Эътиборсиз қолдириш хавфли бўлган буйрак инфекциясининг 6 та белгиси
Дастлабки босқичларда буйрак инфекциясининг аломатлари оддий шамоллашга ўхшаб кетиши ва дам олиш ҳамда илиқ ванна пайтида йўқолиши мумкин.
Одатда аёлларда буйрак инфекцияси эркакларникига қараганда кўпроқ таъсир қилади. Бу тананинг тузилиш хусусиятлари ва, айниқса, буйрак йўллари билан боғлиқ. Инфекцияни келтириб чиқарадиган бактерияларнинг аксарияти танага ушбу «йўл» орқали кириб боради ва, афсуски, аёллар юқтиришга кўпроқ мойил. Дастлабки босқичда буйрак инфекциясини оддий шамоллаш билан чалкаштириб юбориш мумкин. Аммо агар касаллик ўз вақтида даволанмаса, бу жиддий асоратларнинг ривожланишига олиб келади.
Қон аралаш пешоб
Буйрак инфекцияларининг аксарияти танага пешоб йўллари орқали кирадиган бактериялар билан бошланади ва бу аёлларда кўпроқ учрайди. Чунки уларда ушбу йўллар эркакларникига қараганда қисқа. Пешоб ёки қонда эритроцитлар даражасининг кўпайиши инфекциянинг бошланишини кўрсатиши мумкин. Албатта, касаллик буйракларга таъсир қилмаслиги учун иложи борича тезроқ шифокорга мурожаат қилиш ва даволанишни бошлаш муҳимдир.
Пешоб чиқариш истаги кучаяди
Бундай вақтда пешоб пуфаги тез-тез қисқаради. Агар ҳожатхонага аввалгидан кўра тез-тез бориш кузатилса, бошқа аломатлар сезилмаса ҳам, шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Бел оғриғи
Буйрак инфекциясининг энг кенг тарқалган аломатларидан бири бу қайталанувчи бел оғриғи. Инфекциядан таъсирланган буйрак ҳажми катталашиши ва оғриқни келтириб чиқарадиган асаб толаларини босиши мумкин. Агар бел соҳасида такрорий оғриқлар пайдо бўлса, шифокор билан маслаҳатлашиш керак.
Пешоб вақтида оғриқ
Буйрак инфекцияси пешоб йўлларига ҳам таъсир қилади – яллиғланиш жараёни кузатилади. Шунинг учун пешоб чиқаришда оғриқ бошланаётган ёки ривожланаётган буйрак инфекциясидан ҳам огоҳлантириши мумкин.
Ранги тўқ пешоб
Кучли, ёмон ҳидли ёки таркибида йирингли зарралар бўлган пешоб буйрак инфекциясининг аломатларидир. Ўзингиз касаллик билан курашишга уринманг, шифокорга мурожаат қилинг!
Бош айланиши
Агар чора-тадбирлар ўз вақтида кўрилмаса, инфекция қон оқимига тушиши мумкин. Натижада қон таъминоти бузилиши мумкин, юрак ва мия эса етарли миқдорда кислород ололмайди. Бош айланиши ва ҳатто ҳушдан кетиш ҳам кузатилади.