Қаҳванинг соғлиқ учун 10 та фойдаси
Бир финжон қаҳвасиз уйғонолмаслик ва иш кунини хушбўй ичимликсиз тасаввур қила олмаслик мумкинми? Бу умуман ёмон одат эмас, қаҳва нафақат тетиклантирувчи ичимлик, балки соғлиқ ва фаровонликни яхшилашнинг осон усули ҳисобланади.
Лекин муҳим қоидаларни унутмаслик лозим. Биринчидан, кислоталилик билан боғлиқ муаммо бўлса, уйқу режими бузилса, хавотирга тушиш ёки кофеинга сезгирлик жуда юқори бўлса, қаҳва ичиш тавсия этилмайди. Иккинчидан, шакарсиз, сиропсиз ва бошқа моддаларисиз қора қаҳвани ичиш керак. Акс ҳолда фойда ўрнига зарар келтириши ҳеч гап эмас. Ва ниҳоят, учинчидан, иложи бўлса, тавсия этилган кунлик меъёр – 400 млдан ошмаслиги керак.
Қаҳва нимаси билан фойдали?
Метаболизмни яхшилайди
Кофеин нафақат инсонни, балки метаболизмни ҳам фаоллаштирадиган енгил стимулятордир. Аммо, албатта, бу фақат шакарсиз қора қаҳва учунгина тўғри келади. Шунчаки бир қошиқ шакар қўшиш орқали вазнни камайтириш эмас, балки ошириш мумкин.
Қандли диабет хавфини камайтиради
2013 йилда чоп этилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, кунига икки стакан қора қаҳвани шакарсиз ичган аёлларда диабетга чалиниш хавфи бошқа ичимликларни афзал кўрганларга қараганда 12 фоизга кам. Айтганча, эркакларда ушбу кўрсаткич камроқ фоизни ташкил этади.
Антиоксидантларга бой таркиб
2004 йилги тадқиқотга кўра, қаҳва рациондаги антиоксидантга бой ичимлик ҳисобланади. Ҳақиқат шундаки, у хлороген кислоталарга бой бўлиб, улар кўриш қобилиятини йўқотиш ва глаукома хавфини камайтиради. Чунки у ретинанинг ёш билан боғлиқ зарарланишининг олдини олади.
Асаб тизими учун фойдали
Бир финжон қаҳва таркибида ҳужайралар энергия ишлаб чиқаришига ёрдам берадиган ва асаб тизимини бошқарадиган витамин – рибофлавиннинг кунига тавсия этилган миқдорининг 14 фоизи мавжуд.
Жисмоний кўрсаткични яхшилайди
Спорт залида кўпроқ вақт ўтказадиганлар диққатига: жисмоний машқлар олдидан бир финжон қаҳва ичиш тавсия этилади. Сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, кофеин спортдан завқланишга ёрдам беради ва жисмоний машқлар осонроқ ҳамда ёқимли кўринади.
Юракни ҳимоя қилади
Бундан ташқари, қаҳва қон томирлари тиқилиб қолишининг олдини олишга ёрдам беради. Кофеин ҳақиқатан ҳам қон босимининг қисқа муддатли кўтарилишига олиб келиши мумкин бўлса-да, бу таъсир узоқ давом этмайди, юрак ва қон томирларининг соғлиғига салбий таъсир кўрсатмайди. Шифокорлар қон босими юқори бўлган одамларга қаҳва ичишда эҳтиёт бўлишни ва ўзларини ёмон ҳис қилса, ичмасликни маслаҳат беради, аммо бу ичимликдан бутунлай воз кечиш керак дегани эмас.
Депрессия хавфини камайтиради
JАМА internal Medicine’да нашр этилган ўн йиллик тадқиқот шуни тасдиқладики, қаҳвани мунтазам истеъмол қилиш ҳақиқатан ҳам депрессия хавфини камайтиради. Бундан ташқари, яқинда Гарвард университети неврологлари янги шарҳини эълон қилди, унда қаҳва потенциал депрессия хавфини 33 фоизга камайтириши мумкинлиги айтилган.
Кўкрак бези саратони хавфидан ҳимоя қилади
2015 йилги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кунига икки ёки ундан ортиқ финжон қаҳва кўкрак бези саратони хавфини камайтиради. Қаҳва ўсманинг ўсишини босади ва саратон касаллигининг қайталаниш хавфини камайтириши мумкин. Чунки кислоталар ва кофеин саратон ҳужайраларига таъсир қилиши ва уларни даволашга мойил.
Тери саратонидан асрайди
Навбатдаги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қаҳва ва чойдан олинган кофеин меланома хавфини камайтиришда муҳим рол ўйнаши мумкин. Бироқ, қуёш нурларидан ҳимоя қилувчи воситалардан фойдаланиш самаралироқ, албатта.
Хотирани мустаҳкамлайди
Бир неча йил олдин Nature Neuroscience’дa нашр этилган тадқиқот кофеин қабул қилингандан кейин 24 соат ичида беморлар ўзининг хотираларида янги маълумотларни сақлаш қобилиятини яхшиланганлигини тасдиқлади. Бундан ташқари, кофеиннинг дозаси одатдагидек муҳим эмас: кунига атиги бир стакан қаҳва хотира учун анча фойдали бўлади.