Қирғизистонда экстремистик жиноятлар учун қамалган шахслар сони 3 бараварга ошди
Қирғизистонда 2009 йилдан бери террорчилик ва экстремистик жиноятлар учун қамалган шахслар сони 3 бараварга ошди.
Бу ҳақда, “Қирғизистонда БМТ тизими” матбуот хизмати маълумотларига кўра, “Қамоқхоналарда зўравонликнинг радикаллашувини олдини олиш” мавзусидаги экспертлик муҳокамасида маълум қилинган.
Кун.ўз сайтига кўра, бугунги кунда террорчилик ва экстремистик йўналишдаги жиноятларни содир этган 180 нафар шахс ёпиқ типдаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланмоқда. Бунда озодликдан маҳрум этилганлар сонининг ўсаётгани давлат идоралари ва халқаро институтларнинг ташвишига сабаб бўлмоқда”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Қирғизистон жиноий-ижро тизимига ахлоқ тузатиш муассасаларида экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш бўйича керакли ёрдам кўрсатиш мақсадида Япония ҳукумати БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича Бошқармасига молиявий кўмак тақдим этди.