Юрак хуружи юз беришидан олдин билиш керак бўлган 6-та факт
Юрак хуружи эркакларга хос касаллик саналгани билан аёлларда ҳам тез-тез кузатилиб туради ва икки жинс вакилларидаги симптомлар бир-биридан фарқ қилади. Шу сабаб ҳам унга хос белгилар ҳақида маълумотга эга бўлиш ҳамда саломатликда муаммо кузатиладиган бўлса, жиддий чора кўриш керак.
Шифокорга қачон мурожаат қилиш керак?
Бундай вазиятда қанча эрта эътибор бериб, мутахассисга мурожаат қилинса, шунча яхши. Аксарият ҳолларда юрак хуружи юз берганидан кейинги биринчи соатда ўлим ҳолатлари кўплаб кузатилади. Кўкрак соҳасида оғриқ, нафас қисиши, оғриқнинг қўл ёки белга бериши ушбу касалликка хос кенг тарқалган белгилар саналади. Қолаверса, гастритни эсга соладиган ошқозон атрофида, бўйин, елка ҳамда чаккада кузатиладиган оғриқлар, шунингдек, қўрқув ва хавотир ҳисси ҳам юрак хуружининг аломатлари бўлиши мумкин. Бундай вазиятда оғриқ ўтиб кетишини кутиб ўтирмаслик, ҳар дақиқа ҳал қилувчи бўлиши мумкинлигини ёдда тутиш керак.
Кўкрак соҳасидаги оғриқ юрак хуружида ҳар доим кузатиладими?
Кўкрак соҳасидаги оғриқ энг кўп тарқалган, аммо ҳаммада ҳам кузатилавермайдиган симптом саналади. Қолаверса, айнан аёлларда юрак хуружи кўкрак соҳасида қаттиқ оғриқсиз, асосан дискомфорт ҳис қилиш ва енгил оғриқ билан кечиши кўп марта такрорланган.
Инфаркт бўлиш ва буни билмай қолиш мумкинми?
Қандли диабетдан азият чекадиган беморларда ушбу хавф кузатилиши эҳтимоли юқори, аммо «сокин» юрак хуружи ҳар кимда ҳам юз бериши мумкин. Кўнгил айниши, нафас қисиши ва ҳолсизлик инфарктга хос энг кўп тарқалган симптомлар саналади.
Юрак хуружи юз бериши асосан қандай вақтда содир бўлади?
Статистика маълумотларига қараганда, юрак хуружи тонгги 6 дан кун ярмига қадар бошқа вақтга қараганда 40 фоиз кўпроқ кузатилади. Бундан ташқари, айнан шу вақтда мазкур касалликдан вафот этиш ҳолати 29 фоизга кўпроқ юз беради.
Юрак хуружига хос симптомлар сизда юз бераётган бўлса, нима қилиш керак?
Биринчи навбатда тез ёрдамни чақириб, тинчланишга ҳаракат қилинг. Қулай вазиятни эгалланг: ўтиринг ёки ётинг. Бир дона аспирин таблеткасини қабул қилинг. Уйда ёлғиз бўладиган бўлсангиз, эшик қулфини очиб қўйинг, қўшниларингиз ёки дўстларингиздан бирига хабар беринг. Ҳеч нарса еманг ва ичманг.
Юрак хуружи содир бўлганидан кейин спорт билан шуғулланса бўладими?
Тўғри бажариладиган машқлар такрор юз бериши мумкин бўлган хавфнинг олдини олади ва артерияларнинг мустаҳкамланишига ҳисса қўшади. Шифокор билан маслаҳатлашинг, унинг кўрсатмасига биноан спорт билан шуғулланинг. Сузиш, пиёда юриш ва велосипедда сайр қилиш бу борада яхши самара бериши мумкин.