Гўштни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш ҳам соғликка, ҳам чўнтакка зарар
Гўштни қачон, қандай ва қанча истеъмол қилиш керак?
Соғлом овқатланишга риоя қилувчилар орасида гўшт истеъмол қилиш тартиби доим муҳокамаларга сабаб бўлиб келган. Кимлардир гўштда оқсил борлиги учун кўп истеъмол қилиниши лозим деса, яна кимлардир уни ҳазм бўлиш жараёнидаги зарарли таъсирлар туфайли чеклашга ҳаракат қилишади. Аслида қандай бўлиши керак? Бу ҳақида қуйидаги маълумотлар сўзлайди:
гўштда мавжуд бўлган оқсил тана аъзоларига фойдали. Бироқ меъёридан ортиқ истеъмол қилинса, унинг фойдасига нисбатан зарари кўпаяди;
оқсилни фақат гўштдан излаш хато. Сабаби, биологик оқсиллар тухум, сут, балиқ, товуқ гўшти, гуруч, буғдой каби маҳсулотларда ва меваларда кўп миқдорда бўлади;
гўштдаги оқсилга бўлган талабнинг ўрнини тухум, парранда гўшти ва балиқ истеъмол қилиш орқали ўзгартириш мумкин. Бу бир вақтнинг ўзида ортиқча вазн муаммосини ҳал қилишга ҳам ёрдам беради;
гўшт истеъмол қилишни ҳафтада бир ёки икки мартага камайтириш керак. Тадқиқотлар ўта қизил ва лаҳм гўштни кўп ейишни саратон хавфининг ошиши билан боғлайди;
иложи борича нонуштада гўштли маҳсулотлардан воз кечиш ва тухум истеъмол қилиш анчагина фойдали.
гўштни хона шароитида пиширганда ёғдан фойдаланиш тавсия этилмайди.
Бу қўшимча калорияга сабаб бўлади;
танадаги оқсилга бўлган эҳтиёжни ёнғоқ, дуккакли маҳсулотлар ва сабзавотларга бой таомларни истеъмол қилиш орқали ҳам қондириш мумкин. Бу кечки тановвулда гўшт ейишдан кўра фойдалироқ ва енгил ҳазм бўлиш хусусиятига эга.
гўштдан воз кеча олмайдиган қатлам уни сабзавотлар билан биргаликда истеъмол қилса ортиқча калориялар парчаланади ва зарар камаяди.