75 фоиз касалликнинг олдини олишга ёрдам берадиган 3 тавсия
(last modified Tue, 11 May 2021 05:36:52 GMT )
май 11, 2021 10:36 Asia/Tashkent
  • 75 фоиз касалликнинг олдини олишга ёрдам берадиган 3 тавсия

Ҳамма касалликка чалиниб, даволангандан кўра, унинг олдини олиш яхшироқ эканини билади. Аммо деярли барча касалликларнинг олдини олиш мумкинлиги ҳақида биласизми?

Жисмоний машқлар

Жисмоний машқлар турли касалликларнинг олдини олиш ва организмни мустаҳкамлаш учун бебаҳо восита. Жисмоний машқлар (йога, юриш, гимнастика, велосипедда сайр қилиш, сузиш ва бошқа ҳар қандай машғулот) эндоген опиат моддасининг тарқалишига ёрдам бериши исботланган. Улар кучли яллиғланишга қарши самараси, тинчлантирувчи ва уйғунлаштирувчи таъсири ва органлар фаолиятини умумий тартибга солиш функцияси билан машҳур.

Жисмоний машқлар қон босимини пасайтиришга ёрдам беради, юрак фаолиятини нормаллаштиради, мослашувчанликни ривожлантиради, мушак ва суякларни мустаҳкамлашга ёрдам берадиган гормонлар ишлаб чиқаради, шунингдек, инсулин ишлаб чиқаришни фаоллаштиради. Бу эса диабет ривожланишига тўсқинлик қилади, кортизол миқдорини камайтиради.

Тўғри нафас олиш

Нафас олиш тананинг асосий вазифаларидан биридир. Нафас олиш тизими касалликларининг олдини олиш учун, шунингдек, барча ички органларнинг мувозанатини, ва умуман, ҳаётий кучини сақлаш учун нафас олиш машқларининг аҳамияти катта. Уларнинг фойдали таъсири анъанавий тиббиёт томонидан бир неча минг йиллар давомида кузатилган.

Оддий нафас олганда ўпка ҳажмининг 2/3 қисмигача кислород билан тўлдирилади. Ўпка ҳаво билан тўлиқ таъминланиши учун кўкрак қафасини эмас, балки нафас олиш пайтида диафрагма ва қорин мушакларини кенгайтириш керак (профессионал қўшиқчилар шундай нафас олади). Бундай ҳолда кислород ўпкага чуқурроқ кириб боради ва органлар фаолияти нормаллашади.

Тўғри овқатланиш

Тўғри овқатланиш — бу даволаниш ва деярли барча касалликларнинг олдини олишнинг энг муҳим усулларидан биридир. Бундан ташқари, овқатланиш ёрдамида ҳар бир инсон соғлиғига, ва биринчи навбатда, ошқозон-ичак тракти ҳолатига таъсир қилиши мумкин. Гастроинтестинал касалликларнинг олдини олиш тўғридан-тўғри овқатланиш билан боғлиқ. Соғлом овқатланишга одатланиш ва вазнингизни кузатиб бориш унчалик қийин эмас. Бунинг учун қовурилган овқатлардан сақланинг. Масалан, гўштни юқори ҳароратда қовуриш жараёнида зарарли моддалар ажралиб чиқади, улар саратон касаллигининг ривожланиш хавфини оширади.

Кундалик рационингизга турли хил касалликларнинг олдини олишга ва соғлиғингизни яхшилашга ёрдам берадиган озиқ-овқат маҳсулотларини киритинг:

  • Кўк чой таркибида юрак касалликлари ва саратоннинг айрим турларидан ҳимоя қилувчи кучли антиоксидантлар мавжуд.
  • Барча ёнғоқ турлари фойдалидир. 14 ёшдан ошган 83 000 дан зиёд аёлда олиб борилган тадқиқотда Гарвард олимлари ҳафтада 30 грамм ёнғоқ еганларда 2-тоифа диабет ривожланиш хавфи камдан кам ёнғоқ истеъмол қиладиган аёлларга нисбатан 20 фоизга камаяди деган хулосага келишди.
  • Соя қон босимини, қондаги холестерин миқдорини пасайтиради ва тромб хавфини камайтиради. Шунингдек, у тухумдон, простата ва кўкрак бези саратонига қарши курашишда ёрдам беради ва менопауза пайтида қизиб кетишни енгиллаштиради.
  • Бошоқли донлар. Кунига бир марта дон маҳсулотларини истеъмол қилиш нафақат юрак хуружи, балки кўплаб ёшга доир касалликлар ривожланиш хавфини камайтиради.
  • Ёғли балиқ гўшти артрит, диабет ва ақли заифликнинг олдини олади. Таркибидаги омега-3 ёғ кислотаси юрак ва томирларни соғлом сақлашга ёрдам беради.

Фойдали зираворлар

  • Саримсоқ — юрак-қон томир касалликлари ва саратоннинг олдини оладиган фойдали антибактериал маҳсулот.
  • Занжабил — гастроинтестинал муаммоларга ва артритни енгиллаштирадиган кучли яллиғланишга қарши восита.
  • Зира — ҳазм қилиш жараёнини нормаллаштиради ва саратон касаллигининг олдини олиш чоралари сифатида ҳам қўлланилади.
  • Чили  таркибида қон липидларини пасайтирадиган ва тромб хавфни камайтирадиган капсаицин моддаси мавжуд.
  • Куркума — узоқ вақт давомида хитой ва ҳинд тиббиётида ревматоид артрит яллиғланишига қарши восита сифатида ишлатилган ва баъзи саратон касалликлари хавфини камайтириши исботланган.
  • Кашнич — холестерин ва қондаги қанд миқдорини пасайтиради, яллиғланишга қарши таъсирга эга.

Ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, иммун тизимининг эрта қаришига олиб келадиган овқат ҳазм қилиш муаммоларининг аксарияти стресс туфайли юзага келади. Озроқ стресс ҳеч кимга зарар қилмайди, аммо агар у доимий ҳолатга айланса, бу нафақат психикага, балки бутун танага ҳам зарарлидир.