонин антиоксидант ва иммуностимулятор таъсирга эга).
Уйқусизлик таъсирида:
- Инсонда сурункали чарчоқ пайдо бўлади;
- Фикримизни бир жойга тўплаш қийинлашади;
- Ёдлаш ва ўрганиш қобилиятимиз пасаяди;
- Жаҳл, тажовуз ривожланади;
- Депрессияга мойиллик ошади;
- Бош оғрийди, қон босими ошади;
- Юз териси сифати ва умумий кўриниши ёмонлашади;
- Ортиқча вазн ошади ва бошқа кўпгина касалликларни келтириб чиқаради.
Уйқусизлик келиб чиқишининг сабаблари жуда кўп:
- стресс;
- нотўғри кун тартиби, зарарли одатлар (чекиш, спиртли ичимликлар ичиш);
- таркибида кофеин моддаси бор ичимликларни кўп истеъмол қилиш;
- ётишдан олдин телефонда «ўтириш»;
- ҳомиладорлик (токсикоз, ҳомиланинг катталиги ётишга ноқулайлик келтириши, тез-тез ҳожатга бориш);
- климакс даври;
- қон босими касаллиги, қандли диабет касаллиги ва бошқа кўпгина омиллар таъсир қилади.
Уйқусизликни енгиш учун ухлатувчи дорилардан муттасил фойдаланиш дориларнинг ножўя таъсирини келтириб чиқаради. Бунда альтернатив сифатида доривор гиёҳлардан фойдаланиш яхши самара беради.
Нима қилишимиз керак?
- Уйқусизликка олиб келадиган хар хил одатларимиздан қутулишимиз керак;
- Соат 22:00 дан кеч ётмасликка ҳаракат қилинг;
- Тўғри овқатланиш режимига риоя қилинг, кечки овқат ухлашдан камида 3 соат олдин ейилиши керак;
- Ухлашдан олдин спиртли ичимликлар, таркибида кофеин моддаси бор ичимликлардан сақланинг;
- Ухлайдиган хонани шамоллатинг;
- Кечки сайрлар тезроқ ухлашга ёрдам беради;
- Ўрнингиз қулай бўлсин;
- Ётишдан олдин телевизор, компьютерлардан фойдаланманг;
- Ўринга фақат ухлаш учун ётинг (телевизор кўришга ва шунга ўхшаш ишлар учун эмас);
- Эрталабки жисмоний тарбия кун давомида тетик ва бардам юришингизга яхши ёрдам беради;
- Доривор гиёҳлардан дамламалар ичиш уйқусизликка яхши ёрдам беради.
Жумладан:
- Доривор мойчечак (ромашка) – уйқусизликдан яхши ёрдам беради ҳамда қўрқув, бесаранжомликни йўқотади;
- Доривор валериана (Валериана)- асаб тизимини тинчлантиради, уйқуни сифатини яхшилайди ва тез ухлашга ёрдам беради;
- Лаванда эфир мойларга бой ўсимлик стрессда, депрессияда яхши таъсир қилади;
- Ялпиз (мята) – ёмон ҳиссиётни (эмоцияларни) камайтиради, кучли стрессларда яхши ёрдам беради ва тез уйқуга кетишга ёрдам беради;
- Лимон ўт (мелиса) – уйқуни сифатини яхшилайди, қон босимини туширади;
- Тоғжамбул (тимян) кучли чарчагандаги уйқусизликка ёрдам беради, стресс, асабийлашишда ҳам фойдаси катта;
- Маврак (шалфей) - стрессдан, тез асабийлашишдан ёрдам беради;
- Қулмоқ оддий (хмел) – тинчлантирувчи хусусиятга эга;
- Тоғрайҳон (душица) – тутақиб кетишни пасайтиради, асаб ўта чарчаганда тинчлантиради;
- Арслонқуйруқ (пустирник). Уйқунинг сифатини оширади, ваҳимани камайтиради, қон босимини туширади, тез уйқуга кетишга ёрдам беради.
Йиғма рецептлар:
Мойчечак ва лавандадан чой — ҳар иккаласидан бир чой қошиқдан олинади, бир стакан қайноқ сувга 15 минутга дамланади. Докадан ўтқазиб сут, асал қўшиб ичилади.
Марақанд чойи:
Бир чой қошиқ лимон ўт ва ялпиз баргларини олиб бир стакан сутга солинади, паст оловда қайнатилади, қайнаб чиқиши билан оловни ўчириб, 10 минутга дамланади, ярим чой қошиқ асал қўшиб ичилади.
Тинчлантирувчи йиғма:
2:2:1 пропорциясида далачой, мойчечак гуллари, лимон ўт барглари аралаштирилади. Йиғмадан бир ярим қошиқ олинади, бир стакан сувга 10 минутга дамланади, докадан ўтқазиб ярим чой қошиқ асал билан ухлашдан 1 соат олдин ичилади.