Тошкентда ИҲТнинг 43-сессияси барпо бўлади
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясига бағишланган брифинг ўтказди
14 октябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги миллий ва хорижий ОАВ вакиллари учун Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясига бағишланган брифинг ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати беради.
Унда маълум қилинганидек, 18-19 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган мазкур йиғилишда 26 та ИҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари расмий равишда ўз иштирокини тасдиқлади.
Сессияда ИҲТ бош котиби Ияд Амин Мадани, Ислом тараққиёт банки гуруҳи президенти Бандар Ҳажжар, ташкилотнинг қатор ёрдамчи ва махсус муассасалари бош директорлари, АҚШ, Франция, Италия, Британия, Швейцариянинг ИҲТдаги махсус вакиллари ҳамда БМТ, ЙХҲТ, Араб давлатлари лигаси, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) ва бошқа кўплаб ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этади.
18 октябрда ўз ишини бошлайдиган сессия доирасида ТИВКнинг амалдаги раиси Қувайт Давлати ўз раислик ваколатини расман Ўзбекистонга топширади. Шу пайтдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг ташқи ишлар вазири мазкур органнинг 2017 йилдаги навбатдаги сессияга қадар ИҲТ ТИВКнинг раиси функцияларини амалга оширади.
Ялпи мажлисда сессия қатнашчилари давлатлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш, тинчликни мустаҳкамлаш соҳасидаги ИҲТ олдида турган умумий вазифаларни ҳал қилиш ҳамда сиёсий, иқтисодий, илмий, таълим, маданий ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини ҳам муҳокама қиладилар.
Сессия якунига кўра қабул қилинадиган асосий ҳужжат Тошкент декларацияси ҳисобланади. Мазкур ҳужжат ИҲТ кун тартибидаги асосий сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар масалаларни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг мазкур ташкилот ТИВКдаги бўлажак раислигининг устувор йўналишларини ўз ичига олади.