Эснаш хавфли хасталиклар аломатими?
Тез-тез ва асоссиз эснаш хавфли касалликларнинг аломати бўлиши мумкин.
Кўпгина инсонлар эснашни мутлақо зарарсиз ва ҳатто фойдали рефлекс деб ҳисоблайди. Аслида тез-тез ва асоссиз эснаш хавфли касалликларнинг аломати бўлиши мумкин. Тиббиёт фанлари доктори Бахтиёр Ғофуров эснашга оид қатор долзарб саволларга жавоб берди.
Шифокорнинг сўзларига кўра, бу одатнинг инсонга фойдали жиҳатлари жуда кўп: у орқали мушаклар бўшашиб, мия ва тананинг бошқа аъзолари кислород билан тўйинади, организмдаги жисмоний чарчоқ ва руҳий юк енгиллашади, энг асосийси, эснаш мияни “совутиш”га ёрдам беради.
Эснаш пайтида энг кўп жағ мушаклари зўриқиб, улар тўғридан-тўғри инсоннинг кўришига таъсир қилади. Олимларнинг айтишича, уйқусида тишини ғижирлатадиганларга эснаш фойдали экан. Кўпчилик эснашни тезроқ ухлашга кўмаклашади, деб ўйлайди. Бу нотўғри, аксинча, у уйқуни қочириб, танани тетиклаштиради.
Таъкидланишича, одатда инсон бир кунда 7-15 мартагача эснаши меъёр ҳисобланади. Бироқ ундан ортиқ эснаш, аввало, сурункали чарчаш синдроми ҳисобланиб, бу ҳолатни кунлик 7-8 соатлик уйқу билан енгиб бўлмайди.
“Боиси бу синдром узоқ давом этган оғир иш жараёни, тўйиб ухламаслик, нотўғри овқатланиш, спорт ва жисмоний меҳнат билан мунтазам шуғулланмаслик оқибатида ривожланади. Мутахассислар томонидан бундай эснаш қонда кортизол (стресс) гормонининг миқдори орттиши билан тушунтирилади”, - деди Ғофуров.
Шунингдек, инсон сурункали чарчаганда кўкракда оғриқ, нафас олиш ва юрак уришининг тезлашиши, бош оғриғи ва ҳатто ҳушдан кетиш ҳолатлари ҳам кузатилади.