Жаҳоннинг энг баланд осмонўпар бинолари
Kingdom Tower лойиҳаси, Саудия Арабистони
Саудия Арабистони «Қироллик минораси» (Kingdom Tower)нинг қурилишини молиялаштирадиган бўлди, дея хабар бермоқда The Telegraph. Қурилиши якунига етганидан сўнг, у баландлиги бир километрдан ортиқ бўлган жаҳондаги энг баланд бинога айланади, деб ёзади «РИА Новости».
Жиддадан 32 километр шимолда бунёд этиладиган Kingdom Tower минораси қурилишига Саудия Арабистони ҳукумати 1,2 миллиард доллар сармоя киритади. Қуриб битказилганидан сўнг, у Дубайдаги «Бурж Халифа» минорасидан 200 метрга ўзиб, инсон қўли билан яратилган энг баланд иншоотга айланади.
Бурж Халифа, Дубай, БАА
Дубайдаги баландлиги 828 метр бўлган «Бурж Халифа» («Халифа минораси») ҳозирги кунда жаҳондаги энг осмонўпар бино ҳисобланади. Қурилиш ишлари давомида унинг баландлиги мунтазам сир тутилган — бошқа биров бундан-да баланд бино қуриб қўймаслиги учун.
Осмонўпар бинолар, Шанхай, Хитой
Баландлиги бўйича «Бурж Халифа»дан кейинги ўринни Шанхайнинг Lujiazui бизнес-туманида жойлашган Shanghai Tower осмонўпар биноси эгаллаган. 632 метрлик бинонинг ташқи томони битган, ичкарида эса қурилиш ишлари давом этмоқда. Очилиши 2015 йил охирига режалаштирилган.
Абраж ал-Байт — Маккадаги баланд бинолар мажмуаси. У оғирлиги бўйича жаҳондаги энг катта бино, баландлиги бўйича эса «Бурж Халифа» ва Шанхай минорасидан кейин учинчи ўринда туради. Абраж ал-Байтнинг баландлиги 601 метрга тенг.
Пинан халқаро молия маркази, Хитой
Хитойнинг Гуандун вилояти, Шэньчжэнь шаҳрида баландлиги 600 метр, 115 қаватдан иборат иншоотни ҳам ўз ичига олган бинолар мажмуаси — Пинан халқаро молия маркази қурилмоқда.
Жаҳон савдо маркази, Нью-Йорк, АҚШ
Жаҳон савдо маркази-1 ёки Озодлик минораси — қуйи Манхеттенда қурилаётган янги Жаҳон савдо маркази мажмуасининг марказий иншооти ҳисобланади. У баландлиги бўйича Ғарбий яримшардаги энг баланд, жаҳон бўйича эса тўртинчи бино ҳисобланади. Қурилиши 2013 йил 10 май куни якунига етган миноранинг баландлиги 541 метрга тенг.
Тайбей 101, Тайвань
Тайбей 101 — Тайвань пойтахтида жойлашган, 101 қаватдан иборат, баландлиги 509,2 метр бўлган бу бинода жаҳондаги энг тез лифтлар ишлайди — бешинчи қаватдан томоша майдончаси жойлашган 89-қаватга атиги 39 сонияда чиқиш мумкин.
Халқаро тижорат маркази, Гонгконг
Гонгконг шаҳрининг Коулун тумани ғарбий қисмида 2010 йили 118 қаватдан иборат, баландлиги 484 метр бўлган Халқаро тижорат маркази қурилган эди.
Petronas миноралари, Куала-Лумпур, Малайзия
Petronas миноралари — Малайзия пойтахти Куала-Лумпурдаги баландилиги 451,9 метр, 88 қаватдан иборат эгизак осмонўпар бинолардир.