Уй шароитида тромбоз пайдо бўлишининг олдини олиш йўллари
(last modified Sat, 17 Jul 2021 05:24:46 GMT )
июл 17, 2021 10:24 Asia/Tashkent
  • Уй шароитида тромбоз пайдо бўлишининг олдини олиш йўллари

Тромбоз нима? Тромбоз — томирларда қон қуйқалари – тромбларнинг пайдо бўлишидир. Улар қоннинг эркин айланишига тўсқинлик қилади, натижада тўқима ва органларнинг гипоксиясига, яъни кислород етишмаслигига, метаболик маҳсулотларнинг тўпланишига олиб келиши мумкин.

Агар тромб қон томирларнинг 90 фоизини блокировка қилса, у ҳужайралар ва органларнинг тўйиб озиқланмаслиги (ишемия) ва ўлимга (некроз) сабаб бўлиши мумкин. Бу ўз навбатида қон томирлари касалликларига, миокард инфарктига, қорин ва ретроперитонеал органларнинг ишемиясига, экстремиталарнинг гангренасига ва одам ўлимига олиб келади.

Тромбоз ўткир ёки сурункали бўлиши мумкин. Шифокорлар тромбозни даволаш самарадорлигининг 50 фоизини инсоннинг турмуш тарзи билан боғлашади. Қоннинг ёпишқоқлиги, унинг турғунлиги, қон томирлари деворларининг ҳолати кўп жиҳатдан бизнинг қандай яшашимиз ва ишлашимизга, нима ейишимизга ва ўз соғлигимизга қанчалик эътиборлилигимизга боғлиқ.

Нима учун тромбоз пайдо бўлади?

Касалликнинг икки тури мавжуд — артериал, веноз тромбоз ва унинг ривожланишининг учта асосий сабаби бор.

  • Қон томирлари деворининг шикастланиши. Яллиғланиш, юқумли касалликлар, холестерин бляшкалари ҳосил бўлиши, оғир юк кўтариш, туғруқ пайтида юзага келиши мумкин.
  • Қон ёпишқоқлигининг ўзгариши, қон ивиш тизимининг бузилиши ёки тромбофилия, гиперкоагуляция. Бу нотўғри овқатланишдан, гормонлар мувозанати, метаболик касалликлар ва баъзи бир аутоиммун касалликлар, генетик мойиллик туфайли юзага келади.
  • Қоннинг турғунлиги ва қон оқимининг секинлашиши. Бу ҳаракатсиз одамларда, узоқ вақт ётоқда ётадиган, автомобиль, самолёт, компьютерда кўп ўтиришдан ривожланади.

Тромбоз учун энг яхши дори бу — ҳаракатдир

Оёқларингиз оғриётган бўлса ҳам ҳар куни ҳаракат қилишингиз керак. Имконингиз борича пиёда юринг. Аммо буни ҳар куни ва тартибли бажаринг. Юриш вақтини аста-секин ошириб боринг.

  • Оёқларингизни чалиштириб ўтирманг: бу ҳолат қон айланишига халақит беради.
  • Кунига бир неча марта оёқларни кўтариб туриш керак. Бунинг энг осон йўли — ётганингизда оёқ остига ёстиқ, букланган адёл қўйинг.
  • Узоқ вақт давомида ҳаракатсиз бўлманг: кун давомида ётманг ва компьютерда ёки телевизор қаршисида бир соатдан кўп ўтирманг. Танаффус қилинг ва 10-15 дақиқа давомида хона бўйлаб сайр қилинг ёки оёқларингиз учун машқ қилинг.

Кийим ва пойабзал

  • Танани сиқиб турадиган кийимларни киймаган маъқул. Тромбоз пайдо бўлишига жуда қаттиқ жинси ва кўйлаклар, ички кийимлар, корсетлар, иплар ва камарларни кийиш ҳам сабаб бўлади.
  • Иш ва уй пойабзаллари паст пошнали бўлиши ёки умуман пошнасиз бўлиши керак. Пошнали пойабзалларни иложи борича камроқ кийишга ҳаракат қилинг.
  • Агар оёқларингизда варикоз кенгайиши бўлса, унда тромбознинг олдини олиш учун сиқилган махсус пайпоқ кийиш керак. Шифокор сизга сиқилиш даражасини танлашда ёрдам беради.

Сув муолажалари

Аста-секин ўзингизни контрастли душга ўргатинг: навбати билан иссиқ ва совуқ суда ювиниш қон томирлари деворларини ва тонусини мустаҳкамлайди. Аммо эҳтиёт бўлинг: дастлаб кичик ҳарорат фарқларидан бошлашингиз керак! Аввал тана ва оёқларга илиқ сув қуйинг, сўнгра совуқроқ сув. Буни ҳар куни бажаринг ва ҳарорат фарқини ошириб, сув ҳароратини аста-секин назорат қилинг.

Иссиқ ванна ва буғхоналарга одатланманг — бу варикоз томирлари касалликларига, варикоз кенгайишига олиб келиши мумкин.

Тромбоз белгилари

Агар ўзингизда бир ёки бир нечта аломатларни сезсангиз, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Флеболог, флеболог-жарроҳ бу борада сизга ёрдам беради.

Артериал тромбознинг ўзига хос белгилари:

  • бир жойда пайдо бўладиган ва пулсацияланувчи оқим каби тарқаладиган кучли оғриқ;
  • оёқлар увишиши, сезгирлигини йўқотиш, қўл-оёқлар ҳароратининг пасайиши (қон қуйқаси жойлашган жойига қараб);
  • агар қон қуйқаси ўпка артериясини тўсиб қўйса, у ҳолда одам кўкрак қафасидаги сиқилишни сезади, юрак ритми бузилади ва нафас қисилиши пайдо бўлади;
  • агар тромбоз мия томирини тўсиб қўйган бўлса, унда бош айланиши, нутқнинг бузилиши пайдо бўлади.

Вена тромбозининг белгилари:

  • зарарланган тана қисмида кучли оғриқ;
  • тромб бор қисмдаги вена қалинлашади ва шишади;
  • ўша ердаги тери ранги кўкаради;
  • вена юзаси шишиб кетади.

Оёқнинг пастки қисми юзаки вена тромбози ҳам ажралиб туради:

  • оёқлардаги оғирлик;
  • ҳаракатнинг чекланиши;
  • тромбга яқин қисмнинг шишиши;
  • тери қизариши, сезувчанлигининг ошиши;
  • дармонсизлик, заифлик, титроқ, иситма.

Оёқларнинг чуқур вена тромбози билан қуйидаги аломатлар пайдо бўлади:

  • оғриқ, шиш ва оғирлик;
  • сон ва оёқнинг ички томони бўйлаб оғриқ;
  • бутун оёқнинг ёки бир қисмининг шишиши;
  • оёқ териси рангпар ва кўкариб қолади;
  • зарарланган оёқ ҳарорати соғлом оёқ ҳароратидан 1,5-2 даража юқори бўлади.