Қирғизистон президенти Ўзбекистон бош вазири ўринбосарини қабул қилди
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев 18 январда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза ишлари мажмуаси раҳбари Адҳам Икромовни қабул қилди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашув давомида Атамбоевга Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари делегациялари томонидан қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалаларида фикрлар бўйича келишиб олиш юзасидан ўтказилаётган биргаликдаги иш ҳақида маълумот берилди. Бу ишни жадаллаштириш ҳақидаги келишув Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари учрашуви якунларига кўра эришилганди.
Учрашувда шунингдек қирғиз-ўзбек ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Атамбоев Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш бўйича чораларнинг икки томондан қўллаб-қувватланишига ижобий баҳо берди.
Учрашувда шунингдек Қирғизистон бош вазири ўринбосари Жениш Разаков ҳам иштирок этган.