Тожикистон Ўзбекистондан газ харид қилади, бироқ аҳоли уни олмайди
(last modified Tue, 21 Nov 2017 06:05:25 GMT )
ноябр 21, 2017 11:05 Asia/Tashkent
  • Тожикистон Ўзбекистондан газ харид қилади, бироқ аҳоли уни олмайди
    Тожикистон Ўзбекистондан газ харид қилади, бироқ аҳоли уни олмайди

Тожикистон келаси йил бошидан Ўзбекистондан беш йил муқаддам тўхтатиб қўйилган табиий газ харидини тиклашни режалаштирмоқда. Тегишли оғзаки келишувларга эришиб бўлинган, айни дамда Тожикистон газ тақсимловчи компанияси мамлакат саноат корхоналарининг эҳтиёжини аниқлаштирмоқда, шундан сўнг бу ҳақда аниқ гапириш мумкин бўлади, деб хабар қилмоқда Азия Плюс.

«Тожиктрансгаз» ва «Ўзтрансгаз» ўртасида табиий газ етказиб беришни тиклаш бўйича музокараларнинг биринчи босқичи бир ой аввал Термизда энергетик ҳамкорлик бўйича тожик-ўзбек мулоқоти доирасида бўлиб ўтди. Ўшанда «газ масаласи»дан ташқари, Марказий Осиёнинг ягона энергетик тизимини тиклаш ва ўзаро электр энергияси етказиб бериш ҳақида гап борган.

Ноябрь бошида эса икки давлат газ тақсимловчи компаниялари вакиллари Тошкентда учрашиб, Тожикистонга ўзбек газининг етказиб бериш нархлари ҳамда ҳажмларини муҳокама қилишди.

«Тожиктрансгаз» музокаралар бўйича маълумотни очиқлашни истамаяпти, улар журналистлар ўз мақолалари билан жараёнга халақит қилишларидан хавфсирамоқда. Компания ички инфратузилма ҳолатига аниқлик киритмаган, шунингдек, ўзбек газини оладиган эҳтимолий истеъмолчиларни ҳам айтмаган. Газ тақсимловчи корхонага яқин бўлган манбаларнинг иддао этишича, аҳолини импорт гази билан таъминлаш ҳозирда умуман кўриб чиқилаётгани йўқ. «Аҳолини ўзбек гази билан таъминлаш ҳақида ҳеч ким ҳозирча ўйлаётгани йўқ. Бу яқин йилларда юз бермаса керак. Бунинг учун инфратузилмани тартибга келтириш керак, у қарийб ўн йил давомида ишлатилмади. Ахир газ билан ҳазиллашиш хавфли, кичик хатолар ҳам жуда жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бунинг устига аҳоли импорт гази учун тўловни ўз вақтида амалга ошира олиши борасида шубҳалар бор», - дея айтиб ўтган манба.

Суҳбатдошнинг таъкидлашича, айни дамда «Тожиктрансгаз» табиий газни олишдан манфаатдор бўлиши мумкин бўлган саноат корхоналари билан ишламоқда. «Тайёргарлик ва корхоналар эҳтиёжи аниқланганидан сўнг «Ўзтрансгаз»га аниқ ҳажм берилади, томонлар шунинг асосида ёқилғи қийматини мувофиқлаштириб оладилар», - дея қўшимча қилиб ўтди манба.

Кутилишича, йил охирига қадар ушбу барча масалалар бўйича келишиб олинади ва томонлар бир йиллик шартнома имзолайди, унга асосан 2018 йилнинг бошидан ўзбек гази яна Тожикистонга етказиб берилади.