Мавлоно Жалолиддин Румий
Асли Ўрта Осиёлик бўлган шайх Мавлоно Жалолиддин Румий Балх шаҳрида Муҳаммад Баҳоуддин Валад хонадонида туғилган.
Асли Ўрта Осиёлик бўлган шайх Мавлоно Жалолиддин Румий Балх шаҳрида Муҳаммад Баҳоуддин Валад хонадонида туғилган. Жалолиддин ёшлик чоғидаёқ отаси билан мўғул истилоси туфайли Кўниёга кетиб қолишга мажбур бўлган. Умрининг охирига қадар шу шаҳарда мударрислик қилган, кичик Осиёни ватан тутгани учун Румий тахаллусини олган. Жалолиддиннинг онаси эса хоразмлик саййидалардан, яъни шажарада, у Муҳаммад Пайғамбарга боғланар, яна кимсан – Хоразмшоҳнинг қизи бўлган.
Жалолиддин Румийнинг тасаввуф оламига кириб келиши Шайх Фаридиддин Атторнинг башорати билан бўлганини Ҳусомиддин Чалабийдан тортиб, Давлатшоҳ Самарқандийгача бир овоздан тасдиқлайдилар. Румий тариқат йўлини тутиб, шоир Саид Бурҳониддинга шогирд тушади, сўнг қаландар сўфий Шамсиддин Муҳаммад Табризий билан дўстлашиб, уни ўз пири деб эълон қилади. Табризий уч йил Румийга дарс беради: фалсафа, ақоид, хусусан, сўфийлик таълимотини ўргатади.
Румийнинг илмий-адабий мероси форс тилида ёзилган бўлиб, унинг шеърий асарлари, асосан, "Девони кабир" («Улуғ девон»)га жамланган. Девонда ғазал, рубоий ва маснавий шаклларида ёзилган уч мингдан ортиқ шеърлар бор.
Илмий-фалсафий мероси олти дафтардан иборат "Маснавийи маънавий" асаридан ўрин олган, ушбу исломий-тасаввуфий мажмуани "Форсий Қуръон" деб ҳам аташган. Бу асар қарийб 10 йил давомида ёзилган бўлиб, Мавлоно вафотидан тўрт йил аввал 1269 йилда ёзиб тамомланган, 27 минг байтдан иборат маснавий шаклида ёзилган. Қуръони карим ва ҳадиси шариф маъноларини ўзига сингдирган, инсон ҳаёти билан боғлиқ барча масалалар бадиий йўсинда баён этилган 6 жилд (дафтар)дан иборат асарнинг дастлабки қисмларини адибнинг шогирди Ҳисомиддин Чалабий устози оғзидан ёзиб олиб, таҳлилдан ўтказган. Қуръони карим оятларининг 70 фоизи моҳиятини ўзида мужассамлаштирган, 270 дан зиёд ҳикояларни, юзлаб панду ҳикматларни ўз ичига олган бу китоб ўз вақтида ва кейинчалик ҳам ёзувчи номининг дунёга кенг тарқалишига сабаб бўлган. Чунки Румий маснавийда ўзигача бўлган Шарқу Ғарб донишмандларининг фалсафий қарашларини, исломий фарзларини содда бир услубда, шеърий йўл билан бадиий ифодалаган.
Жалолиддин Румийнинг буюклиги яна шундаки, у исломнинг улуғ шоири ва мутафаккири бўлгани ҳолда барча мазҳаблар ва динлардан юқори кўтарила олди, бани башарни бирлаштирувчи ягона илоҳий ғояларни олға суриб, кишиларни бир-бирига яқинлаштирувчи эътиқод ва иймон, ишқ ва сиғиниш, поклик ва тавбадан сўз очди.