Қондаги глюкоза миқдори организмга қандай таъсир кўрсатади?
(last modified Sat, 24 Jul 2021 04:55:35 GMT )
июл 24, 2021 09:55 Asia/Tashkent
  • Қондаги глюкоза миқдори организмга қандай таъсир кўрсатади?

Глюкоза — бу мушаклар ва мия фаолиятини таъминлайдиган «ёқилғи»дир. Организм одатдагидек ишлаётган бўлса, гормонал тизим шакар миқдорини доимий равишда ушлаб туради.

 Натижада тана қулай тарзда ишлайди - сиз ўқийсиз, ишлайсиз ёки қийинчиликсиз югурасиз. Агар гормонал тизим бузилган бўлса, унда шакар даражаси аввал кўтарилади, кейин тушади. Натижада ўзингизни баъзан кучга тўлган, баъзида эса ҳолдан тойгандек ҳис қиласиз.

Агар сизда (дунёдаги 300 миллион одам каби) диабет касаллиги аниқланса, бундай ўзгаришлар юрак-қон томир касалликларига, буйраклар шикастланишига ва оёқ-қўллар увишишига олиб келиши мумкин.

Қандли диабетнинг олдини олишда кўп нарса овқатланиш ва турмуш тарзингизга боғлиқ. Ҳатто нисбатан соғлом овқатлар ҳам қондаги шакар миқдорининг кескин пасайишига олиб келиши мумкин.

Овқат глюкоза даражасига қандай таъсир қилади?

Айтайлик, сиз 100 калория истеъмол қилдингиз. Аммо глюкоза миқдорини ҳисобга олсангиз, жараён бироз мураккаблашади. Шоколадли печеньедан 100 калория, қовоқли курка гўштидан 100 калория танангизнинг шакар мувозанатига алоҳида-алоҳида таъсир қилади. Таркибида клетчатка, ёғ ва оқсиллар бўлган озиқ-овқат аста секин сўрилиб, глюкозани қонга чиқариб юборади.

Олий навли ун ва қайта ишланган маҳсулотлардан тайёрланган ширинликлар, пишириқлар деярли бир зумда сўрилиб, қонга зарарли дозаларни юборади.

Жуда кескин кўтаради

Ширинлик, пишириқ, торт, пончиклар. Аммо глюкоза даражасига зудлик билан таъсир қилиш учун озиқ-овқат ҳар доим ҳам ширин бўлиши шарт эмас. Қайта ишланган овқатлар ва оқ унли маҳсулотлар (макарон, нон, печене, пицца) ҳам худди шундай таъсирга эга.

 

Image Caption

Секин кўтаради

 

Сиз углеводлардан бутунлай воз кеча олмайсиз. Мураккаб углеводлар (масалан, сабзавот ёки дон таркибида) аста-секин сўрилиб, глюкозани қонга аста-секин чиқариб юборади. Аммо уларни жуда кўп истеъмол қилсангиз ҳам, улар қон шакарини сезиларли даражада ошириши мумкин, шунинг учун овқат миқдорини назорат қилишга ҳаракат қилинг. Мева таркибида ҳам кўп миқдордаги шакар мавжуд, аммо уларни тўлиқ истеъмол қилсангиз (пўсти билан бирга) ҳавотирланишга ҳожат йўқ: клетчаткалар шакар ўзлаштирилишини сусайтиради. Аммо мевали шарбат ичсангиз (ҳатто янги сиқилган бўлса ҳам), унда клетчаткалар бўлмайди ва шакар дарҳол сўрилади.

 

Барқарор даражани сақлайди

 

Клетчатка — танага сингиб кетмайдиган ва шакар даражасини оширмайдиган углеводларнинг махсус тури. Сабзавотлар таркибидаги углеводларнинг аксарияти клетчаткага тўғри келади, шунинг учун сабзавотларни истеъмол қилиш жуда муҳимдир. Протеин (масалан, товуқ ёки балиқда) ҳам деярли қон шакар даражасига таъсир қилмайди. Агар овқат таркибида углеводлар, оқсиллар, ёғлар ва клетчаткалар бўлса, қондаги шакар даражасини барқарор ушлаб туради.

Қонда шакар миқдори нималарга таъсир қилади?

 

Саломатлигингизга...

Кўп миқдорда шакар истеъмол қилиш диабетнинг бевосита сабаби эканлиги ҳозирча маълум эмас, аммо ортиқча калория килограмм ортишига олиб келиши мумкин. Семириб кетиш касаллик ривожланишидаги асосий хавф омилларидан биридир. Агар одамда диабетнинг 2-тури ёки предиабет мавжуд бўлса, глюкоза тўпланиб қон томирлари ва асабларга зарар етказиши мумкин.

Қувватингизга...

Глюкоза организм учун ёқилғидир. У мия ишлаши ва тана ҳаракатланиши учун зарур. Аммо қон оқимига глюкозанинг аста-секин сўрилиши муҳим. Масалан, шоколадли батон истеъмол қилганингиздан сўнг, организм катта миқдордаги шакарни ўзлаштирса, қонда глюкоза даражаси кўтарилиб кетади. Тахминан. ярим соат давомида ўзингизни яхши ҳис қиласиз — шакар миқдори кўтарилади ва сиз энергия билан тўласиз. Аммо 30 дақиқадан сўнг муаммолар бошланади.

Инсулин интенсив равишда ишлаб чиқарилади, глюкозани ютади ва натижада унинг қондаги миқдори ундан олдингидан ҳам паст бўлади. Очлик ва чарчоқни ҳис қилишни бошлайсиз.

Кайфиятингизга...

Глюкоза даражаси жуда паст бўлганида гормонал тизим танадан глюкозани тортиб ола бошлайди. Кортизол ва адреналин стресс гормонлари бу жараёнда иштирок этади, натижада безовталанасиз ва ғазабланасиз. Ирода кучи ва ҳиссиётларни бошқариш қобилияти пасаяди, очлик ҳисси пайдо бўлади.

Вазнингизга...

Оддий углеводлар бир зумда сўрилади ва тана жуда кўп инсулин ишлаб чиқаради. Шакар миқдори кескин тушади, ёғ ҳужайралари эса ёғ кислоталарини ея бошлайди. Аммо қонда шакар ва ёғ кислоталари озлиги ҳисобига тана очлик ҳақида сигнал беради. Агар шоколад ёки булочка есангиз, худди шу жараённинг қйта бошланишига сабаб бўласиз. Бу охир-оқибат вазн ортишига олиб келади.

Қачон шакар зарарли бўлиши мумкин?

 

  • Булочка еганингизда, у қонга сўрилади ва глюкоза ажралиб чиқади, уни танангиз ёқилғи сифатида ишлатади.
  • Ошқозонда овқат ҳазм бўлгандан кейин глюкоза қонга тарқалади ва ошқозон ости бези инсулин ажратиб реакцияга киришади, бу эса глюкоза миқдорини тартибга солишга ёрдам беради.
  • Инсулин қондан ҳужайраларга глюкоза — ёқилғи ташийдиган воситадир. Инсулин ҳужайралардаги глюкоза ташувчилар таъсирини фаоллаштиради. Булар ҳужайралардан ичкаридан ташқи ярим ўтказувчан мембранага ўтадиган, глюкоза молекулаларини тутиб оладиган ва сўнгра уларни ёқиш учун ички «электр станциялар»га ўтказадиган махсус оқсиллардир. Аммо агар инсулин етарли бўлмаса ёки тизим етарли даражада ишламаса, муаммолар бошланади.
  • Ҳужайралар глюкозани рад қилади. Ошқозон ости бези инсулиннинг қўшимча қисмини ишлаб чиқаришга ҳаракат қилади аммо бу жараён секин ва заиф кечади. Глюкоза қон томирларига таъсир қилиб, уларга ва ички органларга зарар етказади.

Организмдаги шакар миқдорини текшириш

Қонда шакар миқдори кўпайиши ўзини намоён қилмайди ва уни фақат қон текшируви билан текшириш мумкин. Бунинг учун йилда бир марта текширувдан ўтиш ва 45 ёшдан кейин кўрсаткичларни диққат билан кузатиб бориш кифоя. Агар рақамлар тартибда бўлса, келгуси йилгача хавотир олмаса ҳам бўлади. Агар салбий ўзгаришлар юз берса, шифокор сизга нима қилиш кераклиги ва қачон қайта текширувдан ўтиш ҳақида маслаҳат беради.