Чойнинг кутилмаган фойдаси аниқланди
Ғарбий Австралия университети олимларининг аниқлашича, кунига бир чашка чой ичиш ёки бир ҳовуч мева истеъмол қилиш юрак қон-томир касалликлари хавфини камайтиради. Бу ҳақда Live Science нашри хабар бермоқда.
Мутахассислар ХХ асрнинг 90-йилларида бошланган Danish Diet, Cancer and Health Study узоқ муддатли тадқиқотда иштирок этган 53 минг киши ҳақидаги маълумотни таҳлил қилишди. Кўнгиллилар озиқ-овқат анкетасини тўлдиришди, унда улар қандай маҳсулотларни истеъмол қилишгани ва буни қанчалик тез-тез амалга оширишганини кўрсатишди. Синовда қатнашганларнинг саломатлиги 23 йил давомида кузатилган. Ушбу муддат тугаганидан сўнг, 12 минг иштирокчида юрак ишида камчиликлар аниқланди.
Маълум бўлишича, кунига тахминан 500 миллиграмм флавоноидлар истеъмол қилган кўнгиллиларда юрак ишемик касаллиги, инсульт ва артериялар периферияси хасталигининг ривожланиш хавфи анча паст бўлган. Шу билан бирга, яллиғланишга қарши хусусиятларга эга бўлган флавоноидларнинг керакли миқдори бир чашка чой, черника ҳамда бошқа маҳсулотларда мавжуд. Бироқ чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиш фойдали таъсирга эришиш учун зарур бўлган флавоноидлар миқдорини ошириб юборади.