Эрон ва Ўзбекистон футбол клублари Осиё чемпионлари лигасида майдонга тушади
«Локомотив» Эроннинг «Истиқлол» клубига қарши ўйинда иштирок этиш учун ҳам чартер рейсга буюртма берди
Тошкентнинг «Локомотив» футбол клуби 13 март куни Осиё Чемпионлар лигасининг 3-турида майдонга тушади. Рақиб Эроннинг «Истиқлол» клуби.
Душанба куни Тошкент вақти билан 20:30 да старт оладиган беллашувда иштирок этиш учун «темирйўлчилар» Теҳрон сафарига якшанба куни эрталаб — 10:00 да парвоз қилди. «Локомотив» бунинг учун чартер рейс буюртма берган. Аввалроқ Ўзбекистон чемпиони «Ат-Таавун»га қарши ўйин учун Саудия парвозига ҳам чартер рейс буюртма берганди.
«Истиқлол»га қарши учрашув Теҳрондаги машҳур «Озодий» стадионида бўлиб ўтади. Айни вақтда ҳар икки клуб ҳисобида 3 тадан очко бор.
«Локомотив» Саудияда 0:1 ҳисобида енгилиб, ўз майдонида Амирликларнинг «Ал-Аҳли» клубини 2:0 ҳисобида таслим қилганди. «Истиқлол» эса сафарда «Ал-Аҳли»га 1:2 ҳисобида имкониятни бой берган. 2-турда «Ат-Таавун»дан устун келган — 3:0. Тўплар нисбатига кўра форс клуби «Локомотив»дан яхшироқ натижа қайд этиб турибди.