Мавлоно Жалолиддин Румий "Маснавийи Маънавий" асари
(last modified Tue, 25 Dec 2018 13:05:49 GMT )
декабр 25, 2018 18:05 Asia/Tashkent
  • Мавлоно Жалолиддин Румий
    Мавлоно Жалолиддин Румий

Илмий-фалсафий мероси олти дафтардан иборат "Маснавийи маънавий" асаридан ўрин олган, ушбу исломий-тасаввуфий мажмуани "Форсий Қуръон" деб ҳам аташган.

Image Caption

Асли ўртаосиёлик бўлган шайх Мавлоно жалолиддин Румий Балх шаҳрида Муҳаммад Баҳоуддин Валад хонадонида туғилган. Жалолиддин ёшлик чоғидаёқ отаси билан мўғул истилоси туфайли Кўниёга кетиб қолишга мажбур бўлган. Умрининг охирига қадар шу шаҳарда мударрислик қилган, Кичик Осиёни ватан тутгани учун Румий тахаллусини олган.

Жалолиддин Румийнинг Қуниядаги мақбараси

Румийнинг илмий-адабий мероси форс тилида ёзилган бўлиб, унинг шеърий асарлари, асосан, "Девони кабир" («Улуғ девон»)га жамланган. Девонда ғазал, рубоий ва маснавий шаклларида ёзилган уч мингдан ортиқ шеърлар бор.

Илмий-фалсафий мероси олти дафтардан иборат "Маснавийи маънавий" асаридан ўрин олган, ушбу исломий-тасаввуфий мажмуани "Форсий Қуръон" деб ҳам аташган. Бу асар қарийб 10 йил давомида ёзилган бўлиб, Мавлоно вафотидан тўрт йил аввал 1269 йилда ёзиб тамомланган. 27 минг байтдан иборат маснавий шаклида ёзилган бу асарни олимлар дидактик достон (Е.Э. Бертельс), ҳамосий (эпик) шеърлар мажмуаси (Т.Пурномдориён), ирфоний китоб (Р.Никольсон), тасаввуф қомуси (А.Шиммел) каби сифатлар билан аташган.«Маснавийи шариф»нинг қатор шарҳлари мавжуд. Асар мушарриҳларидан Обиддин Пошо шарҳлари машҳур.

Image Caption

         МАСНАВИЙИ МАЪНАВИЙ

                           Дебоча

Тингла найдин, чун ҳикоят айлагай,

Айрилиқлардин шикоят айлагай.

Мен қамиш эрдим, кесиб келтирдилар,

Нола чексам, эл ҳама оҳ урдилар...

Чок-чок этсин шу кўксимни фироқ,

Сўйлагаймен шарҳи дарди иштиёқ.

Ким йироқ тушса, йўқотса аслини,

Ул яна излар ҳаёти васлини.

Даврлар кўрдим неча нолон бўлиб,

Жуфти бадҳолону хушҳолон бўлиб.

Ҳар кишиким бўлди бир дам ёр менга,

Билмади ёрдир нечук асрор менга.

Сиррим эрмас нола-оҳимдан йироқ,

Гарчи нур кўзу қароғимдан йироқ.

Танга жону жонга тан мастур эмас,

Жон кўринмас кимсага, дастур эмас.

Ўт эрур найнинг навоси, ел эмас,

Кимда ўт йўқдир, йўқолсин, эл эмас.

Найни ёндирган ўшал ишқ оташи,

Майни ёндирган ўшал ишқ оташи.

Ёрдин айрилганга най ёрдир, не бок,

Пардаси пардамни этмиш чок-чок...

Най каби бир заҳру таёқ қайда бор?

Най каби дамсозу муштоқ қайда бор?

Қонли йўллардин ҳикоят айлагай,

Не эмиш савдойи Мажнун сўйлагай,

Бўйла ҳушдир, маҳрами беҳуш, бас,

Муштари унга қулоқдин бошқамас...

Кунларим тун қаърига жо бўлдилар,

Ўртанишлар менга ҳамроҳ бўлдилар.

Ўша кунлар, гўга, майли, бок йўқ,

Сен омон бўл, эйки, сендек пок йўқ.

Ким балиқ эрмас у қонгай сувга, чун,

Кимга кун йўқ, кунлари йилдек узун.

Пухтанинг ҳолини ҳеч билгайму хос?

Мухтасар этгин сўзингни, вассалом1.

Бандни ечгил, ечгил озод, эй ўғил,

Гарчи бандинг сийму зардир, қўймагил.

Кўзига жо бўлғуси денгиз, бале,

Бир кунинг ул кўзага сиғмас вале.

Кимки очкўз, кўзаси нур бўлмагай,

Тўлмагунча то садаф дур бўлмагай.

Ишқ ила кимнинг яқоси чок эрур,

Ҳирсдин озоду айбдин пок эрур.

Эй, омон бўл, ишқ – ажиб савдоимиз,

Эй, табиби ҳозиқу доноимиз.

Ҳар даъвои зоҳиру ботин ўзинг,

Бизга Жонилус ва Афлотун ўзинг.

Ишқ ила тан сойири афлок эмиш,

Рақс этиб тоғлар, кўринг чолок эмиш.

Ишқ – Тур тоғига жондир, ошиқо,

Тур масту харро Мусо соиқо...2

Лабларига етсам ул дамсозни,

Най каби мен сочгай эрдим розни.

Кимки бўлгай ҳамзабонидин жудо,

Безабондир, гарчи дилда юз наво.

Чунки гул кетса, гулистон қолмагай,

Сўнгра булбул бирла достон қолмагай.

Жумла маъшуқ эрмиш, ошиқ пардалик,

Зинда маъшуқ эрмишу ошиқ – ўлик.

Кимда йўқдир ишққа бир парво магар,

Ул қанотсиз қуш эрур, беболу пар.

Хуш нечук бўлғай, қарорим бўлмаса,

Қўллагувчи нури ёрим бўлмаса.

Иш истарки, бу сўзни зикр этай,

Ойинам ғамбози йўқ эрса, нетай.

Ойинанг бордир, нечун ғаммоз йўқ?

Анда занг бўлса, руҳи мумтоз йўқ.

Тинглангиз, дўстлар, мен айтай достон,

Филҳақиқат ҳолимиз бўлгай аён.

 

Баққол ва унинг тўтиси ҳақида ҳикоят

Бор эди баққол, унинг бир тўтиси,

Сабзаранг ҳам сўзга моҳир тўтиси.

Ул дўкон ичра нигаҳбони дўкон,

Сўз қотарди савдогарларга равон,

Сўз қотаркан, ўйлаким, нотиқ эди,

Тўтилар ичра ажиб ҳозиқ эди.

Боқмайин учганда сўлу соғини,

Тўкди бир гал ағдариб гул ёғини.

Қайтди бир пайт уйга кетган хўжаси,

Õўжаваш ўлтирди бир дам хўжаси.

Кўрди ул, ёғ эрди чун ҳар ён тугал,

Урди тўти бошига, ул бўлди кал.

Неча кундир сўзламоқни қилди бас,

Õўжаси чекди надоматлиқ нафас.

Ул соқол юлқиб, деди: эвоҳ, дариғ,

Неъматимни мен увол этдим аниқ.

Хушзабоним бошига ургунча то,

Қўлларим синсайди, эрмасми раво.

Ёрдами теккайми деб бул ишга,

Ҳадялар берди неча дарвишга.

Кечди уч кун, ул эса ҳайрону зор,

Ўлтирар эрди дўконда интизор.

Турфа-турфа нарсаларни кўрсатиб,

Аврар эрди қушни, сўз қотгайми деб.

Ўтди бир дарвешки, ул жавлаққа3 хос,

Бошида йўқ эрди бир тук, худди тос.

Тилга кирди қуш уни кўрган замон,

Кўз солиб дарвешга деди: эй фалон.

Не гуноҳ қилдингки, бошинг бўлди кал,

Ёки сен ҳам ёғни тўккансен магар?

Эшитиб, кулди халойиқ, эй, на хуш,

Жавлақийни ўзига ўхшатди қóø.

Сен азизларни ўзингдек билмагин,

Гарчи ўхшашдир ёзувда “шер”у “шир“.

Жумла олам шул сабаб гумроҳ эрур,

Кам киши Ҳақ аҳлидин огоҳ эрур.

Баъзилар ўзни набийман, дер холос,

Авлиёни ўзига айлар қиёс.

Дер: улар эрса башар, биз ҳам башар,

Биз-да нон ермиз, улар-да нон ошар...

Ваҳ, улар кўрдирки, кўрмас ҳå÷ қачон,

Ўртада бордир тафовут ончунон...

Арилар ҳам турфадирким, ҳар маҳал,

Қай бири оҳу, бири йиғқай асал.

Икки оҳу бир гиёҳ ер, сарҳисоб,

Биттасидин — гўнг, биридин — мушки ноб.

Ул қамишлар бир ариқдин сув ичар,

Биттаси — бўм-бўш, бириси — найшакар.

Боғки, ўхшаш жону жонзотдир басе,

Ўртада фарқу тафовутдир басе.

Ул еса, ундан нажосатдир жудо,

Бул еса, бундан нуқул нури Худо.

Ул еса, келгай фақат бухлу4 ҳасад,

Бу еса, бўлғай фақат ишқи Аҳад.

Бул замин аъло, ану шўрдир сўник,

Бул фаришта, ул еса девдир хунук.

Икки сув боққанда бир сувратлидир,

Бул шириндир, ул эса — аччиқ, тахир.

Тотли сув, шўр сув деярлар отини,

Соҳиби завқлар билурлар тотини.

Жодуни мўъжизага айлаб қиёс,

Ҳам уларга хийлани англаб асос.

Сеҳргарларгаким, асо олгач Мусо,

Қўлларига олдилар бир-бир асо.

Ул асодин бу асонинг фарқи бор,

Ул амалдин бул амалдир устувор.

Ул амалдин лаънатуллоҳу жафо,

Бул амалдин роҳматуллоҳу вафо.

Аҳли кофир таъбидир маймун таъби,

Қилса бир иш, айлагай маймун каби.

Ҳар не мардум айлагай, ул ҳам қилур,

Қилганин мардум ишига тенг билур.

Бошқалар қилганни қилдим, дейди у,

Фарқини билмас вале истезар ўқ.

Сидқ эмас, кўз-кўз учундир қилгани,

Бошига тупроқ сочингиз бўйлани.

Гар мунофиқ бош эгиб, этгай намоз,

Хийладир ул этгани, эрмас ниёз.

Ул мунофиқ рўзаву ҳажу закот

Бобида айлар магар мўъминни мот.

Аҳли мўъмин оқибатда шод эрур,

Ул мунофиқ охиратда мот эрур.

Иккиси-да бир ўйин ўйнар, бироқ,

Марву Ройдек бир-биридин кўп йироқ.

Ҳар бири боргай мақоми сўйига,

Ўз мақоми, балки номи сўйига.

Ул бири “мўъмин” дейилса, хуш эрур,

Бул “мунофиқ” сўзидин оташ эрур.

Ул бирининг исми маҳбуб зотидин,

Бул бирининг номи паст бедодидин.

Миму вов, мим, нунда гар ташриф йўқ5,

Лафзи мўъминдек вале таъриф йўқ.

Чун “мунофиқ” сўзи айтилган замон,

Санчилур кўнгилга, чаққандай чаён.

Гар десанг, ул дўзахимас, оти бор,

Бас, нечун унда жаҳаннам тоти бор.

Ном агар ўксук эса, ҳарфдин эмас,

Сув агар аччиқ эса, зарфдин6 эмас.

Ҳарф — идиш, маъно — идишда сув ҳамон,

Баҳри маъно ҳам китоб ичра ниҳон.

Баҳри талх, баҳри ширин ҳам мавжланур,

Лек қўшилмас, бир биридан ажралур.

Лекин уларнинг асли бирдир, аслига,

Иккисин топшир-да, тушма қасдига.

Ул асл олтинмидир ё сохтакор,

Бемаҳал бўлгайму сенга ошкор?

Тангри ҳар жон ичра қўймиш бир маҳҳак,

То яқинни билгай ул бешубҳа-шак.

Гар киши оғзига ногоҳ кирса хас,

То у хасни олмагунча тинчимас.

Мингта луқма ичра бир чўп тушса гар,

Одамий ул чўпни дарҳол ҳис этар.

Ҳисси дунё шул жаҳонга нарвон,

Ҳисси диний осмонга нарвон.

Ул бирига дору дармону табиб,

Бул бирига дору дармондир ҳабиб.

Соғ эрур ул ҳис, танинг бўстон бўлиб,

Соғ бўлур бул ҳис, танинг вайрон бўлиб.

Жон йўли жисмингни гар барбод этар,

Сўнгра ул вайронни ҳам обод этар.

Ганжу зар деб уйни бузгайлар, бироқ,

Ганж сарфлаб, уй қурурлар яхшироқ.

Сувни боғларлар ариқ қазган замон,

Чун ариқ шай бўлса, сув оққай равон.

Терини шилдинг магар, олдинг тикан,

Ул ярога тери келгай янгидан.

Қалъа вайрондир қамалга келса дуч,

Ёв қувилгач, тикланур девору бурж.

Ҳақ ишидир бул, нечун деб ким сўрар,

Бул сўзким ҳам бир заруратдин магар.

Гоҳ чунон кўрсатгай ул, гоҳ инчунин,

Баски, ҳайрондир боқиб бу ишга дин.

Äўст юзин бурганга ҳайрон эрмас ул,

Äўстга ҳайрон, дўсти бирлан маст ул.

Ул бирининг дўстга ўгирилмиш юзи,

Бул бирида дўсту маҳбуб орази.

Сен разм сол икки юзга, эт қиёс,

Балки бўлгайсен бу ишда рўшинос.

Жумла иблислар-да одам юзли, бас,

Ҳар кишига қўл бериш ҳам яхшимас.

Овчи чорлар қушчани ҳуштак чалиб,

Қушча келгай бул товушга алданиб.

Ўхшатар ҳуштакни қушнинг бонгига,

Шул йўсин тушгай у сайёд домига.

Яхшилардин сўз ўқирлар марди дун7,

Ўзгага ўз молидек сотмоқ учун.

Мард иши равшанлигу мардоналик,

Ҳийладир номард иши, бегоналик.

Ёпинур шер терисини тулкилар,

Бу Мусаллам отини Аҳмад қўяр.

Бул Мусаллам номи гар каззоб эрур,

Ул Муҳаммад улувал албоб8 эрур.

Ҳақ шароби қóéқасидир мушкиноб,

Боданинг ости тахир, ичмоқ азоб...

 

Ёрлиқ