«Интерпол»нинг Тожикистон ИИВдаги икки нафар лавозимли мулозими ҳибсга олинган
(last modified Wed, 11 Oct 2017 07:49:24 GMT )
октябр 11, 2017 12:49 Asia/Tashkent
  • Тожикистон ИИВ
    Тожикистон ИИВ

Тожикистон давлат молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш бўйича агентлиги «Интерпол»нинг республика ИИВдаги икки нафар юқори лавозимли мулозими ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

Кун.ўз сайтига кўра, коррупцияга қарши кураш маҳкамаси матбуот марказининг хабар беришича, Тожикистон ИИВнинг «Интерпол» халқаро қидирув бўлими бошлиғи, милиция подполковниги Алоҳиддин Камолов ва ушбу бўлимнинг ўта муҳим ишлар бўйича катта тезкор ходими Жовид Ваҳобов пора олишда гумонланиб ушланди.

Россия Федерация Тергов қўмитасининг Бошқирдистондаги бошқармаси Тожикистондаги «Интерпол» бюросига қотилликда гумон қилинган тожикистонлик фуқароларга нисбатан жиноий иш бўйича «А» ва «Б» гувоҳларни сўроқ қилишда ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилди.

Жорий йилнинг август ойи охирида Тожикистон ИИВ «Интерпол» бюроси халқаро қидирув бўлими бошлиғи А.Камолов Ж.Ваҳобов билан олдиндан тил бириктириб, фуқаро «А»дан уни ишга гумонланувчи эмас, балки гувоҳ сифатида жалб этиш учун 15 минг сомоний миқдорида маблағ талаб қилган.

Талаб қилинган пулнинг 5 минг сомоний миқдордаги биринчи қисмини гумонланувчилар Жовид Ваҳобовнинг иш кабинетида олишган ҳамда фуқаро «А»дан қолган 10 минг сомонийни олиб келишни сўрашган, деб хабар бермоқда Авеста.

Ёрлиқ