Ўзбекистонда Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилади ва у Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида жойлаштирилади. Бу ҳақда Кун уз сайти хабар берди.
Белгилаб қўйилишича:
Марказ юридик шахс мақомига эга бўлган давлат таълим муассасаси ҳисобланади ва бу ерда олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурлари бўйича кадрлар тайёрланади, шунингдек, қайта тайёрланиб малакаси оширилади, Марказ Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида ғазна ҳисобварақларига, миллий ва хорижий валютада банк ҳисобварақларига эга бўлади;
Марказда Афғонистон томони буюртманомаларига мувофиқ гуманитар, педагогика ва муҳандис-техник таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига зарурат бўлганда, таълим йўналишларига Афғонистон томони буюртманомаларига биноан ўзгартириш ва қўшимчалар киритишига рухсат берилди.
Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ўзаро келишилган олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурларига мувофиқ малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш;
ижодий, байналмилал, бағрикенглик таълими муҳитини шакллантириш;
педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, педагогика технологиялари ва ўқитиш услубларини такомиллаштириш;
Ўзбекистон Республикасининг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва тегишли тармоқ идоралари ҳамда ташкилотлари билан муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.
Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказини ташкил этиш бўйича ташкилий комиссия таркиби 1 -иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирига зарурат бўлганда, Марказ тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.
Белгиланишича:
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Афғонистон томони билан келишган ҳолда, Марказ фаолиятига ўқув-услубий раҳбарликни амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Афғонистон томони билан келишув асосида Марказ белгилайдиган тартиб ҳамда муддатларда ўқувчилар ва талабалар ўқишга қабул қилинади ҳамда битирувчилар аттестациядан ўтказилади;
Марказда ўқитиш Ўзбекистон Республикаси таълим тизимида қабул қилинган нормаларга, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ кундузги ҳамда сиртқи таълим шакллари бўйича амалга оширилади.
Марказ ходимларига олий таълим муассасалари филиалларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори ва шартлари татбиқ этилади;
Марказга республика таълим муассасаларидан ўқитувчилар ва мутахассислар меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари асосида жалб этилади;
республика таълим муассасаларидан жалб этиладиган ўқитувчиларнинг Марказга келиб-кетиши ва яшаши билан боғлиқ харажатлар Марказ томонидан қопланади.