Иммунитет сусайганидан дарак берувчи организмдаги 9 симптом
Организмни бактерия ва вируслардан ҳимоя қилувчи иммун тизимининг сусайиши саломатлик билан боғлиқ турли муаммолар келиб чиқишига олиб келиши мумкин. Айнан шу сабаб ҳам қандай белгилар иммунитет «тушиб кетгани»ни билдириши ҳақида маълумотга эга бўлиш муҳим саналади.
Иммунитет сусайганини қандай билиш мумкин?
Чарчоқ ва ҳолсизлик
Тезда чарчаб қолиш ва доимий равишда лоҳас бўлиш иммунитет сусайганидан дарак берадиган илк симптом саналади. Тонгда тиниқиб ухлаб туган тақдирда ҳам, ўзини ҳолсиз ҳис қилиш жиддий белгидир. Бу иммун тизими ўз вазифасининг уддасидан чиқолмаётгани ва доимий равишда зўриқаётгани ва шунинг учун ҳам кўпроқ энергияни ўзига жалб қилаётганини билдиради.
Тана ҳароратининг кўтарилиши
Иккинчи белги тана ҳароратининг бироз кўтарилиши ҳисобланади. Бироз вақт давомида тана ҳароратининг 37 даража ва ундан юқори бўлиши организмда қандайдир аутоиммун касаллик ривожланаётганини англатади. Бунга бефарқ бўлмаслик ва шифокорга мурожаат қилиш керак.
Тери билан боғлиқ муаммолар
Шунингдек, терида тошмалар ва бошқа яллиғланишлар пайдо бўлиши, терининг қичишиши ҳам иммун тизими фаолиятида муаммо борлигини билдиради. Организмда юз бераётган жараёнлар терида акс этгани сабаб ҳам ўз вақтида мутахассис билан маслаҳатлашиш ва муаммо нимада эканлигини аниқлашни унутмаслик керак.
Бош оғриши
Доимий равишда бош оғриши эса тўртинчи аломат. Табиийки, мигренга бир қанча сабаб бўлиши мумкин, аммо оғриқ мунтазам равишда кузатилса, организмда муаммо бор бўлиши, бунинг оқибатида мия қон томирлари зарарланиб, бош оғриғи пайдо бўлиши мумкин.
Ич қотиши ёки диарея
Бир неча ҳафта давом этадиган ич қотиши ёки диареяга ҳам иммун тизимидаги муаммо сабаб бўлиши мумкин. Ичаклар фаолиятининг бузилиши ва иммун тизими сусайишида алоқадорлик бўлиши мумкинлиги сабаб ҳам бефарқ бўлмасдан, шифокорга мурожаат қилинг.
Қўлларнинг қалтираши
Қўллар қалтирашининг доимий равишда кузатилиши ҳам асаб ва қон томирларнинг зарарланиши фонида организмнинг иммун тизимидаги муаммо келиб чиққанидан далолат беради.
Кўз ёки терининг сарғайиши
Кўз ёки терининг сарғайиши дарҳол даволаш талаб қиладиган жиддий симптом саналади. Биринчидан, бу жигар касаллиги ривожланаётгани, иккинчидан эса, организмда иммунитет билан боғлиқ муаммо борлигини англатади. Шунингдек, сарғайиш аутоиммун гепатит (иммунитет янглишиб соғлом жигар ҳужайраларини зарарлаши) сабаб кузатилиши ҳам мумкин. Иммун тизими кўз соҳасида дискомфорт пайдо бўлишига олиб келиши мумкинлиги боис ҳам қичишиш, қизариш, ачишиш ва оғриқ кузатилганда муаммо нимада эканлигини аниқлаб олиш, асоратлар ривожланишига олиб келмаслик керак.
Антибиотикларни тез-тез қабул қилиш
Тез-тез шамоллайдиган ва антибиотикларни бир йилда икки мартадан кўпроқ қабул қиладиганларнинг иммунитети бошқаларникидан сустроқ бўлади. Уни мустаҳкамлаш ва соғломлаштириш учун эса шифокорга мурожаат қилиш керак.
Иммунитет сусайганда организмга қандай ёрдам бериш мумкин?
Даво режасини тузиш учун, аввало, терапевт шифокорга мурожаат қилиш керак. Шифокор сизнинг касаллик тарихингиз билан танишиб, қандай таҳлиллар топшириш кераклигини айтади, турмуш тарзи ва сурункали касалликлар билан боғлиқ саволлар беради. Организмдаги касаллик ва муаммолардан келиб чиқиб сизни қайси шифокор, масалан, эндокринолог, иммунолог, дерматологга мурожаат қилишингиз кераклигини айтади. Шифокорларнинг умумий тавсияларига амал қилган ҳолда зарарли таомлар ва спиртли ичимликлардан воз кечилса, спорт билан шуғулланиш канда қилинмаса, иммунитетни мустаҳкамлашга эришилади. Ички аъзолардаги муаммолар ҳамда аутоиммун касалликлар комплекс ёндашув ва узоқ вақт талаб қилади. Шу сабаб ҳам организмга «қулоқ солиш», саломатликни сақлаш тавсия қилинади.