Тожикистон Роғун ГЭСини Помирнинг "уйқудаги аждаҳоси" намунасида қурмоқчи
Тожикистон Роғун ГЭСини Сарез кўли намунасида қуришини маълум қилди. "Уйқудаги аждар" сифатида тилга олинадиган Сарез кўли табиий офат натижасида пайдо бўлган
ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Роғун гидроэлектр станцияси Сарез кўли намунасида қурилади, деб айтди Тожикистон Фавқулодда вазиятлар ва инсон муҳофазаси қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Рустам Шохиён.
Шохиённинг сўзларига кўра, Сарез кўлининг табиий тўғони шундай тузилган-ки, ҳар бир ер силкинишидан сўнг, у тобора мустаҳкамланиб боради ва ҳатто 9 балли зилзилага дош бериши мумкин.Қурувчилар ушбу ноёб хусусиятни Нурек ГЭСи қурилишида инобатга олишган экан. Эндиликда, ушбу тажрибадан Роғун ГЭСи тўғонини қурилишида фойдаланилади, деб хабар қилган Спутник Тожикистон. Вахш дарёси ўзани 2016 йил октябр ойида тўсилган эди. Тўғон қурилиши бошланишида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг шахсан ўзи иштирок этган, ва ҳатто, булдозер рули қаршисига ўтириб, 1,5 соат давомида қурувчилар билан теппа-тенг ишлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, Сарез кўли халқ орасида Помирнинг уйқудаги аждаҳоси сифатида машҳур. Тоғ кўли 1911 йили юз берган 7 балли вайронакор зилзила оқибатида пайдо бўлган. Кўл ўрнида бўлган уч қишлоқ аҳолиси нобуд бўлган. Қишлоқлардан бирининг номи билан кўл ҳам Сарез деб атала бошлаган.
Аксарият тадқиқотчиларнинг фикрича, кўл нафақат шу атрофда жойлашган аҳоли пунктлари, балки қўшни давлатлар учун ҳам катта хавф туғдиради. Чунки, кўл вайрон бўладиган тақдирда, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Афғонистон ва Туркманистон ҳудудлари сув остида қолади. Сарез юқори сейсмик зонада жойлашган ва агар кучли силкиниш юз берса, миллиардлаб тонна тоғ жисмлари кўлга қулаши мумкин. Бунинг натижасида сув, тош ва лойдан иборат оқим пайдо бўлиши у қисқа муддат ичида Орол денгизигача бўлган ҳудудларни вайрон қилиб ташлаши мумкин.Аммо Тожикистон Фавқулодда вазиятлар ва инсон муҳофазаси қўмитаси Сарез кўли туфайли хавфсираш керак эмаслиги ҳақида такрорлаб келади. Қўмита ахборотига кўра, кўлдаги сув сатҳи устидан куну-тун назорат олиб борилади.