Озишга ёрдам берадиган 5 микроэлемент
(last modified Tue, 29 Jun 2021 05:19:38 GMT )
июн 29, 2021 10:19 Asia/Tashkent
  • Озишга ёрдам берадиган 5 микроэлемент

Қайси микроэлементлар вазн ташлашга ёрдам бериши ҳамда улар қайси маҳсулотлар таркибида бўлиши ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Хром

Моддалар алмашинувида фаол иштирок этадиган хром инсулин билан бирга глюкозани яхши сингишига ёрдам беради, қандли диабетнинг келиб чиқиш хавфининг олдини олади. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас, асосийси мазкур микроэлемент озиш жараёнида ҳам асосий рол ўйнайди. Қондаги қанд миқдорини назорат қилиб, ширинликка бўлган мойилликни камайтиради. Шундай қилиб рационда хром қанча кам бўлса, иштаҳа ҳам карнай бўлмайди. Катталар учун кунлик меъёр 150 миллиграммни ташкил қилишига қарамай, ҳеч ким меъёрнинг ярмини ҳам истеъмол қилмайди.

Хромга бой маҳсулотларни истеъмол қилганда организмда қуйидаги ўзгаришлар кузатилади:

  • Чой ёки қаҳвага шакар одатдагидек кўп қўшилмайди;
  • Пирожний ейишга хоҳиш бўлмайди;
  • Тетик ва кучга тўла бўлиш;
  • Жисмоний зўриқишлар муаммо бўлмайди;
  • Вазн ташлаш.

Хромга бой маҳсулотлар:

Ёнғоқлар, хандон писта, гречка, арпа ёрмаси (перловка), қаттиқ пишлоқ, сут маҳсулотлари, товуқ гўшти, қўзиқорин, пиёз, картошка, ловия, нўхат, барра помидорлар ва бодринг, шунингдек, гулкарам, брокколи, апельсин, ёғли денгиз балиғида хром бисёр бўлади.

Кальций

Парҳезшунослар кальцийни озишни истаганлар учун кальцийдан яхшиси йўқ, деб ҳисоблайди. Кальцийга бой маҳсулотлар истеъмол қилинганда организм ҳар доимгидан ҳам фаолроқ ишлайди.

Метаболизмни жадаллаштиради, ҳужайралараро моддалар алмашинуви жараёнини яхшилайди. Асаб ҳужайраларининг таъсирчанлигини камайтиради. Мушаклар спазмини бартараф қилиб, қоннинг ивиши меъёрда бўлишини таъминлайди. Шунингдек, холестеринни камайтириб, буйрак усти безлари ҳамда қалқонсимон безнинг меъёрда ишлашига ёрдам беради. Организмдаги кальций миқдори меъёрда бўлиши учун нафақат унга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш, балки микроэлементни организмдан чиқариб юбориши ёки миқдорини камайтириши мумкин бўлган туз ва кофеиндан тийилиш керак.

Кальцийга бой маҳсулотлар:

Кунжут, бодом, ёнғоқ, ерёнғоқ, майиз, соя, карам, кўк пиёз, сабзи, картошка, сутли маҳсулотлари, тухум, салат барги ва денгиз маҳсулотлари кальцийга бой маҳсулотлар саналади.

Магний

Ортиқча вазндан қутулишга ёрдам берадиган магний, ҳужайраларни кислород билан тўйиниш хусусиятини жадаллаштиради. Натижада глюкоза ва алмашинуви ва метаболизм яхшиланади. Рационга магнийга бой маҳсулотларни қўшганда организмда қуйидаги ўзгаришлар юз беради:

  • Юрак ритми меъёрда бўлади;
  • Қондаги қанд миқдори камаяди;
  • Нафас олиш яхшиланади;
  • Тишлар ҳолати яхшиланади.

Магнийга бой маҳсулотлар:

Дуккакли маҳсулотлар, ёнғоқлар, какао, денгиз маҳсулотлари, кўкатлар, қовоқ ва кунгабоқар писталари, кунжут, шоколад, ясмиқ ва ловия магнийга бой саналади.

Темир

Қон томир тизими учун аҳамиятли ҳисобланган темир моддаси, гемоглабинни юқори бўлиши ва иммунитетни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. Ушбу микроэлемент ҳужайраларни кислород билан таъминлайди, метаболизмни жадаллаштиради, қалқонсимон без гормонларининг меъёрда ажралишини яхшилайди, мияни фаол ишлашига ёрдам беради.

Темирга бой маҳсулотлар:

Жигар, гўшт, ловия, қуритилган мевалар, анор, олма ва ўрик темир моддасининг кони саналади.

Калий

Ортиқча вазндан қутулиш учун ҳаракат қилаётганларнинг таомномасида, албатта калийга бой маҳсулотлар ўрин олиши керак. Акс ҳолда унинг танқислиги селюллит ва шишлар, ошқозон-ичаклар трактида муаммолар келиб чиқишига олиб келади. Агар турмуш тарзи мунтазам жисмоний зўриқишларни тақозо қилса, калийнинг кунлик меъёри бироз кўпроқ бўлиши керак.

Калийга бой маҳсулотлар истеъмол қилинганда организмда қандай ўзгаришлар юз беради?

  • Асаб тизими фаолияти яхшиланади;
  • Мушаклар тонуси ошади;
  • Шишлар йўқолади;
  • Организмда тўпланган токсинлар чиқиб кетади;
  • Ферментлар сабаб овқат тез ва сифатли ҳазм бўлади:
  • Қон босими меъёрда бўлади.

Калийга бой маҳсулотлар:

Қуритилган мевалар, банан, картошка, ўрик, ёнғоқлар, исмалоқ, қорағат калийга бой маҳсулот саналади.