Пезешкиён: Минтақада ҳақиқий кўп томонлама ҳамкорликка муҳтожмиз
https://parstoday.ir/uz/news/iran-i100802-Пезешкиён_Минтақада_ҳақиқий_кўп_томонлама_ҳамкорликка_муҳтожмиз
Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) давлатлари раҳбарлари саммитида Эроннинг махсус меҳмон сифатида илк бор иштирок этиши чоғида минтақада ҳақиқий кўп томонлама ҳамкорлик зарурлигини таъкидлаб, транзит, энергетика, савдо ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш учун «МДҲ+1» механизмини яратишни таклиф қилди.
(last modified 2026-10-10T04:05:22+00:00 )
октябр 10, 2026 08:32 Asia/Tashkent
  • Пезешкиён: Минтақада ҳақиқий кўп томонлама ҳамкорликка муҳтожмиз

Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) давлатлари раҳбарлари саммитида Эроннинг махсус меҳмон сифатида илк бор иштирок этиши чоғида минтақада ҳақиқий кўп томонлама ҳамкорлик зарурлигини таъкидлаб, транзит, энергетика, савдо ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш учун «МДҲ+1» механизмини яратишни таклиф қилди.

ParsToday хабар беришича, ИРНА агентлигига таяниб, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён МДҲ давлатлари раҳбарлари саммитидаги нутқида минтақамиз ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ уруш, инқироз, ташқи босим ҳамда иқтисодий ва алоқа йўналишларидаги узилишларга қарши бардошлиликка муҳтож эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, бу йўлдаги муваффақият, энг аввало, минтақа салоҳиятларини ўзаро боғлашга боғлиқ.

Пезешкиён: «Умумий манфаатларимиз йўналишлар ўртасидаги рақобатда эмас, балки уларни бир-бирига боғлашдадир», — деди.

У Марказий Осиё учун Эрон Ислом Республикаси шунчаки ҳамкор эмас, балки Марказий Осиё ва Евроосиёни очиқ денгизларга боғлайдиган табиий йўл эканини таъкидлади. Эроннинг Форс кўрфази ва Уммон денгизидаги жанубий портлари, айниқса, Чобаҳор порти минтақани Жанубий Осиё, Африка ва кейинчалик Европа билан боғлаши мумкинлигини айтди.

Эрон Президенти Эрон Ислом Республикаси ўзини минтақанинг ўзаро боғланган географик маконининг табиий бир қисми деб билишини таъкидлаб, бу алоқалар нафақат географик хусусиятга эга экани, балки тарих, маданият, цивилизация ва халқлар ўртасидаги ришталарга ҳам бориб тақалишини қўшимча қилди.

Шу асосда Эрон Ислом Республикаси «Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги + Эрон» ёки «МДҲ+1» форматини мулоқот ва ҳамкорлик учун мослашувчан ҳамда самарали механизм сифатида ташкил этишни таклиф қилди. Бу механизм орқали транзит, энергетика, савдо, кончилик, сармоя, технология, сув ва атроф-муҳит, туризм, шунингдек, илмий ва маданий алоқалар соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш мумкин.

Пезешкиён бугунги кунда мамлакатлар фақат яккаланиш ёки қарамлик ўртасида танлов қилишга мажбур эмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳар бир мамлакат ўз мустақиллиги ва миллий танловларини сақлаб қолган ҳолда умумий географик маконнинг афзалликларидан фойдалана олиши учун давлатлар ўз салоҳиятларини бир-бири билан боғлаши керак.

«Биз узилиш ўрнига боғланишни, толиқтирувчи рақобат ўрнига ҳамкорликни, бир томонлама қарамлик ўрнига ўзаро боғлиқликни, таҳдидга асосланган хавфсизлик ўрнига эса ишонч ва умумий манфаатларга асосланган хавфсизликни истаймиз», — деди Эрон Президенти.

МДҲ мамлакатлари Евроосиё ҳамкорлигини кенгайтиришни қўллаб-қувватламоқда