Мигрен бошланишидан аввалроқ у билан курашишга ёрдам берадиган 6 усул
Мигрен ёз кунларида тез-тез безовта бўлишга сабаб бўладиган касаллик саналади. Жазирама, қуёшнинг ёрқин нури унинг қўзғалишига олиб келиши мумкин.
Бош оғриганда нима қилиш кераклиги ҳақида «Домашний очаг» журналидаги тавсияларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Кўпроқ суюқлик ичинг
Кучли бош оғриғи – организмга сув етишмаётганидан сигнал берувчи сувсизланишга хос симптом саналади. Суюқлик балансининг ҳатто бироз бузилиши ҳам мигренга сабаб бўлиши мумкин. Айнан шуни инобатга олган ҳолда кўп суюқлик ичиш, шунингдек, таркибида сув бисёр бўлган сабзавот ва мевалар – бодринг, тарвуз ва бошқаларни истеъмол қилиш тавсия қилинади.
Спиртли ичимликлардан тийилинг
Спиртли ичимлик туфайли нафақат тонгда бош оғриғи билан уйғониш, балки кун давомида ҳам ушбу муаммодан азият чекиш мумкин. Айнан шу боис ҳам бу каби ичимликлардан, айниқса жазирама кунларда тийилган яхши.
Тез-тез овқатланинг
Қондаги қанд миқдорининг тушиб кетиши кучли бош оғриғига сабаб бўлиши мумкинлиги учун ҳам ҳар икки соат вақт оралиғида тамадди қилиш керак. Зарурият бўлганда истеъмол қилиш учун ёнингизда батонча, ёнғоқ ёки қуритилган мевали пакет олиб юринг.
Тиниқиб ухлашга ҳаракат қилинг
Кечки уйқунинг меъёрда бўлмаслиги ёз кунлари безовта қиладиган бош оғриғининг энг кўп тарқалган сабабларидан бири саналади. Иссиқ ҳарорат туфайли одам яхши ухлай олмайди. Уйқунинг чуқур фазаси қисқарганида, дам олиб бўлмайди натижада киши эрталаб бош оғриғи билан уйғонади. Кечаси кондиционердан фойдаланишнинг имкони бўлмаса, иссиқ билан қандай курашиш мумкинлиги ҳақидаги тавсияларга амал қилиб кўринг.
Жисмоний фаол бўлинг
Тадқиқотчилар одамда аэробик зўриқиш қанча кўп бўлса, бош оғриғи шунча кам кузатилишини таъкидлайди. Ҳафта давомида уч марта 40 дақиқа давомида спорт билан шуғулланиш саломатликка ижобий таъсир кўрсатади.
Стрессни енгишни ўрганинг
Саломат бўлиш ва узоқ умр кўришни истасангиз стрессни енгишни ҳамда унинг оқибатларини медитация ёрдамида камайтиришни ўрганинг. Айнан сурункали, узоқ вақт давом этадиган стресс ҳаёт давомийлигини қисқартириши мумкин бўлган касалликлар: иккинчи турдаги қандли диабет, инфаркт, инсульт ва ҳатто ёш билан боғлиқ деменсия пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.